Линклар

АҚШ Ўзбекистон қарорини қўллаб-қувватлади

  • Алишер Сиддиқ

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:oBDEbd6bKoGRZM:http://eh.lenin.ru/flags/7or/org/rcrc-f.gif АҚШ Халқаро қизил хоч жамияти кузатувчиларига мамлакат қамоқхоналарига киришга рухсат берган Ўзбекистон ҳукуматини олқишлади. Бу ташкилот вакиллари сўнгги 3 йил ичида илк бор Ўзбекистондаги маҳбуслар билан учрашмоқда.

АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Том Кейси Оқ уй маъмурияти Ўзбекистон ҳукуматининг сўнгги қароридан мамнун бўлганини билдирди. Давлат департаментининг бу борадаги баёнотига АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот атташеси Молли Стивенсон изоҳ берди.

“АҚШ Давлат департаменти шу ҳафтада Халқаро қизил хоч ташкилоти Ўзбекистондаги маҳбусларни зиёрат қилишни қайта йўлга қўйганини олқишлайди. Биз яқинда Ўзбекистонда айрим сиёсий маҳбусларнинг озод этилганидан ҳам мамнун бўлдик. Айни пайтда Ўзбекистон ҳукуматини мамлакатда инсон ҳуқуқларининг поймол этилишига оид хавотирларни каймайтириш учун қўшимча чора кўришга чақирамиз”,– деди Молли Стивенсон.

Халқаро қизил хоч жамиятининг Марказий Осиё минтақаси бўйича миссияси раҳбари Ив Живанони (Ives Giovannoni) ташкилот вакиллари 2004 йил декабрь ойидан буён илк бор Ўзбекистондаги маҳбуслар билан яна учрашаётганини тасдиқлади.

“Ҳамжиҳатлик бор ва Ўзбекистон қамоқхоналарда яна ишлай бошлаганимизни тасдиқлайман. Бироқ ҳозирча қамоқхоналарда нималарни кўрганимиз ва қайси қамоқхоналарни бориб кўраётганимизни айта олмайман. Биз одатдагидек, қамоқхоналардаги шарт-шароит ва маҳбусларга муносабат қандайлигини ўрганяпмиз”, – деди Ив Живанони.

Ҳозирча айрим қамоқхоналарни кўриш имконини берган бўлса ҳам Ўзбекистон ҳукумати аввалги йилларда бўлгани каби Халқаро қизил хоч ташкилотининг эркин фаолиятини анча чеклаган кўринади.

Ив Живанонининг айтишича, ташкилот ўз ишини самарали давом эттириши учун барча талаблар ҳурмат қилиниши керак.

“Биз барча жазони ўташ муассасаларига кириш ва исталган маҳбус билан яккама-якка суҳбатлашиш имкониятига эга бўлишимиз керак. Шунингдек, барча камераларни кўришимизга ва биз хоҳлаган вақтда қамоқхоналарга кириб боришимизга рухсат берилиши зарур. Чунки бирор қамоқхонага қайтиб боришга ёки бошқасида узоқроқ қолишга зарурат туғилиши мумкин”,- деди Ив Живанони.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатлашган собиқ маҳбуслардан бири Халқаро қизил хоч ташкилоти ходимлари фақатгина махсус тайёрланган маҳбуслар билан гаплаштирилганига гувоҳи бўлганини билдирди.

“Бу ташрифдан олдин биз маҳбусларга хабар етиб келди. Ортиқча гап гапирсанг изоляция қиламиз, дейишди. Шунақа қилиб қўрқитилган. Кейин улар ташриф буюрди. Уларга жуда яхши шароитлар қилиб берилди. Кичкина жойда биттама-битта ҳалиги ўз манфаатини ўйлайдиган лаганбардорларни киргиза бошлашди. Улардан нима жавоб олинади? Ҳамма жой яхши, қийноқ йўқ, деган сафсатабозлик бўлган”,- деди собиқ маҳбус.

Шунингдек, у Халқаро қизил хоч вакилларига қамоқхонадаги тазийқлар ҳақида айтгани ўзига қанчалик жабр бўлганини бутун умр эслашини айтади.

“Кейин мен буларнинг ëнига отилиб чиқдим. Менинг йўлимни тўсишган бўлса ҳам мен уларга бор гапни гапирдим. Гапимнинг ўртасида улар кетганидан кейин менга қамоқхонада тазйиқ ва босим бўлишини айтдим. 3 ой изоляторда ëтдим. Барзанги болалар мени ичкарида яхшилаб туюшди. Мени қалдирғоч шаклида қилиб кишанлашди. Бунда иккала қўл ҳам ë тепадан, ë пастдан қилиб боғланади. Мен шу тарзда 5 соат турдим. Мен у ерда ўлиб кетишим керак эди. Мен қандай қилиб тирик чиқдим ҳайронман”,- деди собиқ маҳбус.

Халқаро қизил хоч жамияти қамоқхоналардаги шароит ва маҳбусларнинг қийноққа солинаётгани борасидаги хавотирлар ниҳоятда кучли қолаётган Ўзбекистондаги фаолияти ўта аҳамиятли экани таъкидлайди. АҚШ маъмурияти Халқаро қизил хоч ташкилотига ўз фаолиятини қайта тиклашга рухсат берган Ўзбекистон ҳукуматини олқишлаётганига қарамай, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти ва хусусан, қамоқхоналардаги вазиятни ўта аянчли, деб ҳисоблайди. Айни пайтда АҚШ ва Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг Ғарб томон навбатдаги талпиниши мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини бир қадар яхшилашига умид қилаётир.
XS
SM
MD
LG