Линклар

Шукроналик қаердан?

  • Садриддин Ашур

Ўзбек яхши ва ёруғ кунлари учун ҳам, ёмон ва қоронғу кунлари учун Яратганга шукрона айтади. Пул топса ҳам шукр қилади, уни одам сифатида хўрлашса ҳам шукр қилади.

Ўзбекда ноҳақликка ва зулмга қарши сўз айтишга журъати қолмади, дейишади. Нега шундай? Бу ўзбекнинг табиатидан келиб чиққанми ёки унинг диндорлигидан?

Ўзбекнинг ҳофизи Дадахон Ҳасан буни ўзбекчиликка йўяди.

“Энди бу ҳам ўзбекчилик. Ўзбек ҳамиша ва миллион йилдан буëн шукр қилади. Шукр қилишдан бошқа иши йўқ ўзбекнинг. Сабр қилади, шукр қилади. Ҳеч қачон ўзининг истиқболи, келажаги, бахт-саодати учун ҳаракат қилмаган ва курашмаган. Агар курашганда эди, у айтарди: “Йўқ. Мен бу кунларга шукр қилмайман. Мен курашаман. Менинг ҳаëтим фаровон бўлиши керак. Озод яшашим керак”. Чунки бу халқ ҳеч қачон озодликни кўрмаган, фаровон яшамаган. Ҳамиша қул бўлиб яшаган. Қулдан қул туғилади-да! Бу жараëн давом этяпти”,- дейди Дадахон Ҳасан.

Марғилонлик тингловчи эса шукрнинг маъносини мана бундай чақади:

“Энди бу танамизга сингиб кетган. Аллоҳнинг Қуръонида бор бу нарса. Пайғамбаримиз ҳадисларида бор. Бу ота-боболаримиздан бизга ўтган. Ҳамиша шукр қиламиз. Кеча қорнимиз тўйган бўлса, бугун оч бўлган бўлса, эртага Аллоҳ ризқимизни беради, деб ўйлаймиз. Ўзбек бутун тарих давомида оғир кунларни жуда кўп кўрди”.

Филология фанлари номзоди Абдулла Абдураззоқ шукр қилишни мусулмончиликка йўймайди.

“Чунки исломда разолатга қарши исëн бор. Фақат ëлғиз Аллоҳдан қўрққин, бандасидан қўрқмагин, деб буюрилган. Ҳозир Каримовдан қўрқишнинг ўзи Аллоҳдан қўрқмасликни билдирадиган даражага етди”,- дейди олим.

Абдулла Абдураззоқ фикрича, ўзбекнинг қонида шукр қилиш хислати сўнгги 130 йил ичида шаклланди.

“Ўзимча ўйлайманки, шу 130 йиллик истило, ҳар бир исëндан кейин қанчадан-қанча зулм бўлгани оқибатида шаклланган. Сталин депрессияси бунга жуда катта ҳисса қўшган. Ким ғурурли бўлса, уларнинг боши кесиб текисланди. Бошини эгиб: “Нима бўлса бўлсин, Аллоҳга шукур”, дейдиганлар қолди яна”,- деди А.Абдураззоқ.

“Шунинг учун ҳам ўзбек доим шукр қилаверади,- дейди юқоридаги фикрларга қўшимча қилиб ҳофиз Дадахон Ҳасан. - Энди ўзбек бир парча нони бўлмаса ҳам, бошида бошпанаси бўлмаса ҳам, кўчада яшаса ҳам шукр қилаверади. Чунки ўзбек ҳали ҳаëт нималигини билмаган ва билмай ўтади. Парча нони бўлмаса ҳам осмондан нон тушса керак, деб шукр қилиб ўтираверади. Арзини Худога айтади. Нон бер бир парча, дейди. Худо ҳам сендан ҳаракат, мендан баракат, деган-ку. Халқ ҳаракат қилмаса, осмондан нон тушмайди”.

Абдулла Абдураззоқ фикрича, айнан ана шу фазилат боис, сўнгги йилларда ўзбеклардан машҳур одамлар чиқмай қолди.

“Нега биздан Чингиз Айтматовлар чиқмаяпти? Ўзбек халқи ҳам дунëга танилиши мумкин бўлган ëзувчини бера оладиган халқ. Лекин бизда босим бошқаларга қараганда кучлироқ. Шу туфайли бизда эркин фикрлайдиган одамнинг чиқишига йўл қўйилган эмас. Бу бир томчи. Бу ҳақда кўп гапириш мумкин. Бугун шунинг ҳосилини кўриб турибмиз. Бешикда ëтган боласидан бошлаб ўргатади: “Болам сиëсатга аралашмагин. Сиëсатга аралашма”, деб тарбия беради. Сиëсатга аралашмаган халқни халқ, деб бўлмайди. Бу оломон ҳисобланади. Халқ сиëсатга аралашмаяптими, халқ эмас бу. Мен шундай ҳисоблайман. Агар халқ бор бўлганда эди, сайловда Каримов ғалаба қозонмаган бўларди”,- деди А.Абдураззоқ.
XS
SM
MD
LG