Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:13

Ўзбекистон ҳукумати ваъдаларига ишонса бўладими?


Ўзбекистон расмий аxборот воситаларида хорижий инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ваъда этувчи мақолалар чоп қилина бошланди. Бу қадам хорижий сармоядорларга қаратилган мужда экани айтилаётир.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги мухбири Норгул Абдураимованинг ëзишича, мамлакатда яратилган қулай имтиëз ва преференсиялар тизими туфайли иқтисодиëтга катта миқдордаги хориж инвестицияси жалб этилган. Мамлакатда ташқи савдо айланмасининг учдан бири хорижий инвесторлар ҳиссасига тўғри келган.

Ўзбекистондаги барча расмий газеталарида босилган бу мақолада хориж сармоядорларига аталган мужда бор, дейди яқинда Ўзбекистонга сафар қилган немис таҳлилчиси Ҳайнрик Поос ва немис ҳукумати ўз сармояси ҳимоя қилинишини Оқсаройдан сўраганини билдирди.

Германиянинг Тошкентга сафар қилган нуфузли делегацияси Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан учрашиб, уларни мамлакатда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишга чақирган эди
.
“Норгул Абдураимованинг ҳукумат нуқтаи назарини ифодалаган мақоласи Германия иқтисод ва технология вазири Михаэл Глосс 26 февраль куни Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев билан учрашувида айтган “қонун устиворлиги” ҳақидаги гапларига жавобдай кўринмоқда,- дейди Ҳайнрик Поос. - Ўзбекистонда Германиянинг “Сименс”, “Мерседес-бенц”, “Зингер” каби ширкатлари бор ва улар ўзлари киритган сармоя ҳимоя қилинишини Михаэл Глосс воситачилигида Ўзбекистон ҳукуматидан сўради”.

Н.Абдураимова мақоласида ёзилишича, 2007 йилда ўзбек иқтисодиëтига киритилган сармоя ҳажми 23 фоиз ортган ва 700дан ортиқ янги корхона барпо қилинган.

Ҳайнрик Поос фикрича, бу рақамлар ижобий ўзгаришни англатмайди.

“Масалан, илгари немис ширкатлари бу ерда кўп эди. Аммо уларнинг кўпчилиги Ўзбекистонни тарк қилди. Мулозимлар орасидаги таъмагирлик, коррупция ва сансоларлик боис, немис сармоядорлари ўз маблағларини Қозоғистонга ëтқизишни маъқул кўрмоқда”,- деди Ҳ.Поос.

Немис таҳлилчиси айтган манзарани турк сармоядорлари билан боғлиқ ҳолатларда ҳам кўриш мумкин.

“Ўзбекистонда турк сармояси ҳимоя қилинган эмас. Охирги пайтда Қозоғистондаги каби Туркия ишбилармонларини қўллаб-қувватлаш йўқ.
Турк ишбилармонлари Европа доҳил бутун дунëда ўз бизнесларини амалга оширяпти. Агар шароит яратиб берилса, Ўзбекистонга саноат соҳаси бўлсин, иқтисодий ёки бошқа соҳалар бўлсин, Туркия инвестиция қилиши мумкин”,-дейди Туркиянинг собиқ давлат вазири Аҳад Андижоний.

Унинг таъкидлашича, турк ишбилармонлари Ўзбекистон ҳукумати ваъдаларига ишонмайди. Улар Қозоғистонга, Туркманистонга сармоя киритишни маъқул кўриб қолди.

Кейинги пайтда АҚШнинг “Ньюмонт майнинг” олтин қазиш ширкати, Буюк Британиянинг “Оксус” ва Жанубий Кореянинг “Кабул тектайлес” корхоналари мамлакатдан чиқариб юборилди.

Америка сармоядорлари “Кока-кола” ширкатининг Ўзбекистондаги тақдири бошига тушишидан қўрқишини айтади таҳлилчи Фарҳод Иноғомбоев.

“2001 йилнинг охирларида Мақсудийларнинг “Кока-кола”даги улуши мусодара қилиниб, давлат ҳисобига ўтиб кетгандан кейин давлат Гулноранинг буйруғи билан Мақсудийларнинг Ўзбекистондаги компанияларини, бор мол-мулкини тортиб олган. Мақсудийларнинг “Кока-кола”дан ташқари “Роз трейдинг” деган ширкати ҳам бўлган”,- дейди Ф.Иноғомбоев.

Норгул Абдураимова мақоласида 2007 йил 6 декабрда қабул қилинган қонунга кўра, хорижий инвесторлардан ўз эҳтиëжлари учун олиб кираëтган хомашëдан бож олинмаслиги хориж сармоядорларини ўзига жалб қилиши ëзилади.

Фарҳод Иноғомбоевнинг айтишича, Ўзбекистонда қонунлар эмас, балки Каримовлар оиласининг сиëсий кайфияти устивор.

“Давлат бу Гулнора Каримова. Гулнора Каримова бу давлат”,- дейди Ф.Иноғомбоев.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати ташкил этилишида иштирок этган ишбилармон Исмоил Чингиз Оқсарой истагига кўра мамлакатдан қувилган юзлаб тадбиркорлардан бири. У мамлакатга хорижий инвестиция оқиб келиши учун қонун устиворлиги ва либерал иқтисодий муҳит лозимлигини билдирди.

Ўтган ойда Германия вазири Михаэл Глосс етакчилигидаги Тошкентга келган юздан ортиқ немис тадбиркорлари истаги ҳам шундай бўлган эди.
XS
SM
MD
LG