Линклар

Насроний диндор жаримага тортилди


Наманганлик 36 ёшли Николай Зулфиқоров ўз уйида ноқонуний равишда ибодат уйи ташкил қилгани учун судланди. У насронийларнинг баптист-евангелистлар сектасига аъзоликда ва ушбу оқимни тарғиб қилишда айбланган.

“Press-uz.info” сайти маълумотига кўра, Поп туманилик Н.Зулфиқоров уйида танишлари ва ҳамқишлоқларини йиғиб, уларга баптист-евангалистлар оқимини тарғиб этган ва биргаликда Библияни мутолаа қилган. Шунингдек, Н.Зулфиқоров диний адабиётларни тарқатганликда айбланади.

Наманган вилояти жиноят ишлари суди Н.Зулфиқоровни “Дин тўғрисида”ги қонунни бузганликда айблаган. Лекин унинг фаолиятида жамиятга жиддий хавфи йўқ, деб топган.

Суд ҳукмига кўра, Н.Зулфиқоров одамларга бепул тарқатган диний адабиётлар Ўзбекистон конституциявий тузумига қарши мазмунда бўлмаган. Шунинг учун у жаримага тортилган.

Маълум бўлишича, Н.Зулфиқоров аъзо бўлган баптист-евангалистлар сектаси Фарғона вилояти адлия бошқармасида расман рўйхатга олинган.

Кузатувларга кўра, Ўзбекистонда қамалаётган ёки босим ва тазйиқларга учраётган насронийлар ҳамда бошқа дин вакиллари, асосан, тақиқланган диний адабиётларни тарқатишда айбланади.

“Бу, албатта, абсурд ҳолат. Халқаро меъёрларга кўра, ҳар бир одам хоҳлаган диний адабиётни тарқатиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистондан бошқа бирорта мамлакатда одам диний адабиёт сақлагани ва уни тарқатгани учун судланмайди”,- дейди диний эркинликлар масалаларини ёритиб борувчи “Форум 18” халқаро ташкилоти тадқиқотчиси Феликс Корли.

Нукуслик Тоҳир исмли насроний йигитнинг айтишича, Қорақалпоғистонда насронийларга таҳдидлар мунтазам давом этаётир.

“Насронийни секин-секин милицияга чақиришяпти. Суд қилиб, жарима соляпти. Қайддан ўтмагандан кейин уларнинг йиғилишларини ноқонуний, деб ҳисоблашяпти. Менга шу йилнинг бошида прокурор уйимга ҳатто қариндошларимни ҳам чақирмаслигим кераклигини айтди”,- деди Тоҳир.

Андижондаги масиҳийлар черкови пастори 38 ёшли Бахтиёр Тўйчиев эса тазйиқ ва босимлардан қочиб, Ўзбекистондан кетишга мажбур бўлганини билдирди.

“Бошқа иложим қолмади. Чунки орқамдан одамлар кузатиб юрди. Устимдан суд бошланди. 7 йил ичида бутун ҳокимият ва адлия қонимизни ичиб ташлади. Ҳибсга олишяпти, жарималар солишяпти. Прокурор Аҳмедов мени маҳалла-кўй олдида шунақа шарманда қилди энди. Нега улар менинг диний қарашимга аралашади? Сен сотқинсан, сени қамайман, дейди. Нафақат Андижонда, балки бутун Ўзбекистонда бунақа муносабатлар кўп”,- деди Б.Тўраев.
XS
SM
MD
LG