Линклар

logo-print

МДҲ матбуоти Ўзбекистон ҳақида


Ўтган ҳафтада Ўзбекистон мавзуси жаҳондаги айрим оммавий ахборот воситалари диққатида бўлди. Газеталар кўпроқ Ўзбекистоннинг 2009 йилдан бошлаб газни жаҳон бозори нархида сотишга ҳаракат қилаётгани тўғрисида ёзди.

Бундан ташқари мавзулар ҳам ёритилди, албатта. Бишкекда нашр этилувчи нуфузли “Дело №” газетаси 2007 йилнинг 24 октябрида номаълум шахслар томонидан отиб ўлдирилган таниқли журналист Алишер Соипов иши юзасидан олиб борилаётган тергов ҳақида ёзади. Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг Алишер Соипов ўлимида исломий радикал гуруҳлар қўли бўлиши мумкин, деган баёнотини танқид қилар экан, “Дело №” бу ишда Ўзбекистон махсус хизматлари қўли бор, деган гумон ҳақиқатга яқинроқ эканини тахмин қилади.

Бу борада газета Алишер Соипов иши юзасидан Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг махсус ҳисоботига таянади. Ўзбекистон мавзусини давом этдириб, газета мана буларни ёзади:

“Норасмий йиғилишларда қирғиз чиновниклари Ўзбекистон сиёсатидан ташвиш билдиради. Уларнинг фикрича, Ислом Каримов ўз халқини куч ишлатиш ва қўрқитиш билан бошқармоқда, бу эса Марказий Осиёда исломий радикаллашувнинг асосий омили бўлаётир. Президент Бақиевнинг маслаҳатчиларидан бири эса осмонда ёнилғиси тугаб қолган ва қаерга қўнишини билмай қулаш арафасида турган самолётга ўхшатган”.

Москвада нашр этиладиган “Коммерсант” газетаси эса Ўзбекистоннинг 2009 йилдан газни жаҳон баҳосида сотиши мавзусини ёритади. Маълумки, ўтган ҳафтада Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон вакиллари Россиянинг “Газпром” раҳбарияти билан учрашиб, газ нархини жаҳон баҳоси даражасига кўтаришини маълум қилган эди.

“Коммерсант”нинг ёзишича, “Газпром” бу таклифни қабул қилишдан манфаатдордир, чунки ҳар қандай ҳолатда ҳам бундан Россия ютқазмайди.

“Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан газни бозор баҳосида сотиб олишга розилик берар экан, “Газпром” Ўрта Осиёдаги мавқеини янада мустаҳкамлаб олади. Негаки, бу давлатлардаги ҳамкор монополиялар муқобил ҳамкорларни излашдан манфаатдор бўлмай қолади. Бу эса Европа ҳамда АҚШнинг Ўрта Осиё давлатлари билан тўғридан-тўғри шартномлар тузиш имкониятини ҳам барбод қилади”, - деб ёзади “Коммерсант”.

Қозоғистоннинг “Деловая неделя” газетаси бош саҳифасини “Устюрт бўйлаб Косово шарпаси кезиб юрибди” сарлавҳали мақола эгаллаган. Бу мақолада Ўзбекистон таркибидаги Қорақалпоғистонда Косоводаги каби мустақиллик кайфиятлари бошлангани тўғрисида сўз боради.

Мақола муаллифининг ёзишича, Ўзбекистон Ғарб билан яқинлашув сиёсатини юрита бошлаган ва айни пайтда ҳозирча Россия ҳамда Хитойни ҳам хафа қилмоқчи эмас. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ўзининг Европадаги энг яқин ҳамкори, Косово мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган Германиядан фарқли ўлароқ, Сербиядан мустақиллигини эълон қилган Косово борасида расман “бир фикрга келмагани”ни билдирган. Айни пайтда ўзини “Эркин Қорақалпоғистон”, деб таништираётган партия Қорақалпоғистон мустақиллигини эълон қилиш бўйича рефрендум ўтказиш таклифини Интернет нашрларида эълон қилган.

“Бошқа томондан ҳатто мухолифатчилар ҳам “Эркин Қорақалпоғистон” ўзбек махсус хизматлари “лойиҳаси” бўлиши мумкин, деган хавотирни билдирмоқда. Бу ташкилот балки ўзининг оммавий чиқишлари билан Ўзбекистон ҳукумати мамлакат барқарорлиги хавф остида турган бир пайтда демократик сиёсат олиб бора олмаслигини оқлаши лозимдир. Бахтимизга, Қорақалпоғистон ҳозирча Косовони эслатмайди. Албатта, бу ерда муаммолар кўп, лекин оддий қорақалпоқлар агрессия билан касалланмаган, жумладан, ўзбекларга ҳам ҳеч қандай эътирози йўқ”,- деб ёзади “Деловая газета”.
XS
SM
MD
LG