Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:57

Қозоғистон Ўзбекистондан ўрнак оляпти...ми?


Қозоғистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳукуматнинг ўзгача фикрловчилар ва диндорларни йўқ қилишга уринаётганини қаттиқ қоралаб, бу тактикани Қозоғистон қўшни Ўзбекистондан ўрганаётганини таъкидламоқда.

Ўтган йил охири ва жорий йил бошида Қозоғистоннинг Қарағанда шаҳрида 30 ва Чимкент шаҳрида 15 диндор террорчиликда айбланган, суд жараёнига инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва айбланувчиларнинг қариндошлари киритилмаганди.

Судланганларнинг қариндошлари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари судда айбланувчиларнинг айблари тўлиқ исботланмагани ҳамда ашёвий далиллар Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан атайлаб ташлаб қўйилганини билдирмоқда.

“Уйимизни 2-3 соат давомида тинтув қилган махфий хизмат ходимлари аввал менга, кейин эса вояга етмаган икки фарзандимга қурол ўқталиб турди. Биз тинтув тугагунича шундай аҳволда турдик. Кейин улар уйимиздан қурол топилгани, қурол хоналардан бирида очиқ ҳолда турганини айтди. Ахир уйимда вояга етмаган тўртта болам бор. Наҳотки эрим қуролни болалар яшаётган уйда очиқ ҳолича ташлаб қўйса”,- дейди судланганлардан бирининг рафиқаси.

Хельсинки инсон ҳуқуқлари қўмитаси Олмаота ваколатхонаси раҳбари Нинель Фокина террорчилик ёки экстремизмга алоқадорликда айбланган кишилар устидан ўтказилаётган суд жараёнларига кўп йиллардан бери ҳуқуқ ҳимоячилари киритилмаётгани билдирди.

“Диндорларни экстремизм ва террорчиликда айблаб қамоққа ташлаш суръати ва миқдори бизни ҳайратга соляпти. Агар 2005 йилда бир-иккита шундай ҳолат кузатилган бўлса, ҳозир улар сони юзлабдир. Биз бунда жуда тезкор суръатлар билан Ўзбекистон босиб ўтган йўлдан кетмоқдамиз. Ўтган йил кузда 300 диндор террорчилик ва экстремизмда айбланиб қамоққа олинган бўлса, ҳозир улар сони 400дан ошиб кетди. Ёдингизда бўлса, Ўзбекистон ҳам диндорларни қамоққа олиш бир-икки кишидан бошлаган эди. Ҳозир эса бу ҳолат қўшни давлатда оммавий тус олган”,- деди Н.Фокина.

Айтиш жоизки, Чимкент шаҳрида бўлиб ўтган суд ишида айбланувчилар орасида ўзбекистонлик бир фуқаро ҳам бўлган. Аммо қозоғистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари фақатгина унинг исми- шарифини аниқлашга муваффақ бўлганди. Маълум бўлишича, Ўзбекистон фуқароси Журъат Юсупов Исломий жиҳод иттифоқига аъзо бўлган. Аммо у суд залида бўлмаган ва ҳукм ўқилгач ҳам у ҳақда бошқа маълумот берилмаган.

Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари Қозоғистон ва Ўзбекистондаги диндор ва ўзгача фикрловчиларнинг ҳаммаси ҳам жиноятчи ёки террорчи эмаслигини алоҳида таъкидламоқда.

Уларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати халқаро қидирувга берган диндорларнинг Қозоғистонда қўлга олиниб, яширинча юртига қайтариб юборилаётгани ва уларнинг тўлиқ исми-шарифи номаълумлигича қолаётгани инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига асл вазиятни баҳолаш имкониятини бермаётир. Бу эса айбланувчилар, хусусан, ўзбекистонлик айбланувчиларнинг кейинги тақдири қандай бўлиши номаълумлигича қолишига олиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG