Линклар

logo-print

Диний эътиқоди учун қамалаётганлар сони камаймаяпти

  • Сарвар Усмон

Панжаранинг нарëғига жўнатилаëтганлар қўлидаги қасос истаги бу жараëнларни давоми бўлажагидан мужда бўлса ажаб эмас.

Панжаранинг нарëғига жўнатилаëтганлар қўлидаги қасос истаги бу жараëнларни давоми бўлажагидан мужда бўлса ажаб эмас.

АҚШ Давлат департаментининг яқинда эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистонда “конституция ва қонунларда давлат ва дин бир-биридан ажратиб қўйилганига қарамай, амалда фуқароларнинг диний фаолиятини чеклаб қўйилаяётгани” таъкидланади.

Ҳисобот тақдимотида иштирок этган АҚШ давлат котибининг демократия ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ёрдамчиси Жонатан Фаррар: “Ҳокимият масъулиятсиз ҳукмдорлар қўлида бўлган мамлакатлар инсон ҳуқуқларини мунтазам равишда бузаётганлар қаторида қолди. Булардан Шимолий Корея, Бирма, Эрон, Зимбабве, Куба, Беларус, Ўзбекистон, Эритрея ва Суданни алоҳида қайд этишимиз лозим”,- деди.

“Озодлик” мухбири Гулистон шаҳри маҳалларидан бирининг собиқ оқсоқолларидан бири билан суҳбатлашиб, Давлат департаменти берган маълумотларга ойдинлик киритишга уринди.

“Маҳалламизнинг ўзидан 3-4 та диний билими кучли бўлган ëшларни тазйиқ остига олишиб, ҳатто масжидга ҳам боришга йўл қўйишмади. Иброҳимжон домла диний масалалар бўйича билими кучли йигит. Масжидимизда ўтирган бошқа домла ўзидан билими кучли бўлган фуқароларнинг рўйхатларини тегишли давлат органларига беради. Давлат органлари кейин уларнинг уйини назоратга олиб, тазйиқ ўтказиши натижасида бу фуқаролар масжидга бормасликка мажбур бўлмоқда. Айтадиган бўлсак, гап кўп. Масалан, битта катта масжиддан фуқароларимиз шундай қўрқиб қолдики, улар бошқа кичик масжидга бориб намоз ўқияпти”,- дейди собиқ оқсоқол.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи диний мотивлар билан жиноий жавобгарликка тортилганлар устидан ўтказилаётган судловларни мунтазам кузатиб келади.

Гуруҳ раҳбари Суръат Икромовнинг таъкидлашича, диний эътиқод учун судланаётганлар сони камаймаяпти.

“Диний эътиқоди учун қамалаётган аёллар тўғрисида ҳам бизда жуда кўп маълумотлар бор. Масалан, 2007 йилда 2005 ва 2006 йилларга қараганда аëлларни қамаш тўғрисида ахборотлар кўпроқ. 2007 йилда мамлакат бўйича кўпроқ диний эътиқод бўйича судловлар Тошкент шаҳри, Тошкент, Қашқадарë, Андижон вилоятларида бўлди. Бошқа вилоятларда ҳам бундай ҳолатлар бўлди”,- деди С.Икромов.

Шуни айтиш керакки, бу маълумотлар диний мотивлар билан қамалаётганлар устидан ўтказилаётган судловларнинг тўлиқ манзараси эмас, балки суҳбатдош раҳбарлигидаги гуруҳ хабар топиб қолган суд жараёнлари тўғрисидаги маълумотлар, холос.

АҚШ Давлат департаменти жаҳон мамлакатларидаги инсон ҳуқуқларига оид йиллик ҳисоботи эълон қилинган куннинг эртасига Ўзбекистондаги “Эзгулик” жамияти ҳам ўз ҳисоботини тақдим этди. Унда ҳам Ўзбекистонда диний эркинликлар топталаётганига далил бўлувчи кўплаб фактлар келтирилган.

“Эзгулик” жамиятининг 2007 йил бўйича ҳисоботида диний эътиқод муаммолари ҳам ўрин олган. Жумладан, жазони ижро этиш муассасаларида оламдан ўтган Муҳаммедов Ботир, жуда қаттиқ қийноқларга солинган диндорлар, ҳатто улар орасида жамоатчиликка таниқли бўлган журналистлар ҳам борлиги бу ҳисоботимизда ўз аксини топган”,- дейди жамият вакили Абдураҳмон Ташанов.

Давлат департаменти ҳисоботида ҳам, “Эзгулик” ҳисоботида ҳам диний мотивлар билан қамалганлар қийноққа солинаётгани тўғрисида қатор маълумотлар берилган. Бундай маълумотларни диний эътиқоди учун қамалганларнинг яқинлари “Озодлик” билан суҳбатда ҳам ҳам айтиб берди.

“Хўжайиним Зарафшонда. 2007 йил сентябрда оëқларини уриб синдириб охири иложсиз бўлганларидан кейин қамоқхона тиббий бўлимига олиб келишган”- дейди “Ҳизб ут-таҳрир”га аъзоликда айбланиб қамалган тошкентлик йигитнинг турмуш ўртоғи.

Бу каби фактларни тақдим этганлар кўп бўлди. “Эзгулик” вакили А.Ташанов ҳам тафсилотлари ташкилот ҳисоботида келтирилган яна бир воқеани айтиб берди.

“Тошкент шаҳри жиноят ишлари суди ҳукми билан Қўқон шаҳрида яшовчи 3 фуқаро: Умар Жалилов, Шерюз Пўлатов ҳамда Қодир Мирзахонов узоқ йилга озодликдан маҳрум этилди. Тергов ҳаракатларига жалб қилиниш учун МХХ томонидан операция тадбири ўтказилаëтган пайтда Қўқондаги бинолардан бирининг тўртинчи қаватидан ерга улоқтирилиши натижасида Рамз Қўшоқов деган йигит вафот этган. Юқорида номи келтирилган йигитлар қийноқлар натижасида айбларини бўйнига олиб, ҳозир 17-18 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Воқеа шунақа бўлган: Рўза пайтида бу биродарлар ифторлик қилиб ўтирган пайтда тўсатдан ниқобланган одамлар кириб қолган. Тергов пайтида бу ниқобланган шахсларнинг ҳатто кимлиги ҳам айтилмади. Тезкор ходимларнинг айтишича, қўлга олиш пайтида Рамз Қўшоқов қўрққанидан ўзини-ўзи ташлаб юборган. Бу йигитларнинг ота-оналари сўзларига кўра, ўша пайтда қийноқлар натижасида дод-вой қила бошлагач, тезкор ходимлар Рамз Қўшоқовни тўртинчи қаватдан отиб юборган. Унинг шериклари эса Жиноят кодексининг 159 ва 244-моддалари билан айбланиб, Тошкент шаҳри суди томонидан озодликдан маҳрум қилинган. Бунақа фактлар жуда ҳам кўп”,- деди А.Ташанов.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботининг Ўзбекистонга оид қисмида мусулмонлар билан бир қаторда бошқа динлар вакилларини таъқиб қилиш 2007 йилда ҳам давом этганини далилловчи фактлар келтирилган.

Қорақалпоғистонлик Солижон Абдураҳмоновнинг айтишича, республикада бир неча йиллардан бери фаолият юритиб келаётган диний ташкилотлар ёпилган.

“Қорақалпоғистонда ëшлар орасида насронийликни қабул қилиш ўса бошлади. Бундан ташвишга тушган маҳаллий ҳокимият черковларни ëпиш ҳаракатига тушиб қолди. Бироз олдин Қўнғирот туманида битта ўқитувчи аëлни ўқувчиларга насронийлик таълимоти тўғрисида маълумотлар бергани учун суд қилишди ва жарима солишди. Мўйноқ туманида ҳам шундай ҳолатлар бўлди”,- дейди С.Абдураҳмонов.

Эшитганингиз маълумотларнинг баъзилари АҚШ Давлат департаменти жаҳон мамлакатларидаги инсон ҳуқуқларига оид йиллик ҳисоботининг Ўзбекистонга оид қисмида ўз аксини топган.

Гулистон шаҳридаги маҳаллалардан бирининг собиқ оқсоқоли эса “Ҳизб ут-таҳрир”га аъзоликда айбланган фуқароларга берилган ижобий тавсияномалар ҳам кейинчилик ҳуқуқ-тартибот идоралари хоҳишига кўра ўзгартирилаётганини билдирди.
XS
SM
MD
LG