Линклар

logo-print

Ўзбекистон яна Хитой моделига ишқибоз бўлдими?

  • Абдулла Искандар

Тошкентлик русийзабон журналист Татьяна Мельникова туғилиш устидан давлат назоратини ўрнатган Хитой модели Ўзбекистонда ҳам ўрнатилиши мумкин, деган тахмин илгари сурилган мақола чоп эттирди.

Ўзбекистонда туғилишни чеклаш таклифлари ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ҳам совет аҳолишунос олимлари томонидан муҳокама қилинган ва танқидга учраган эди.

Хоразмдаги репродуктив саломатлик маркази раҳбари Лола Эрназарова Ўзбекистонда икки фарзанд кўрган аëлларни бепушт қилиб қўйиш тавсия қилинаётганини билдирди.

“Бу оиласи билан маслаҳатлашган ҳолда амалга оширилади. Агар туғишга борган аëлнинг 2 ëки 3 боласи бўлса, бунинг ўзига яраша кўрсатилган ҳолатлари бор. Яъни бунгача аëлнинг туққан фарзанди бўлиши керак. Ундан кейин оила аъзолари, яъни эри, қайнона-қайнотаси билан маслаҳатлашган ҳолда ва унинг соғлиғини эътиборга олган ҳолда ихтиëрий жарроҳлик қилади. Бу амалиёт эр-хотиннинг розилиги билан амалга оширилмоқда”,- деди Лола Эрназарова.

Унинг айтишича, ҳозир аёллар шундай йўлни тутмоқда. Бунда бачадон уруғ йўли боғлаб ташланади.

Озодлик: Бу аëл кишининг соғлиғига салбий таъсир кўрсатмайдими?

Лола Эрназарова: Йўқ, бу аëлнинг соғлиғига ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмайди. Агар бир ўғил, бир қизи бўлса ва бачадон уруғ йўлини боғлатаман деса, бу тавсия қилинади. Агар иккита қизи бўлса, бу аëл билан тушунтириш ишлари олиб борилади. Бу аëл ҳозир қизғин пайтида бачадон уруғ йўлини боғлатади ва кейин туғмайди. Балки у кейинчалик ўғил кўришни хоҳлар. Шу туфайли бу нарса аëлнинг хўжайини билан маслаҳатлашган ҳолда амалга оширилади.

Самарқандлик Феруза опа иккинчи фарзандини туққан оналар туғруқхонанинг ўзидаëқ амалиëт йўли билан бепушт қилиб қўйилаëтгани ҳақида билади.

Феруза опа: Унақаларни эшитганман.

Озодлик: Қанақа тарзда эшитгансиз?

Феруза опа: Туққандан кейин чиқишдан олдин фарзанд кўрмайдиган қилиб қўйишгани ҳақида эшитганман.

Озодлик: Бу ихтиëрий эканми ëки мажбурийми?

Феруза опа: Мажбурий бўлганини эшитмаганман, лекин шунақа қилинглар, деганини эшитганман.

Озодлик: Яъни тавсия қилишган, шундайми?

Феруза опа: Маслаҳатга ўхшаган нарса. Текин, бу нарса сизлар учун яхши бўлади ва шунга ўхшаш гаплар.

Озодлик: Туғишни камайтириш мақсадида шунақа чоралар кўрилгани яхшими?

Феруза опа: Мен болалар туғилгани яхши, деб ўйлайман. Болани камайтириш керак эмас.

Феруза опа оилани режалаштириш шарт эмас, аëллар қанча кўп туғса, шунча яхши, деб ҳисоблайди.

Хоразмдаги репродуктив саломатлик маркази гап бу ерда оилани режалаштириш ҳақида кетмаётгани, балки соғлом фарзандлар туғилиши ҳақида эканини айтади.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда туғилишни Хитой намунасига кўра назорат қилиш мақсадга мувофиқ эмас.

“Биз қанча фарзанд туғишни тавсия қила олмаймиз. Биз фақат туғиш оралиғи 3-5 йилдан кам бўлмаслигини тавсия қиламиз”,- деди Лола Эрназарова.

Лола Эрназарова ўзбек аëллари бутун оилавий ҳаëт давомида бешта фарзанд туғса, маъқул бўлишини айтади.

Тошкентлик русийзабон журналист Татьяна Мельникова мақоласида учинчи фарзанд туққан оналарга жарима солинаëтгани ҳақида иддао бор. Лола Эрназарова эса бундай маълумот асоссиз эканини билдирди.

“Ҳар бир аëл, турмуш қурган ëки қурмаган, кекса ëки ëш бўлишидан қатъи назар, ўз оиласини шакллантиришга ҳақли. Унинг бунга ҳуқуқи бор. Хоҳлаган пайтида туғади, оралиғини хоҳлаганча қилади. Биз фақат тавсия берамиз”,- деди Лола Эрназарова.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда исталмаган ҳомиладорликдан сақланиш чоралари мутлақо ихтиëрий асосга қурилган.
XS
SM
MD
LG