Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:12

Дума Косовони қалқон қилмоқда


Косово Сербиядан мустақиллигини эълон қилиши ортидан Россия Давлат думаси мамлакат ҳукуматини Грузиянинг айирмачи Абхазия ва Жанубий Осетия республикалари мустақиллигини тан олиш масаласини кўриб чиқишга чақирди.

Давлат думасининг 21 март кунги йиғилишида айнан шу мазмундаги резолюция қабул қилинди.

Думанинг МДҲ масалалари қўмитаси раҳбари Алексей Островский йиғилиш бошланишидан олдин: “Агар биз Грузиянинг НАТОга шошилинч аъзо бўлганини ёки ҳарбий агрессияни кўрсак, шубҳасиз, Абхазия ва Жанубий Осетия бир томонлама ўз мустақиллигини эълон қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Ишончим комилки, агар Грузия раҳбарияти томонидан шундай қадам қўйилса, Россия Федерацияси бу хатти-ҳаракатга муносиб жавоб топади ва бу республикалар мустақиллигини тан олганини эълон қилади”,- деди.

Резолюция лойиҳасида Абхазия ва Жанубий Осетияда Россиянинг дипломатик миссияларини очиш, чегарада жорий этилган чекловларини енгиллатиш ва икки республика билан иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш тавсия қилинган.

Ғарб Сербиянинг жорий йил февраль ойида ўз мустақиллигини эълон қилган Косово вилоятини мустақил давлат сифатида тан олган эди. Давлат думаси қабул қилган ҳужжатда Ғарбнинг бу қарори Россияга Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини тан олиш ҳуқуқини бергани билдирилган.

Кремль тарафдори бўлган депутатлар ташаббуси билан Дума томонидан қабул қилинган мазкур ҳужжатнинг амалда бажарилиши мажбурий эмас. Аммо бу резолюциянинг қабул қилиниши Москва расмийлари Грузиянинг икки исёнкор ўлкаси мустақиллигини тан олишга тайёрланаётгани хусусида ташвиш уйғотмоқда. Россия Абхазия ва Жанубий Осетияни дипломатик ва иқтисодий томондан қўллаб-қувватлаб келгани ҳеч кимга сир эмас.
Россия Грузиянинг НАТОга аъзо бўлишига кескин қарши бўлиб келган.

Айрим кузатувчилар фикрича, Москва расмийлари Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини тан олишга таҳдид қилиш орқали Грузиянинг НАТОга аъзо бўлишини тўхтатиб қолишга уринмоқда.
Бошқа таҳлилчилар эса Россия ўз ҳудудида, айниқса, Чеченистонда айирмачилик ҳаракатлари кучайишидан ташвишланиб, Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини тан олмайди, деган фикрда.

Грузия президенти Михаил Саакашвили НАТОга аъзо бўлиш йўлида дастлабки қадам сифатида альянснинг “Ҳаракат дастури”га қўшилиш учун ариза топширган. НАТОга аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдаги саммити 2 – 4 апрель кунлари Руминия пойтахти Бухарестда ўтади.
XS
SM
MD
LG