Линклар

logo-print

Ўзбекистонда “Ер кодекси”га ўзгартишлар киритилади

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда “Ер кодекси”га ўзгартиришлар киритилиши кутилмоқда. Айни пайтда Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқилаётган бу ўзгартишларни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси муҳокама қилади.

Янги таҳрирдаги “Ер кодекси”га киритилиши кутилаётган ўзгартишларга, жумладан, суғорилмайдиган ерлар, бинолар остидаги ерлар, участка олди ерлари ва томорқаларни хусусийлаштириш кабилар киради.

Қонунчилик палатасининг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Тўланбой Каримовнинг айтишича, бу лойиҳа ҳозир Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқилмоқда.

“Бу энди ишланяпти. Бизга ҳали келиб тушгани йўқ. Биз шу ҳақда семинар ўтказдик”,- деди Т.Каримов.

Хабарларга қараганда, Вазирлар Маҳкамаси бу ерларнинг бошланғич нархини уларнинг сифати ва ҳудудига қараб белгилаган.

1998 йилда қабул қилинган “Ер кодекси”га кўра, мамлакатда барча ер давлат мулки ҳисобланади.

Хўш, одамлар яшайдиган уйлар қурилган жойлардаги ерларни, томорқаларни хусусийлаштириш борасида таҳлилчиларнинг фикрлари қандай?

Жамиятшунос Комрон Алиевнинг айтишича, бу тарздаги хусусийлаштириш уй-жойлар ва ҳовлилар нархлари ошишига олиб келади.

“Шу айтиб ўтилган президентнинг фармонидан кейин кадастрларга кўрсатма берилди. Кадастрлар уй-жойлар нархларни қайтадан кўриб чиқди. Натижада совет даврида 2 миллион сўм қилиб белгиланган 2 хонали квартира ҳозир 12 миллион сўм қилиб белгиланди. Кадастр уй нархини шунақа белгилагандан кейин ўз-ўзидан уйларнинг бозордаги нархи ҳам ошиб кетди”,- деди К.Алиев.

Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат камбағал яшаётган одамлар учун ортиқча харажат. Шундай ҳам Тошкентда ер нархи кўтарилиб боряпти. Ҳозир 1 сотих ер 5000 доллардан 20000 долларгача баҳоланмоқда.

Таҳлилчи Абдураҳмон Ҳосиловнинг сўзларига кўра, 2006 йилда Ўзбекистон президентининг ерларни бозор нархларида хусусийлаштириш ҳақидаги фармонининг ўзида адолатсизлик бор.

“Бу қонунда одамларнинг шахсий ерлари ҳам хусусийлаштирилиши айтилган. Масалан, бобомдан қолган ерлар бор. Яъни бобом бу ерни сотиб олган. Лекин ўша даврларда бунақа ҳужжат бўлмаган. Нимага энди мен аждодларимдан қолган ерни хусусийлаштиришим керак экан? Унинг нотўғри жойлари ҳам бор. Яқин 1-2 йил ичида олинган ерларга бу қонун тўғри келади. Аммо бир хиллар Тошкентда 100 йилдан бери бир жойда яшайди. Нега у ерини хусусийлаштириши керак экан? Шу нуқтаи назардан, қонун пухта ўйланмаган. Кўп томонлари инобатга олинмаган”,- деди А.Ҳосилов.

Унинг фикрича, бугунги шароитда одамлар шундай ҳам қийналиб яшамоқда. Агар уларнинг ўз уйлари ўзларига бозор нархларида хусусийлаштириладиган бўлса, оддий аҳолига анча оғир бўлади.

“Бунинг энг ëмон томони шуки, 1 сотих ер неча пулга хусусийлаштирилиши номаълумлигича қолмоқда. Агар бу жуда қиммат бўладиган бўлса, аҳоли орасида норозилик келиб чиқиши эҳтимоли бор. Шу нуқтаи назардан, давлат катта пул белгиласа, ўзига мухолифат орттиради, деб ўйлайман”,- деди А.Ҳосилов.

Жамиятшунос Комрон Алиев эса мамлакат бюджетини ошириш учун антиқа бир таклиф киритди.

“Ҳозирги пайтда бойлар 3-4 та участкани сотиб олиб, ўша жойга катта қилиб уй қуряпти ва бу уйни 3 метрлик деворлар билан ўраб оляпти. Мана, девор солиғи киритиб, давлат бюджетини тўлдириш мумкин”,- деди К.Алиев.
XS
SM
MD
LG