Линклар

Кимга байрам, кимга...


http://uza.uz/ru/images/451t.jpg Ўзбекистонда Наврўз байрами муносабати билан 21 март умумхалқ сайли, деб эълон қилинган. Жойларда куни билан карнай¸ сурнай садолари остида турли хил байрам тадбирлари ташкил этилди.

Хўш, ўзбекнинг кўнглига байрам сиғяпти? Ўзбек халқининг байрам кайфияти қандай?

Бухороликлар суҳбатдош бу байрамда ёшу қари бирдек қатнашаётганини билдирди

“Маҳалламизда байрам кайфияти яхши. Сумалак пишириб, дўстларини чорлаб, қишлоқ марказида тўпланиб дастурхон ëзишиб, барча бир ерга жамулжам бўлиб, хурсандлик билан ўтказишяпти. Қишдан эсон-омон чиқиб олдик. Буни энди 2-3 кун нишонлаймиз”,- деди суҳбатдош.

Қаршилик Нодир Аҳадов ҳам Қашқадарёда одамлар Наврўзни катта байрам қилаётгани, бир неча кун олдин вилоят ўйингоҳида байрам тадбирлари ўтгани, концертлар ташкил қилинганини айтди.

Наврўз муносабати билан Андижоннинг Марҳамат туманида яшовчи Муҳиддиновлар оиласи ҳам байрам дастурхони атрофига тўпланди. Улар бу галги Наврўзни ҳам Дилмуродсиз нишонлайдиган бўлди. Беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва айни пайтда Навоийдаги ҳибсхонада сақланаётган Дилмурод Муҳиддиновнинг амнистияга тушгани ва Наврўз арафаси уйига қайтиши кутилаётганди. Лекин куни-кеча ҳибсхонага бориб, Дилмурод билан учрашган яқинлари у амнистияга тушмаганини билдирди.

“Бувим олдига бориб келди. У бола ҳам фақат умид қиляпти. Энди ҳозир қизлар йиғилиб, онамизнинг олдига келиб ўтирибмиз. Ота-онамизнинг кўнглини кўтариш керак. Нима қилишга ҳам ҳайронмиз. Нимага амнистияга тушмади экан”,- дейди Дилмуроднинг яқинларидан бири.

Тошкентдаги Муродовлар оиласи ҳам Наврўзни оила бошлиғисиз нишонламоқда. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига қарашли “Постда” газетасининг собиқ бош муҳаррири, милиция капитани Шуҳрат Муродов қаллобликда айбланиб, ўн йилга қамоқ жазосига ҳукм қилингач, Ўзбекистондан қочиб кетганди. “Озодлик” у билан суҳбатлашиб, байрам кайфияти билан қизиқди..

“Ватандан йироқ бўлсанг, байрам татимайди. Ярмим барибир Ўзбекистонда. Бошга тушганини кўз кўради, дейишади-ку. Ҳаммаси Аллоҳдан энди”,- деди Ш.Муродов.

Ўзбекистонда Наврўз шодиёналари давом этаётган бир пайтда деярли барча ҳуқуқ ҳимоячилари назорат остига олингани кузатилди. Айни шу назорат боис, аксарият ҳуқуқ фаоллари кўчага чиқмасдан оила даврасида байрамни нишонлашига тўғри келди. Лекин қашқадарёлик 71 ёшли ҳуқуқ ҳимоячиси Ёдгор Турлибеков Наврўзни оила даврасида нишонлашдан маҳрумдир. Ўзига бўлган босим ва тазйиқлардан қочиб, Ўзбекистонга қўшни давлатлардан бирида яшаётган Ёдгор ака байрамни ўз яқинлари билан кутиб олишни хоҳлаганини айтади.

“Мен невараларим, ўғилларим, келинларим, оила аъзоларим олдида дастурхон ëзиб, байрамни нишонлашни жуда хоҳлар эдим. Мен бу армонимга қачон етаман? Мен бир нарсани биламанки, Ислом Каримов тахтда турар экан, мен бу армонимга ета олмайман”,- деди Ё.Турлибеков.

Кузатувчи Тўрабек Сано фикрича, бугунги кунда аксарият ўзбек оилаларида байрам кайфияти кузатилмаяпти.

“Ўзбекистондаги бугунги вазиятни диққат билан кузатадиган бўлсак¸ халқнинг аксарият қисмида байрам кайфияти йўқ. Чунки аҳолининг асосий қисмини иқтисодий ночор, кам таъминланган оилалар ташкил этади. Ўзбекистонда амалдор одамлар байрамни нишонлаши мумкин, аммо халқнинг аксарият қисмида бугун байрам кайфияти йўқ. Бу байрам ўзбек халқи учун эмас, фақат расмийлар учун”,- деди кузатувчи.
XS
SM
MD
LG