Линклар

logo-print

“Эзгулик” сиёсий маҳбусларга эътибор қаратилишини истайди

  • Садриддин Ашур

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Ўзбекистонда фаолиятини қайта бошлаётган Халқаро қизил хоч қўмитаси мамлакат қамоқхоналаридаги кузатувни сиёсий маҳбуслардан бошлаши кераклигини таъкидлади.

Ташкилот тарқатган баёнотда айтилишича, сиёсий ва диний мотивлар билан қамалган маҳбусларнинг аҳволи, айниқса, ниҳоятда оғир.

“Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятованинг “Озодлик” радиосига айтишича, бугунги кунда Ўзбекистон қамоқхоналарида сиёсий қарашлари учун сохта айбловлар билан жазо камераларида ўтирган мухолифат фаоллари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар жуда кўпчилик.

“Бугунги кунда қўлимизга қамоқхоналарда айнан инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига, сиëсий қарашлари ва диний эътиқоди учун қамалганларга муносабат ўзгармаëтгани тўғрисида жуда кўп маълумотлар келмоқда. Қамоқхоналарда аҳвол жуда оғир. Бунга 2007 йил ëзи давомида 47/64, 29/64, 48-қамоқхоналардан ўнлаб ўлик келиши, маҳбуслар ота-оналари, қариндош-уруғларининг шикоят аризалари билан келиши далилдир”,- деди В.Иноятова.

Мана шундай бир пайтда Ўзбекистон қамоқхоналарига Халқаро қизил хоч қўмитаси вакиллари киритилишига рухсат берилиши кейинги пайтларда Европа Иттифоқи ва Ғарб билан яқинлашув асносида бироз юмшаётган вазиятдан дарак беришини айтади Васила Иноятова.

“Бундан ташқари, ЕХҲТнинг баъзи ваколатлари борки, улар қамоқхоналарга бориши мумкин. Яна баъзи бир давлатларнинг вакиллари ҳам, элчихона вакиллари ҳам у ерга бориши мумкин. Шунинг учун қамоқхоналарга бориши мумкин бўлган барча халқаро ташкилотлар вакиллари, албатта, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар, сиëсий қарашлари ва диний эътиқоди учун қамалганларнинг ҳолидан хабар олиши, уларга нисбатан қийноқлар қўлланилаëтгани ëки қўлланилмаëтгани тўғрисида ҳаққоний хулоса чиқариш учун улар билан учрашиб суҳбатда бўлиши керак”,- деди В.Иноятова.

Унинг сўзларига кўра, модомики Халқаро қизил хоч қўмитасига Ўзбекистон ҳукумати жазони ижро этиш муассасаларга киришга рухсат берар экан, ташкилот танишувни айни пайтда жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган сиёсий маҳбуслардан бошлаши лозим.

“Эзгулик” баёнотида қамоқда бўлган 14 кишининг исми келтирилган.

Булар:

1. Исроил Холдоров, “Эрк” демократик партияси фаоли.

2. Абдурасул Худойназаров, “Эзгулик” жамиятининг Ангрен шаҳри бўлими раиси. УЯ 64/21

3. Мамаражаб Назаров, “Эзгулик” жамиятининг Зарбдор тумани бўлими раиси.

4. Дилмурод Муҳиддинов, “Эзгулик” жамияти Марҳамат тумани бўлими раиси. УЯ 64/29

5. Аъзам Фармонов, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими раиси. УЯ 64/71

6. Алишер Кароматов, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими фаоли. УЯ 64/71

7. Мўътабар Тожибоева, “Ўтюраклар” клуби раҳбари, УЯ 64/7

9. Санжар Умаров, “Серқуёш Ўзбекистон” коалицияси раҳбари, УЯ 64/47

10. Насим Исоқов, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлими фаоли.

11. Норбой Холжигитов, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Самарқанд вилояти Иштихон тумани бўлими раиси, УЯ 64/49

12. Мурод Жўраев, Ўзбекистон Олий Мажлисининг собиқ депутати

13. Мамадали Маҳмудов, ёзувчи. УЯ 64/71

14. Ғайрат Михлибоев, журналист. УЯ 64/29

Хўш, нега баёнотда фақат 14 кишининг номи бор?

“Бу 14 киши аҳволи оғирлигини ҳисобга олган ҳолда зудлик билан ҳолидан хабар олиниши кераклиги учун баëнотимизга биринчилардан бўлиб киритилган. Аслида бу ташкилот қамоқхоналарда диний эътиқоди ва сиëсий қарашлари учун қамалган барча маҳбуслар ҳолидан хабар олса, нур устига аъло нур бўлар эди. Лекин бу 14 кишининг аҳволи жуда ҳам оғир”,- деди В.Иноятова.

Норасмий маълумотларга кўра, ҳозир Ўзбекистонда сиёсий мотивлар билан қамалганлар 7 минг нафардан ортиқни ташкил этади. Лекин Ўзбекистон ҳукумати иддаоси бўйича қамоқда бирорта ҳам сиёсий маҳбус йўқ.
XS
SM
MD
LG