Линклар

Ҳукумат халқ қурултойига тўсқинлик қилмоқда


29 март куни Қирғизистонда ўтадиган халқ қурултойида мамлакат президенти Қурманбек Бақиевнинг саломатлиги ва давлатни бошқара олиш салоҳияти муҳокама қилинади.

Қирғизистон конституциясида қонуний тузилма экани қайд этилган халқ қурултойи ҳар йили мухолифат томонидан уюштирилади.

Қирғизистон мухолифати томонидан амалдаги парламентга муқобил тарзда ташкил этилган жамоатчилик парламенти бу йилги халқ қурултойининг ташкилотчиларидан биридир.

Жамоатчилик парламенти ҳамраиси Абдуғани Эркабоевнинг билдиришича, бу йилги халқ қурултойида президент Қ.Бақиевнинг давлатни бошқара олиш салоҳияти қай даражада экани муҳокама қилинади.

Гап шундаки, президент 3 март куни Германияга даволаниш учун жўнаб кетган эди. Бироқ бу ҳақда қирғиз жамоатчилигига хабар қилинмаган. Орадан бир неча кун ўтгач, қирғиз матбуоти президентнинг яширин тарзда Германияга даволаниш учун кетгани тўғрисидаги ахброротни тарқатди. Шундан сўнггина президент маъмурияти бу ҳақда расмий ахборот тарқатишга мажбур бўлди. Расмий ахборотда президент Қ.Бақиевнинг 16 март куни Бишкека қайтиши айтилган. Кейинчалик президент 22 март куни келади, деган ахборот берилди. Сўнгги расмий маълумотга кўра, Қирғизистон президенти 28 март куни мамлакатга қайтади.

Қирғизистон президенти атрофидаги бундай ноаниқликлар қирғиз жамиятида турли миш-мишларга сабаб бўлди. Миш-мишларга кўра, президентнинг саломатлиги ўта ёмонлашган ва у мамлакатни бошқара олмайди. Расмийлар бу маълумотларни рад этмоқда. Бироқ шунга қарамай, халқ қурултойи кун тартибига президент саломатлиги масаласи киритилган. Қирғиз мухолифати айни мана шунинг учун ҳукумат қонуний ҳисобланган халқ қурултойини ўтказишга қарши чиқаётганини билдирмоқда.

“Бу қурултой ҳар қандай ҳолатда ҳам ўтказилади. Қурултойни тинч бир жамоат биносида, тўс-тўполонларсиз ўтказиш ҳаракатидамиз. Бироқ ҳукумат бунга тўсқинликлар қилмоқда. Бу тадбирни ўтказиш учун бино ажратиб беришдан бош тортаётир”,- деди Қирғизистон жамоатчилик парламенти ҳамраиси Абдуғани Эркабоев.

Қирғизистон конституциясига биноан мухолифатнинг халқ қурултойи йилда бир бора ўтказиладиган қонуний тузилма ҳисобланади. Бу қурултойда президент ва ҳукумат аъзолари ҳам иштирок этади. Халқ вакиллари қурултой давомида ҳукумат ва президентга эътирозларини билдиради, тавсия характерига эга бўлган ҳужжатларни қабул қилади.

Нега энди ҳукумат қонуний тузилма ишига тўсқинлик қилмоқда?

Қирғизистон адлия вазири Марат Қаипов бу саволга жавоб берар экан: “Қурултой конституциявий тузилмадир. Шундай бўлгандан кейин қурултойнинг ўтказилиш тартибига доир қонун қабул қилиниши лозим. Бироқ шу кунгача халқ қурултойи тўғрисидаги қонун қабул қилинмаган. Шу сабабли ҳам қурултойни уюштириш даврида муаммолар бўлиши табиийдир”,- деди.

Айни пайтда мухолифат қурултойга мамлакат шаҳар ва қишлоқларидан икки минг делегат вакил қилинганини билдирмоқда. Шуниси қизиқки, халқ қурултойи делегатлари йўл ва Бишкекда яшаш, озиқ-овқат харажатларини ўзлари кўтаради.

“Қирғизистоннинг ривожланишидан манфаатдор ватанпарварлар қурултойга ўз ҳисобидан келади. Қурултойнинг холислигини таъминлаш мақсадида бирор бир тузилманинг бу тадбирни молиялаштиришига йўл қўйилмайди”,-деди қурултой ташкилотчиларидан бири Асия Сассиқбоева.
XS
SM
MD
LG