Линклар

logo-print

Жиззахда ҳуқуқ ҳимоячилари доимий назоратда


Жиззахлик милиция ходимлари Тошкентга Германия а АҚШ элчихоналарига учрашувга таклиф этилган ҳуқуқ ҳимоячиси Маъмуржон Азимовнинг ғарблик дипломатлар билан учрашувига тўсқинлик қилди.

М.Азимовнинг “Озодлик”ка айтишича, эрта тонгда автовокзалга келиши билан жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бўлимлари ходимлари Жаҳонгир Исмоилов ва Акбар Пардаев томонидан ушлаб кетилган.

“Автовокзалдан мени ички ишлар бўлимига олиб боришиб, икки соат давомида сўроқ қилишди. Германия элчихонасига нега бораётганим, ким билан учрашмоқчи эканим билан қизиқишди. Керак бўлса, ҳар бир учрашуви ҳақида уларга ҳисобот беришимни, бирор жойга бормоқчи бўлсам, албатта, ИИБ бошлиғини огоҳлантиришим кераклиги талабини қўйишди. Икки соатдан кейин қўйиб юборишди. Кейин терроризмга қарши кураш бўлими ходимлари уйимга олиб келиб қўйди. Ҳозир уй қамоғидаман. Жиззах вилоятидаги барча ҳуқуқ ҳимоячилари тўлиқ назорат остига олинган”,- деди М.Азимов.

Маълум бўлишича, яқинда Тошкентда Бош прокуратура биноси олдида ўтказилган пикетда Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидан бир неча киши иштирок этган. Шундан кейин жиззахлик ҳуқуқ фаолларига босим ва тазйиқлар кучайган.

Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Саида Қурбонова ҳам уйи доимий равишда милиция ходимлари назорати остида эканини билдирди. Шунингдек, жиззахлик яна бир ҳуқуқ фаоли Зиёдулло Раззоқовга нисбатан ҳам маҳаллий милиция ходимлари томонидан кучли босимлар бўлаётгани ҳақида маълумотлар бор.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими бошлиғи Ёдгор Бегматов “Озодлик” билан суҳбатда ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан тазйиқлар мавжудлигини инкор қилди.

“Биз ҳаммамиз ҳуқуқчимиз-ку. Ҳаммамиз эркин ҳуқуқни хоҳлаймиз. Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳозиргача ИИБ бўлимига олиб келинмаган. Уларга ҳеч ким тегмаган, деб ҳисоблайман. Ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан бирор нарса қилинаётганини ҳам сезмаяпман”,- деди Ё.Бегматов.
XS
SM
MD
LG