Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 03:29

Дума исёнкор ўлкалар масаласини кўриб чиқмоқда


Россия Давлат думасидаги лидерлар Грузиядан мустақил бўлишни хоҳлаган Абхазия ва Жанубий Осетия республикалари, шунингдек, Молдованинг Днестрбўйи ўлкаси билан дипломатик алоқа ўрнатишга чақирди.

Парламент қуйи палатаси раҳбарларидан тузилган Дума кенгаши ўзининг 13 март кунги йиғилишида шу масалани муҳокама қилди. Дума аъзоларининг бу масалани келаси ҳафта кўриб чиқиши кутилмоқда.

Давлат думасининг МДҲ масалалари қўмитаси раҳбари Алексей Островский муҳокамадан кейин: “Мен ушбу тан олинмаган уч республика ҳудудида Россия миссияларини очиш масаласини ҳукумат муҳокамасига қўйишни таклиф қилдим. Ташқи ишлар вазирлиги бунинг имкониятини ўрганиб чиқишга тайёрланмоқда. Шунингдек, биз бу республикалар билан иқтисодий ва савдо ҳамкорлик муносабатини ҳам ўзгартириш керак, деб ўйлаймиз”, – деди.

Россия раҳбарлари Сербияга қарашли Косовонинг 19 февраль куни ўз мустақиллигини эълон қилгани дунёнинг бошқа минтақаларидаги исёнкор ўлкаларга намуна бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Москва расмийлари Абхазия ва Жанубий Осетия, шунингдек, Днестрбўйи ўлкасига ҳам мустақиллик бериш кераклигини айтганди. Агар шундай бўлса, кузатувчилар фикрича, Россиянинг исёнкор Чеченистон республикаси ҳам мустақил бўлиши керак.

Дума депутати Сергей Марковнинг таъкидлашича, Москва уч ўлканинг мустақиллигини тан олиши эҳтимолдан йироқ.

“Мен бу республикалар мақоми ҳақида узил-кесил қарор қабул қилинмаслиги аниқ, деб ўйламайман. Косова бошқаларга намуна бўлиши мумкинлиги айтилди. Косова ўз мустақиллигини эълон қилгани ёки уни АҚШ, Германия ва Франция тан олгани билан аҳамиятли эмас. Бу воқеа Косова келажакда халқаро ҳамжамият томонидан кенг тан олинган, нормал мустақил давлат бўла олмаслиги билан аҳамиятга моликдир”, – деди Сергей Марков.
XS
SM
MD
LG