Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:47

Ўзбекистон БАА билан хавфсизлик борасида ҳамкорлик қилади


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Бирлашган Араб Амирликлари раҳбари Халифа бин Зоид ол-Наҳаён билан Абу-Дабида ўтказган музокаралари сўнггида икки давлат ўртасида еттита ҳужжат имзоланди.

Бу ҳужжатлар иқтисодиёт, молия, инвестиция, ахборот ва технологиялар, телекоммуникация, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва туризм каби соҳаларни қамраб олган.

БААга ташрифининг иккинчи куни, яъни 18 мартда И.Каримов мамлакат вице президенти ва бош вазири Шайх Муҳаммад Бин Рашид Ал-Махтум ҳамда Дубай шаҳри ҳокими билан учрашди.

“Бугун Ўзбекистон президенти шайх Саиф билан учрашди. Улар БАА собиқ президенти Шайх Зоиднинг қабрини бирга зиёрат қилди. Улар икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилди”, – деди БАА ички ишлар вазири идораси расмийси майор Фаваз Халил.

И.Каримовнинг БААга ташрифи чоғида унга вазирлар ва юқори лавозимли давлат амалдорларидан иборат делегация ҳамроҳлик қилмоқда. Улар орасида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятов ҳам бор.
17 март куни БАА ички ишлар вазири Шайх Саиф бин Зоид ол-Наҳаён билан учрашган. Р.Иноятовнинг амирлик раҳбарлари билан учрашуви чоғида икки давлат хавфсизлик идоралари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласи муҳокама қилинди.

“У Шайх Саиф томонидан илиқ қаршиланди. Улар икки давлат ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ва тажриба алмашиш имкониятлари масаласини муҳокама қилди. Томонлар ўртасида англашув меморандуми имзоланди”, – деди Фаваз Халил.

МХХ раҳбари Р.Иноятовнинг таклифи билан БАА ички ишлар вазирининг яқинда Тошкентга келиши кутилмоқда.

Фаваз Халил “Озодлик” билан суҳбатда БАА хавфсизлик соҳасида Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади.

“Менимча, тажриба алмашишни режалаштириш ҳақидаги англашув меморандуми имзоланган ҳужжатлар орасида аҳамиятга молик ҳужжатдир. Чунки БААда жуда кўп ўзбеклар бор. Биз хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришдан манфаатдормиз”, – деди Фаваз Халил.
XS
SM
MD
LG