Линклар

Машрабга жазо қўшиб берилди

  • Фаррух Юсуфий

Мухолифатчи шоир Юсуф Жуманинг ўғли Машрабга қамоқ жазоси қўшиб берилган. Маълум бўлишича, прокурорнинг талаби билан қайтадан ўтказилган судлов ҳақида айбланувчининг адвокатига хабар қилинмаган.

Адвокат Руҳиддин Комиловнинг ўзи ҳам бу хабарни Машрабнинг опасидан эшитганини билдирди.

“Билишимизча, 17 январь кунги ҳукмдан кейин Қоракўл тумани прокурори жазоси енгил, деб қаршилик билдирган. Бу Бухоро вилояти жиноят ишлари судида апелляция тартибида 21 февраль куни кўриб чиқилибди. Ҳукм бекор қилиниб, иш қайтадан кўрилиши учун Жондор тумани судига юборилган экан. Мен бундан хабар топганимдан кейин ажримни олдим ва ажрим ҳамда ҳукм устидан назорат тартиби бўйича Бухоро вилояти жиноят ишлари суди раисига назорат аризаси берган эдим. Мен бундан 11-12 март кунлари хабар топиб, шикоят аризамни 14 март куни жўнатганман”,- деди Р.Комилов.

Унинг сўзларига кўра, дастлабки суд Машрабни 3 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

“Ҳозир қанча қўшиб беришганини мен билмайман. Гапнинг очиғи, бу ҳукм унга нисбатан адолатсиз. Чунки унинг ҳаракатларида 104-модда аломатлари йўқ эди. Машраб уйда хотини билан ўтирганида ташқаридан бошқа одам келиб эшикни тақиллатган. Хотини эшикни очганида ҳалиги одам унга жинсий алоқа қилишни таклиф қилган. Буни эшитган Машраб ичкаридан чиққан. Хотини унга ҳалиги одамнинг гапини айтган. Машраб ташқарига чиққан пайтида ҳалиги одам уни ҳақорат қилган. Бу ҳақоратдан кейин Машрабнинг жаҳли чиқиб, унга қарши пичоқ ишлатган ва тан жароҳати етказган. Бу ошиб борса, руҳий ҳаяжонланиш натижасида тан жароҳати етказиш ёки зарурий мудофаа бўлиши мумкин. Чунки ҳалиги эркак ичкарига кираман, сени у қиламан, бу қиламан, деб унинг дахлсизлигига тажовуз қилган”,- деди адвокат.

Айни пайтда Машрабдан ташқари отаси Юсуф Жума ва укаси ҳам қамоқда сақланмоқда.
XS
SM
MD
LG