Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:20

Халқ айбдорларни топди


Ахси туманида ўтказилган халқ суди Қирғизистоннинг амалдаги ва собиқ президентлари Қурманбек Бақиев ва Асқар Ақаевни Ахси фожеаларининг асосий айбдорлари, деб топди.

Ахсидаги халқ судида Қирғизистоннинг турли шаҳар ва қишлоқларидан 500дан ортиқроқ вакил иштирок этди. Халқ суди ва қораловчилар ҳайъати эса мамлакатнинг таниқли ҳуқуқ ҳимоячиларидан иборат бўлди. Халқ суди гувоҳлар, қораловчи ва оқловчиларнинг далил-исботларини эшитиб ҳукм чиқарди.

“Қирғиз Республикаси президенти Ақаев Асқар Ақаевич, ўша пайтдаги бош вазирБақиев Қурманбек Солиевич мамлакат ва давлат бошлиқлари сифатида, Конституциянинг кафолати сифатида фуқаролар ҳуқуқини бузишда айбдор топилиб, Ахси туманидаги норозилик намойиши иштирокчиларига қарши ўқ отилишининг асосий ҳамда тўғридан тўғри айбдорлари ҳисоблансин”,- деб ҳукмни ўқиб берди суд ҳайъати аъзоси Мукар Чўлпонбоев.

Қирғизистон парламенти Бош прокуратурага бу иш бўйича 42 нафар давлат амалдорига нисбатан жиноят иши очишни таклиф қилган эди. Бу рўйхатда ҳозирги президент Қурманбек Бақиев номи ҳам бор. Қирғиз газеталари 2007 йилнинг ёзида 2002 йилда бош вазир лавозимида бўлган Қ.Бақиев Ахсидаги норозиларга қарши “Тайфун” амалиётини қўллаш тўғрисидаги буйруқни имзолагани борасидаги ҳужжатларни эълон қилган эди. Бироқ бош прокурор Элмурза Сотиболдиев Ахси фожеаси юзасидан жиноят иши билан танишгани ва амалдаги президентни айблашга далиллар йўқлигини айтганди. Қ.Бақиев ҳам Ахси фожеасида ўзини айбсиз ҳисоблашини ҳамда норозиларга қарши ўқ отишга буйруқ берганлар топилишидан манфаатдор эканини билдирганди.

“Мен Азибек Бекназаров бош прокурор лавозимига тайинланганида ундан тезроқ бу ишнинг уддасидан чиқишни сўрагандим. Мен бош прокурорнинг энг асосий вазифаси Ахси фожеаси айбдорларини топшидир, деб кўрсатма берганман. Бироқ Бекназаров олти ой бош прокурор лавозимида ишлаб, жиноят ишини охирига еткизмади”,- деган эди Қ.Бақиев.

Ўз айбсизлигини исботлашга ҳаракат қилаётган Қ.Бақиевнинг норозиларга қарши куч ишлатиш назарда тутилган “Тайфун” амалиётини қўллаш тўғрисидаги буйруқда имзоси қандай пайдо бўлиб қолгани ҳақида қирғиз жамиятига аниқроқ тушунтириш ҳам берилгани йўқ.

Қирғизистон Адлия вазирлиги эса Ахсида ўтказилган халқ суди мамлакат қонунчилиги меъёрларига жавоб бермаслигини билдирди.

“Давлатнинг ўз суд тизими бор. Бу суд тизимидан ташқари ҳеч кимнинг суд қилишга ҳаққи йўқ. Халқ суди ҳукми, албатта, маълум қатламда норозилик туғдиради. Бироқ бу ҳукм юзасидан норозилик қайси судда кўриб чиқилади? Шунинг учун ҳамма нарса қонун доирасида бўлгани яхши”,- деди адлия вазири Марат Қаипов.

Қирғизистонлик таниқли сиёсатчи Топчибек Турғуналиевнинг фикрича, Ахсида халқ суди ташкил этишдан мақсад айбдорлар устидан юридик ҳукм чиқаришда эмас.

“Халқ суди давлат суди каби қамоққа ҳукм қила олмайди. Лекин бу суд жамоатчилик фикрни шакллантиради ва Ахси фожеасининг асосий айбдорлари кимлар эди, деган саволга жавоб беради”,- деди Т.Турғуналиев.

Мустақил кузатувчиларнинг таъкидлашича, Ахси фожеаси айбдорларининг олти йилдан бери жазоланмай келаётгани халқда ҳукумат тизимларига бўлган ишончи сўндирган. Бундан ташқари, Ахси фожеаси атрофидаги зиддиятлар айрим пайтларда Қирғизистон ҳукуматини сиёсий бўҳронлар ёқасига ҳам олиб келган. Халқ судининг ўтказилиши қирғиз жамиятидаги бундай зиддиятларга нуқта қўяди. Негаки, Ахси тумани аҳолиси халқ суди қароридан қониқиш ҳосил қилиб, ҳукуматга Ахси фожеаси юзасидан очилган барча расмий жиноят ишларини тўхтатиш илтимоси билан мурожаат қилган.

“Биз халқ суди кўмагида Ахси фожеасида ҳукуматнинг айби борлигини исботлаб бердик. Бу тарих саҳифаларига ёзилади. Шунинг ўзи энг олий ҳукмдир”, - деди халқ суди қораловчилари ҳайъати аъзоси Сартбой Жайчибеков.

Айтиб ўтиш лозимки, Ахсидаги халқ судига 2002 йил фожеаси айбдори, деб гумон қилинаётган 42 давлат амалдори, жумладан, президент Қ.Бақиев ҳам таклиф қилинган эди. Бироқ халқ судига чақирилганлардан фақат бир киши - Жалолобод вилояти собиқ губернатори ва парламент депутати Султон Ўрманаев келган. С.Ўрманаев бир ҳафта олдин Бишкек гарнизони ҳарбий суди томонидан Ахси фожеаси айбдори сифатида шартли равишда беш йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.
XS
SM
MD
LG