Линклар

Юсуф Жума мулклари талонда...ми?

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонлик диссидент шоир Юсуф Жуманинг Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги уй-жойлари мусодара қилиниб, ҳокимлик захира балансига ўтказилгани ҳақидаги хабарларни маҳаллий расмийлар рад этмоқда.

Аввало, шоирнинг уйларига оид бу хабарни Юсуф Жуманинг муҳожиратдаги ўғли Алишер маълум қилганди.

“Ўтган ҳафта Бухорога телефон қилдим. Менга айтишларича, уйимизни, бизга тегишли бўлган ерларни, дадамнинг номидаги барча нарсани ҳокимлик захира ҳисобига расмийлаштиришган. Ҳеч қандай судсиз энди бу мулклар ҳокимлик захира мулки ҳисобланади. Бу маълумотни ўзимга яқин кишилардан олдим”,- деди Алишер “Озодлик” билан суҳбатда.

Унинг айтишича, туғруқхонадан чиққан опасининг ҳам паспорти олиб қўйилган. Туғруқхонадан чиққан опасига ҳатто боласини расмийлаштириб ҳам беришмаган.

Қоракўл тумани ҳокимлиги вакили, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими раиси ўринбосари Ибод Субҳонқулов “Озодлик” билан суҳбатдаги юқоридаги гапларда асос йўқ эканини таъкидлади.

“Эгаси бўлмаган ерлар қандай қилиб тортиб олинади? Қонунда тендер қилмай туриб, бировдан ер тортиб олиб бўладими? Суддан бир қарор чиқмаса, унинг ерини ҳеч ким ола олмайди”,- деди И.Субҳонқулов.

Алишер эса ҳозир қамоқда бўлган отаси Юсуф Жумаенинг ҳолати ҳақида олинган сўнгги маълумотлар ҳақида қуйидагиларни маълум қилди:

“Кеча бизга келган маълумотга қараганда, тўртинчи ойга қараб кетдики, дадамнинг бир ўзини битта алоҳида хонада сақлашаëтган экан. Дадам бошқалар қатори ҳар куни бир соатлик сайтга ҳам чиқарилмаëтган экан. Қамоққа олингандан бери руҳий қийноқ сифатида унинг бир ўзини битта камерада сақлашяпти. Дадамни Бухоро вилояти марказий шифохонасининг юрак касалликлари бўлимига олиб бориб даволатишган ва рўйхатдан ўтказишган. Бизга келган маълумотга кўра, бу ерда дадамни юрак касалга чиқариб, (аслида дадам соппа-соғ) биз даволатдик, касаллиги аввалдан бор эди, деб суиқасд уюштирмоқчи бўлишган. Улар шунга тайëргарлик кўраëтган экан. Қамоқхонада касал ортттирди, деб ҳеч кимни даволатмайди булар. Дадамни рўйхатдан ўтказишганидан, булар дадамга нисбатан суиқасд уюштириши, бир ëмон касалликни юқтириши мумкинлигидан биз ҳам хавотирга тушиб қолдик”.

Юсуф Жума ўтган йилнинг декабрь ойида Янгийўл туманида бир ўғли билан қамоқа олинган эди. У конституциявий тузумга тажовуз қилганликда айбланмоқда. Яна бир ўғли Машраб 4 йилга озодликдан маҳрум этилди. Хотини, уч фарзанди таъқиблардан қочиб, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.
XS
SM
MD
LG