Линклар

logo-print

Консерваторлар олдинда

  • Ҳасанжон

Жума куни Эронда ўтказилган парламент сайловида берилган овозларни санаш давом этмоқда. Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажотга иттифоқчи бўлган консерваторлар олдинда бормоқда.

Эроннинг 144 та сайлов участкасида берилган овозлар санаб бўлинганидан сўнг қаттиққўллик тарафдори бўлган консерваторлар 53 та ўрин эгаллагани маълум бўлди.

Давлат телевидениеси тарқатган маълумотга кўра, мўътадил консерваторлар парламентдаги 38 ўринни ва ислоҳотчилар 18, шунингдек, мустақил номзодлар 35 ўринни эгаллаган. Эрон парламентидаги 290 ўрин учун ўтказилган сайловда берилган овозларнинг аксар натижалари ҳозирча эълон қилингани йўқ.

Эронда сайловда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган 44 миллион фуқаро бор. 290 ўринли парламентга аъзо бўлиш учун сайловда 4500 номзод даъвогарлик қилди. Уларнинг аксарини консерватив қарашдаги сиёсатчилар ташкил этди. Эрон Ички ишлар вазирлиги сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 65 фоизи иштирок этганини билдирди. 2004 йилда ўтказилган сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг атиги 51 фоизи қатнашган эди.

Эроннинг олий диний раҳбари оятулло Али Ҳуманаий ва ҳукуматнинг юқори лавозимли бошқа расмийлари сайловда кўп одам қатнашиши мамлакат душманларига кучли зарба бўлишини таъкидлаб, фуқароларни овоз бериш жараёнида иштирок этишга чақирган эди.

Теҳрондаги “Ҳусайний Эршод” масжидида ташкил этилган сайлов участкасида овоз берган бир аёл ўз ҳайратини ифода қилиб: “Ҳаммаси ажойиб бўлди. Одамлар сайлов участкаларига келиб ўзлари хоҳлаган номзодлар учун овоз бериш ва мамлакатни бошқариш жараёнида иштирок этиш имкониятига эга эканини дунёга намойиш қила олганидан жуда бахтиёрман”, – деди.

Бироқ пойтахтдаги ҳамма овоз бериш жараёнидан мамнун бўлгани йўқ.

“Рўйхатда менга мурожаат қилган номзоднинг исми йўқ эди. Овоз бериш имкониятига эга бўлсамда, мен ўзим хоҳлаган номзодни рўйхатдан топа олмадим”, – деди Теҳронда яшовчи бошқа бир фуқаро.

“Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлиги хабарига кўра, сайловда кўп фуқаро қатнашгани расман маълум қилинган бўлса-да, Теҳронда овоз бериш учун сайлов участкасига кам одам борган.

Собиқ ислоҳотчи депутат Жалол Жалолзода жума куни “Фарда” радиосига ҳафсаласи пир бўлгани учун аксарият фуқаролар сайловда қатнашмаганини билдирди.

“Эронда (1979 йилда амалга оширилган Исломий инқилобдан бери) ўтказилаётган ушбу саккизинчи парламент сайловида, афсуски, биз аксар ислоҳотчи ва миллатчи номзодларнинг ҳокимият тепасидаги доиралар томонидан сайловда қатнашишдан мосуво қилинганини кўрдик. Натижада аксарият сайлов участкаларида ҳукмрон доираларга яқин бўлганлардан бошқа номзодларни кўрмайсиз. Бу одамлар ҳафсаласини пир қилгани учун улар сайловда қатнашмади”, – деди собиқ ислоҳотчи депутат.
XS
SM
MD
LG