Линклар

logo-print

Қувайт Ўзбекистонга 12,285 миллион доллар қарз беришга қарор қилди


Фаридун Қувайтнинг Тошкентдаги элчихонаси тарқатган хабарларга кўра, Қувайт араб иқтисодий тараққиёти жамғармаси (ҚАИТЖ) директорлар кенгаши Ўзбекистон кардиожарроҳлик марказини тиклаш ва жиҳозлаш учун 12 миллион 285 минг АҚШ доллари миқдорида қарз беришга қарор қилган.

Мазкур кредит 2004 йилнинг январь ойида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Қувайтга қилган сафари чоғида имзоланган ҳамкорлик меморандуми асосида берилади. Ушбу ҳужжат республика ҳукумати ва ҚАИТЖ ўртасида имзоланганди.

Унга кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг 9 лойиҳасига жами 215 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз бериш кўзда тутилган бўлиб, лойиҳалар, жумладан, сув ва энергия таъминоти ҳамда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга доирдир.

2004 йилнинг сентябрь ойида Қувайт жамғармаси Жиззах ва Сирдарё вилоятларида суғориш тармоқлари ва дренаж тизимларини тиклаш лойиҳаларига 1 миллион доллар ажратишга қарор қилганди. Бундан ташқари, 2005 йил жамғарма раҳбарларидан бири Х. Ал-Вақоян Ўзбекистонга сафар уюштириб, Тўқимачи-Ангрен темирйўл бўлагини электрлаштиришга 20 миллион 100 минг доллар бериш ҳақидаги хужжатни имзолаганди.

Шу сафар чоғида Ўзбекистон мулозимлари қувайтлик меҳмонни яна 20 миллион 500 минг доллар миқдорида қарз беришга кўндиришганди. Бу маблағни улар республикадаги 171 туманнинг шошилинч тиббий марказларини қайта таъмирлаш ва жиҳозлашга ишлатамиз, деб ваъда беришган.

Умуман олганда, Ислом Каримов ҳукумати 2010 йилгача араб молия ташкилотларидан жами 1,6 миллиард доллар қарз олишни режалаштириб қўйган. Бу пулларни ҳукумат кимё ва металлургия саноати, қишлоқ хўжалиги ва электр энергетикаси, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва коммунал хўжалик, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига оид 26 лойиҳани амалга ошириш учун олишмоқчи.

Қувайт араб иқтисодий тараққиёти жамғармаси 1961 йилда ташкил қилинган бўлиб, ушбу мамлакатнинг энг йирик молия муассасасидир. Шу кунгача жамғарма жами 631 лойиҳага 11 миллиард доллардан ортиқ миқдорда кредит берган. Ундан ҳаммаси бўлиб, 99 давлат қарз олган, шулардан 16 таси араб, 40 таси Африка, 33 таси Осиё ва Европа ҳамда 10 таси Лотин Америкаси давлатларидир.
XS
SM
MD
LG