Линклар

logo-print

Сиёсий дивидент илинжидаги сафар

  • Фаррух Юсуфий

http://uza.uz/ru/images/445t.jpg Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташриф билан келган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бу ерда икки давлат ўртасидаги муносабатлар ва ўзаро манфаатларга мос келувчи минтақавий масалаларни муҳокама қилади.

Ҳозирча мазкур ташриф мақсадлари ҳақидаги шу каби расмий хабарлардан бошқа маълумотлар тарқатилгани йўқ. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ҳам, БАА президенти девони ҳам бу борада ортиқча маълумот тақдим эта олмади.

Ўзбекистонлик мустақил сиёсатшунос ва собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев “Озодлик” билан суҳбатда БАА-Ўзбекистон муносабатлари шунчалик заифки, И.Каримовнинг сафарига оид айтарли гапнинг ўзи йўқлигини таъкидлади.

“Икки мамлакатнинг савдо-сотиқ алоқалар соҳасидаги имкониятлари жуда катта. Лекин бу имкониятлардан деярли фойдаланилмайди. Ўзбекистонда ўзида ишлаб чиқарган маҳсулотларни БААда сота олмайди. Чунки улар рақобатбардош эмас. Ўзбекистон бизнесменлари БАА банкларидан анчагина фойдаланади. Бундан ташқари, БАА инвестициялари Ўзбекистонга ëтқизилган, бироқ улар кўзга кўринмайди”,- деди Т.Йўлдошев.

И.Каримов ташрифидан бир неча кун аввал Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар, сармоя ва савдо вазири Элёр Ғаниев Абу-Дабида БАА расмийлари билан учрашиб, икки томонлама алоқаларни ривожлантириш масаласини муҳокама қилган.

Дубайдаги Форс кўрфази тадқиқот марказининг ўз исмини ошкор қилишни истамаган вакили сўзларига кўра, Э.Ғаниев И.Каримовнинг ташрифи чоғида Абу-Дабида икки давлат тадбиркорлари иштирокидаги бизнес форумни ташкил этиш масалаларини ҳам муҳокама қилган. Айтилишича, мазкур йиғинда Ўзбекистон президенти икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантиришга ҳаракат қилади.

Айни пайтда БААда фаолият юритаётган ўзбекистонлик тадбиркорлар И.Каримовнинг ташрифидан ўзлари учун бирор наф бўлишига умидвор бўлаётгани йўқ.

Тошкентлик Умиджон ана шундайлардан бири. У Дубайда яшаб тадбиркорлик қилади. Унинг ширкати Ўзбекистонда касодга учраган ва шунинг учун ҳозир кўпроқ Яқин Шарқ давлатлари ва Австралия билан иш қилади. Умиджон бугун Дубайда ўзбекистонлик тадбиркорлар жуда кўплигини билдирди.

“Лекин мен ва мен таниган тадбиркорлар Ўзбекистондан кўра бошқа давлатлар билан савдодан кўпроқ даромад кўради. Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги савдо айланмаси 85 миллион АҚШ долларига ҳам етмайди. Масалан, Дубайда танфурушлик қиладиган ўзбекистонлик аёлларнинг умумий даромади бундан бир неча баробар кўпроқ.Уларни танфуруш, деб эмас, “Бизнес леди” деб аташади. Улар Дубайда тўлиб ëтибди. Шахсан мен бундайлардан юзтасини биламан. Ҳаммаси ўзбек”,- дейди Умиджон.

“Форс кўрфази” тадқиқот марказининг ўз исмини ошкор қилишни истамаган таҳлилчиси сўзларига кўра, туристик хизматлар, жумладан, фоҳиша аëлларни олиб келишга Ўзбекистоннинг юқори амалдорларининг алоқаси бор.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев Ўзбекистонда мавжуд сиёсий-иқтисодий вазият шароитида икки давлат ўртасидаги савдо ва иқтисодий алоқаларнинг яқин йилларда ривожланишига умид қилмаса ҳам бўлишини айтади.

“Шу маънода бу ташриф Каримов учун сиёсий дивиденд беради, холос. Унинг БААга келишига асосий сабаб сиёсийдир. Араб мамлакатларининг биттаси бўлса ҳам унинг президентлиги легитимлигини тан оляпти. Энди у иложи борича бошқа мамлакатларга боришга ҳам ҳаракат қилади. И.Каримов сафарларга катта делегация билан чиқади. У тузган алоқаларидан келадиган фойда 5 йилда ҳам бундай сафарлар сарф-харажатларини қопламайди. Яъни Ислом Каримов чет давлатларга “самарасиз” ташриф буюриш методини қўллайди”,- деди Т.Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG