Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:48

Ишонмасларнинг мантихўрлиги


Қирғизистонда 2005 йилнинг 24 март куни содир бўлган “лола инқилоби” муносабати билан ўтказилган байрам тантаналари чоғида бу сана қарама-қаршиликлар куни сифатида қолаётгани яққол намоён бўлди.

24 март куни эрталаб Бишкек бош майдонига йиғилган мухолифатдаги ёшларнинг “Мен ишонмайман” ҳаракати аъзолари байрамни манти ейишдан бошлади. Манти Қирғизистон президентининг севимли таоми экани қирғизистонликларга яхши маълум. Шунинг учун мухолифатчи ёшлар катта-катта мантиларни Бишкек бош майдониниг қоқ ўртасида, ҳаммага кўз-кўз қилиб, мақтаб-мақтаб еди. Шундан сўнг улар “Мен ишонмайман” шиорини кўтариб, намойиш бошлади. Намойиш давомида мухолифатчи ёшлар президент Қурманбек Бақиевнинг сайловолди дастурини майдонга йиғилганларга тарқатди.

“Бу дастурдаги 19 моддадан фақат иккитасигина бажарилган. Қолган моддаларнинг бажарилишига биз ҳамон ишонмаймиз”,- деди ёшлар.

Бу намойиш кўп ўтмай милиция томонидан тарқатиб юборилди.

Намойиш тарқатилаётган пайтда эса Қирғиз филармониясида “Қурманбек Бақиев қирғиз инқилоби доҳийси сифатида” мавзусидаги ҳужжатли фильм намойиш этилаётган эди.

Айтиб ўтиш лозимки, бу йилги баҳор байрамлари президентсиз ўтказилди. Қ.Бақиев айни пайтда Германияда даволанаётгани учун қирғиз халқига табрикни парламент раиси Адахон Мадумаров ўқиб эшиттирди.

“Инқилобдан кейинги икки йил давомида халқ қўйган талабларнинг асосий қисми бажарилди. Бунинг учун президент Бақиевнинг иродасига тасанно айтиш лозим”,- деди парламент раиси.

Айни пайтда қирғиз жамиятида бошқача фикрлар ҳам мавжуд. Масалан, қирғиз инқилобининг ғоявий онаси, парламент депутати Роза Отунбоева ҳокимият тепасига Қ.Бақиевнинг келишига инқилоб сабабчи бўлгани учун қирғиз халқидан кечирим сўради. Инқилоб раҳбарларининг асосий қисми Қ.Бақиевни инқилоб ғояларига хиёнат қилганликда айблаб, мухолифатга ўтиб кетди.

Бунинг сабаблари ҳақида гапирган қирғиз парламентининг собиқ раиси Умурбек Текебоев: “Бугунги кунда мамлакатни ака-укалар, бола-чақалар у ёқда турсин, ҳатто неваралар, жиянлар, тоғалар, бўлалар қўшилиб бошқармоқда. Улар етишмаган соҳаларни эса президентнинг жўралари ўз назоратига олган. Бугунги кунда ҳар бир қирғизистонлик Қ.Бақиевнинг қайси қариндоши қайси соҳани бошқаришини яхши билади. Шунинг учун у ҳукумат идораларига эмас, тўғридан–тўғри президентнинг қариндошларига мурожаат қилади”,- деди.

Бироқ айрим сиёсатчилар бундай фикрга қўшилмайди.

Уларнинг айтишича, инқилобдан сўнг давлат бюжети икки баробар кўпайган. Бюжетдан маош олувчиларинниг иш ҳақлари камида тўрт баробар ошган. Қашшоқлар сони кескин камайган.

Кузатувчилар фикрича, бу Қ.Бақиев ҳокимиятининг коррупцияга қарши кескин кураш бошлагани маҳсулидир.

“Муқобил фикрлар доимо бўлган ва бўлаверади. Инқилоб қўйган талаблар бажарилдими, деган саволга жавоб беришга эса ҳали эрта. Эндигина уч йил бўлди. Менимча, Қ.Бақиев инқилобчиларнинг барча талабларини амалга оширишга мажбур бўлади. Акс ҳолда унинг сиёсий келажаги хавф остида қолади. Буни барча қирғизистонликлар яхши тушуниб турибди”,- деди таниқли сиёсатчи Бектур Асанов.
XS
SM
MD
LG