Линклар

logo-print

Ҳаёт ташвишларига қарамай, халқ байрам қиляпти

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда Наврўз байрами арафасида чегараларда ва Тошкентда хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Тунлари шаҳар марказида қуролланган милиция ходимлари қўриқчилик қилаётгани айтилмоқда.

20 март куни вилоятлар марказлари ва туманларда Наврўз байрами нишонланди. 21 март эса умумхалқ сайли, деб эълон қилинган.

“Озодлик” мухбири вилоятларга сим қоқиб, кишиларнинг байрам кайфияти билан қизиқди.

“Наврўз жуда яхши байрам,- дейди қорқалпоғистонлик Қубей оға Ортиқов. - Наврўз сиëсий байрам эмас. Бу халқнинг байрами, баҳор байрами, яхши-яхши ташвишлар қиладиган байрам. Деҳқон далага чиқадиган пайт. Мен ҳам ҳозир даладаман. Бедазоримнинг ëнидаман. Худога шукур, халқнинг кайфияти яхши. Баҳорнинг тафтини соғинган эканмиз. Энди эл қатори муаммо кўп. Ҳаëт бор, муаммо бор. Аста-секин уни ҳал қилаверамиз. Ҳал қилинмаса, норози бўлиб, тўнғиллаб-тўнғиллаб қўйиб кетаверамиз. Энг кераклиси бу хотиржамлик. Бугун Хўжайлида одамлар бир-бирини қутлаб юрибди. Ҳамманинг юзида кулгу”.

Фарғоналик суҳбатдош ҳам ҳаётнинг оғир ва енгиллигига қарамай, халқ байрам қилаётганини билдирди.

“Фарғона шаҳрида бугун эрталабдан бошлаб карнай-сурнай садолари ҳамма томонлардан эшитилиб турди. Одамларда алоҳида ўзгача кайфият бор. Мен бугун дўконга кириб, атиги бир қути туз олдим. Сотувчи қизлардан сизлар практикантмисизлар, деб сўрадим, улар йўқ деди. Мен практикантларга ўхшаб жуда зўр муомала қиляпсизлар, дедим. Тоға, бугун байрам-ку, дейишди ҳалиги қизлар. Демак, қизларнинг қилаëтган муомаласида ҳам байрам руҳи, шодлиги, кайфияти бор экан. Мен бундан жуда хурсанд бўлдим”,- дейди фарғоналик суҳбатдош.

Шунингдек, бошқа суҳбатдошлар ҳам жойларда концертлар, маҳаллаларда, ўйингоҳларда халқ сайиллари ташкил этилаётгани билдирди.
XS
SM
MD
LG