Линклар

logo-print

Ҳукумат ўз фуқаролари тақдирига бефарқ қарамоқда

  • Садриддин Ашур

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:v7PPJ8T43cVoqM:http://www.stroynet.ru/pic/articles/rostov2.jpg Россияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ўлдириб кетилиши билан боғлиқ кўплаб воқеаларга қарамай, на Ўзбекистон ҳукумати, на парламенти бундан ташвиш билдираётгани йўқ.

Хусусан, шу ҳафтанинг ўзида Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистоннинг 17 ва 31 ёшли икки фуқароси ўлдирилди.

Кузатувчиларнинг айтишича, ўзбекистонликларга нисбатан бундай ҳодисалар Россияда деярли ҳар куни содир бўлиб туради. Оила боқиш илинжида мардикорликка чиққан ўзбекларнинг аччиқ қисмати на Россияда ва на ўз юртида ҳимоя қилинади.

“Бугун Россия ҳудудида меҳнат муҳожирлари аҳволи ниҳоятда танглашиб боряпти. Чунки ҳозирги кунда уларни ишлатиб, кейин пулини бермаслик нормал ҳолатга айланди. Россия ҳукумати бу ҳолатни ижобий тарафга ўзгартириш мақсадида бирор ҳаракат қилаëтгани йўқ. Тақирбошларнинг Осиё миллатига мансубларни уриб ëки ўлдирилиб кетиши ҳолати яна ҳам кўпаймоқда”,- дейди Москвада яшайдиган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев.

Унинг сўзларига кўра, шу йилнинг ўзида Россияда қирғизистонлик ўнга яқин фуқаро ўлдириб кетилди. Лекин бу ҳолатга Қирғизистон ҳукумати ва парламенти томошабин бўлиб қараб турмади. Расмий Москвага бонг урди. Ташқи ишлар вазирлиги бир қанча норозилик ноталари берди. Шунинг учун ҳам айни пайтда қирғизистонликларнинг қотиллари ушланмоқда ва жиноий жавобгарликка тортилмоқда.

Хўш, Ўзбекистон ҳукуматининг ўз фуқаролари манфаатларини ҳимоя қила туриб, Россияга бирор марта шундай норозилик билдирганини эслай оласизми?

“Йўқ. Ўзбекистон ҳукумати ҳеч қачон Россия олдига муаммоларни кўндаланг қўйгани йўқ. Бу муаммоларнинг бирор ечимини таклиф ҳам қилгани йўқ. Чунки Ўзбекистон бугунги кунда қул етказиб берувчи минтақага айланиб қолди. Ўзбекистон ҳукумати бугун Ўзбекистондан олий маълумотли ëшлар келиб Россияда мардикорлик қилаëтганини билиб турса ҳам бунга қарши ҳеч нарса қилмади”,- дейди Б.Ҳамроев.

Москванинг “Черкиз” бозорида савдо қилаётган ўзбекистонлик Худойберди исмли йигитнинг таъкидлашича, Россияда аравакашлик, ахлат тозалаш ва йиғиш каби энг оғир ишларни бажараётган ўзбекистонликларнинг Москва кўчаларида ёлғиз юриши жуда хавфли. Чунки улар рус миллатчиларининг ҳужумларига учраши мумкин.

“Тақирбошлар кечаси метрода, электричкада юради. Уларга ўзбекми, тожикми, фарқи йўқ. Уларга қора ишчи бўлса бўлди. Аллоҳнинг ўзи уларга учрашдан сақласин”,- дейди Худойберди.
XS
SM
MD
LG