Линклар

Энди “қора саллали”си чиқдими?

  • Садриддин Ашур

Олинган сўнгги хабарларга кўра, Ўзбекистонда “қорасаллалилар”, деб аталаётган янги диний оқим пайдо бўлган. “Фарғона.ру” сайтида ёзилишича, бу янги диний оқим вакиллари фақат исломий билим бериш билан шуғулланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари ҳам бу янги оқимнинг пайдо бўлганини рад этмаяпти, лекин уларнинг фикрича, қорасаллалилар олиб бораётган тарғиботлар ҳанафий мазҳабидаги мусулмонлар учун ётдир.

Ўзбекистон мусулмонлари муфтийси ўринбосари, исломшунос олим Абдулазиз Мансур “Озодлик” радиосига бу ҳақда айтар экан, ҳақиқатан ҳам қорасаллалилар янги диний оқими мамлакат вилоят ва туманларида пайдо бўлганини тасдиқлади.

“Қорасаллалилар деб аталаëтган янги оқим Самарқанд, Қашқадарë, Сирдарë, Сурхондарë музофотларида пайдо бўлган. Хўш, бу янги диний оқимнинг бошқа оқимлардан фарқи нимада? Фарқи шундаки, улар расмий ишлаëтган имом-хатиблар, масжидлар фаолиятига қарши. Уларга қўшилмайди, иқтидо ҳам қилмайди. Улар билан бир жойда бўлиб қолса, ўзлари алоҳида намоз ўқийди. Шаръий маросимларни ҳам ўзларига аъзо бўлган кишилар иштирокида ўтказади. Бошқа кишиларни таклиф ҳам қилмайди. Қорасаллалилар нотўғри гапларни тарқатяпти. Улар тилла тиш қўйдирган имомга иқтидо қилиб бўлмайди, деб халқ ичида гап тарқатган ва намозхонларни шубҳага солган. Ваҳоланки, ҳанафий мазҳабимизда тилла тишга ҳам, кумуш тиш қўйдиришга ҳам рухсат берилган. Умуман қорасаллалилар мамлакатимиздаги анъанавий услубда фаолият кўрсатиб келаëтган масжидларимиз ва масжидларимизни имом-хатиблари, шу билан бир қаторда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатволарига ҳам салбий муносабатда бўлишар экан”,- деди Абдулазиз Мансур.

Абдулазиз Мансур жомеъ масжидларнинг имомларига бу диний оқим анъанавий ҳанафий мазҳабидаги мусулмонлар учун ётлиги ҳақида одамларга тушунтириш бериш тўғрисида кўрсатма юборилганини ҳам айтиб ўтди.

Хўш, бу янги диний оқим қаердан пайдо бўлди? Нега улар қорасаллалилар, деб айтилади? Раҳбари ким?

“Уларга кўпроқ қора салла ўраб юрадиган кишилар раҳбарлик қилгани учунми ëки ўзларини шундай, деб атайдими, ҳали биз улар билан музокаралар олиб бормадик. Келажакда режаларимиз бор. Уларнинг Исҳоқжон домла, деган раҳбари бор экан. Шу киши билан музокаралар ўтказмоқчимиз. Шунда янаям аниқ бўлади. Ҳозирча бизда тўлиқ маълумот йўқ”,- деди Абдулазиз Мансур.

Ҳозир муҳожиратда яшаётган таниқли диний уламо Обидхон қори Назаров Ўзбекистонда қорасаллалилар пайдо бўлишига муносабат билдирар экан: “Бу нарса содир бўлиши мумкин ва қандайдир кучлар томонидан тайëрланган ëки уюштирилган бўлиши мумкин, деган эҳтимоллар йўқ эмас. Аммо мен кўпроқ бу табиий равишда пайдо бўлган оқим бўлса керак, деб ўйлайман. Бу ҳолатнинг икки нуқтаси бўлиши мумкин. Биринчиси, ўша инсонларнинг Ислом илмларидан яхши хабардор эмаслиги. Чунки пайғамбаримиз ҳадисларида имом фосиқ бўлса ҳам, фожир бўлса ҳам унга иқтидо қилишни буюрганлар. Яъни мусулмонлар жамоаси бўлиниб кетмаслиги учун ўша масжид имомларига иқтидо қилиш буюрилган. Бу ислом қонунларидан. Яъни эътиқодга дахлдор қоидалардан бири. Буни бузиб бўлмайди. Улар бундан хабардор бўлса эди, бундай гапларни айтмасди. Иккинчидан, ҳозир кўпинча расмий диний ходимлар давлатнинг сиëсатидан чиқмай, давлат нима деса, сиëсат қайси томонга бошласа, динни ҳам ўша томонга йўналтириб, сиëсатга мувофиқ фатволар ишлаб чиқиш ва ҳатто динга мувофиқ келмаса ҳам Ислом манфаатларига, мусулмон манфаатларига зид келадиган ишларни ҳам тарғибот қилавергани учун ҳам халқ ичида ўшандай тоифалар пайдо бўлиши табиий”,- деди.

Сиёсатшунос ва кузатувчиларнинг айтишича, бугун Ўзбекистонда диний эътиқодлари учун қамалганлар минглаб нафарни ташкил этади. Шундай бир шароитда Ўзбекистонда янги диний оқимнинг пайдо бўлиши қанчалик мантиқли?

“Булар “Ҳизб ут-таҳрир”га ўхшаб халифалик, исломий давлат қуришга тарғибот қилмайди. Энди давлатни чўчитадиган, қўрқитадиган йўналиш бўлгани учун “Ҳизб ут-таҳрир”га бошқа қаралади. Аммо ҳозирги пайдо бўлган гуруҳлар оддий, содда гуруҳлар ва бу нарса табиий бўлиши мумкиндир”,- деди Обихон қори.
XS
SM
MD
LG