Линклар

Cайловда консерваторлар ғалаба қилиши мумкин

  • Ҳасанжон

Эронда юзлаб ислоҳотчи номзодга парламент сайловида иштирок этишга рухсат берилмаганидан кейин парламентни консерватив қарашдаги сиёсатчилар қайта назоратига олиши кутилмоқда.

Парламентдаги 290 ўринга 4500 номзод даъвогарлик қилмоқда. Уларнинг аксарини консерватив қарашдагилар ташкил этади. Чунки Васийлар кенгаши 1700 нафар ислоҳотчи номзоднинг сайловда қатнашишига рухсат бермаган.

Эроннинг уранни бойитиш дастури борасида халқаро ҳамжамият билан муносабатлари таранглашган бир пайтда мамлакат раҳбарлари фуқароларни сайловда қатнашишга даъват қилиш орқали Эрон халқнинг якдил эканини намойиш қилишга уринмоқда.

“Мен келаси тўрт йилда Эроннинг келажагини ҳал этиш учун овоз беришда қатъийлик билан иштирок этиш орқали азиз халқимга ўз қадриятларини чуқур англаб етишни маслаҳат бераман”, – деди Теҳронда овоз берганидан кейин Эроннинг олий диний раҳбари оятулло Али Ҳуманаий.

Консерваторлар тарафдори бўлган Али Ҳуманаий эронликлар АҚШга қарши кайфиятдаги “Ислом дини ва адолатга содиқ бўлган” номзодларни парламент аъзоси этиб сайлаши кераклигини таъкидлади.

Эроннинг собиқ президенти Али Акбар Ҳошимий Рафсанжоний ҳам Али Ҳуманаий каби кескин баёнот берди.

“Хориждаги душманларимиз биз кучсиз парламентга эга бўлишимизни истайди. Улар сайловда кам одам қатнашишини хоҳлайди. Қайсики бу тизим ва халқ ўртасида масофа борлигини кўрсатади”, – деди собиқ президент.

Сайловда собиқ президент Муҳаммад Ҳотамийнинг Ислоҳотчилар коалицияси ва парламентнинг собиқ раиси Маҳдий Каррубий бошчилигидаги “Миллий ишонч” партияси каби икки ислоҳотчи коалиция иштирок этмоқда.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот ёшлар овоз беришда суст қатнашаётганидан норози оҳангда гапирди.

“Мен фуқароларнинг сайловда қатнашиш ёшини 15дан 18га кўтариш ҳақидаги қонун амалга тадбиқ этилмаслигини хоҳлардим. Мен бу қонун қайта кўриб чиқилишига умид қиламан. Чунки мамлакатимиз аҳолисининг аксарини ёшлар ташкил қилади. Бу мамлакат учун муҳим бўлган қарорлар калити айнан мана шу азиз ёшларимиз қўлидадир”, – деди Маҳмуд Аҳмадийнажот.

Эронда тахминан 44 миллион фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга. 2004 йилда ўтказилган сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг атиги 51 фоизи қатнашган. Ўшанда ҳам Васийлар кенгаши кўплаб ислоҳотчи номзодларга сайловда қатнашишга рухсат бермаган эди.
XS
SM
MD
LG