Линклар

Солиқ тизимининг такомиллаштириладиган жиҳатлари кўп

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистон Молия вазирлиги веб сайтида солиқларга оид қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифларни жойлаштириш учун махсус форум очилганини хабар қилди расмий ахборот воситалари.

Хабарда айтилишича, Вазирлар Маҳкамаси 2008-2009 йиллар мобайнида 2007 йилнинг 25 декабрида президент тасдиқлаган Солиқ кодекси меъёрлари самарадорлигини таҳлил қилиши ва уларни такомиллаштириш бўйича таклифларини киритиши лозим.

Аввало, шуни айтиш жоизки, 1 январь куни кучга кирган янги Солиқ кодексини такомиллаштириш зарурати ҳақида “Озодлик” билан суҳбатдош бўлган тинловчилар айтмоқда.

Тошкентлик тадбиркор Акмалжон янги таҳрирдаги Солиқ кодекснинг эскисидан фарқи тўғрисида гапириб: “Ўзбекистонда 2 хил солиқ тўлаш тизими бор: соддалаштирилган ва умумий солиқ. Умумий солиқ тўлаш тизимида солиқ турлари анча кўп. Фойдадан солиқ тўланади, инфратузилма солиғи, йўл солиғи бор. Соддалаштирилган тизимда биттага бирлашган ҳаммаси. Бундан 2 йил олдин соддалаштирилган солиқ бўйича фойда қиласизми ëки йўқми, қилинаëтган ишнинг ҳажмидан келиб чиқиб 13 фоиз эди. Ўтган йили бу 13 фоиздан 10 фоизга туширилди. 2008 йилдан кучга кирган кодекс бўйича 8 фоизга туширилди”,- деди.

Бу гапни эшитган тингловчида янги кодекс анча прогрессив экан, тадбиркор дўпписини осмонга отаётгандир, деган фикр пайдо бўлиши табиий. Лекин суҳбатдошимиз бундай қилишга шошилмаяпти. Чунки кодекснинг ҳажми жуда катта, дейди фикрини давом эттириб.

“Риоя қилиниши керак бўлган йўриқлар ва талаблар қанчалик ихчам бўлса, ўшаларнинг бузилиши шунчалик кам бўлади”,- деди Акмалжон.

У янги Солиқ кодексини такомиллаштириш учун нималарга эътибор қаратиш лозим, деган саволга жавоб берар экан: “Назаримда, умумий солиқ тўлаш тизими бўйича жуда чалкашликлар кўп. Битта ташкилотда битта одам солиқларнинг ҳисоб-китоби, ҳисоботи билан шуғулланиб улгура олмайди. Мана шу тарафдан соддалаштириш керак. Кейин Ўзбекистонда бутун дунë миқëсида олиб қараганда маошлар жуда кам. Худди шу нарсани солиқларга нисбат қилсак, солиқлар анча катта. Дейлик, бир ташкилот бир ходимига 60 сўм ойлик бериши учун шу ташкилот 60 сўмга яқин харажат қилиши керак, агар ундан ҳам ортиқ бўлмаса. Россия мисолида олиб қарасак, жисмоний шахсларнинг даромадидан олинадиган солиқ қанча маош, мукофот пули олишидан қатъий назар 12 фоиз. Бизда қанчалик кўпайиб бораверса, солиқнинг юки шунчалик ортиб кетаверади”,- деди.

Жиззахлик фермер Маъмуржон ака ҳам Солиқ кодексини такомиллаштириш юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Солиқ турлари кўп. Масалан, фирмалар 7 хил солиқ тўлайди. Мана шуни умумийлаштириб, ягона солиқ тури қилиш керак. Масалан, ягона ер солиғи дейилади, бўлди. Умумлаштирилган битта солиқ тури бўладиган бўлса, биз ҳар хил солиқ туридан қутуламиз. Ундан кейин ўша солиқ турларини тўлиқ биладиган фирмалар бор, тўлиқ билмайдиган фирмалар бор. Солиқларни қандай тартибда қаëққа кетаëтганини одам тушунмайди. Умумлаштирилган ягона солиқ бўладиган бўлса, унда битта солиқ тўланади”,- дейди фермер.
XS
SM
MD
LG