Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:35

Яна бир ўзбек бошида қора булут айланмоқда


Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари марказининг “Фуқаровий кўмак” қўмитаси тарқатган хабарга кўра, Россияда ҳибсга олинган асли наманганлик Абдуллажон Исҳоқов ноқонуний равишда Ўзбекистонга бериб юборилиши мумкин.

А.Исҳоқов Наманган вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Усмоновнинг 2005 йил октябрида Тюмень шаҳри ИИБ бошлиғи номига ёзган хати асосида қамоққа олинган.

“Фуқаровий кўмак” раҳбари Светлана Ганнушкинанинг “Озодлик”ка айтишича, А.Исҳоқов Россия қонунларига зид равишда қамоққа олинган.

“А.Исҳоқов 6 март куни ғойиб бўлган эди. Шу кунгача уни адвокати қидирди ва кеча Тюмень шаҳри ИИБ вақтинчалик сақлаш изоляторидан топди. Маълум бўлишича, уни қамоққа олишга асос бўладиган ҳеч қандай ҳужжатнинг ўзи йўқ. Кеча адвокат унинг ноқонуний қамоққа олингани ҳақида судга мурожаат қилди. Ҳозирча суд бу масалани кўриб чиққани йўқ”,- деди Светлана Ганнушкина.

Унинг сўзларига кўра, А.Исҳоқов 1989 йилдан буён Россияда доимий яшайди. У Россия фуқаролигини қонуний олган. Лекин унинг паспорти олиб қўйилгани ҳуқуқ ҳимоячиларида таажжуб пайдо қилмоқда.

“Агар у Россия фуқароси экан, конституция бўйича Россия ўз фуқаросини ҳар қандай шароитда ҳам бермаслиги керак. Бунинг устига, А.Исҳоқовнинг ёзган шикояти ҳам судга жўнатилмаган. Унинг қўлига ўзбек тилида 1998 йилда ёзилган қарорни тутқазишиб, шу асосда уни Ўзбекистонга экстрадиция қилишларини айтишган. Бундай иш тутиш нафақат ноқонуний, балки одам ўғирлаш демакдир”, - дейди Светлана Ганнушкина.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячиси наманганлик генерал юборган мактубда яна икки кишининг фамилияси борлигини, бу одамлар, яъни ўзбекистонлик Абдуғани Қамалиев ва Абдулазиз Бойматов қонунга зид равишда Ўзбекистонга бериб юборилгани ва улар у ерда узоқ муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинганини билдирди.

Унинг таъкидлашича, Россия махсус хизмат вакиллари ўзбекистонлик касбдошларининг ҳар қандай илтимосларини ерда қолдирмай, Россия ва халқаро қонунларни оёқ ости қилиб, айблари судда тасдиқланмаган фуқароларни Ўзбекистонга бериб юбормоқда.

“Гарчи Европа суди А.Қамалиевни Ўзбекистонга беришни вақтинча тўхтатиш ҳақида қарор чиқарган бўлса ҳам у бериб юборилди. Бу биринчи ҳодиса эмас. Одамлар ўғирланади ва унинг номига ёзилган қалбаки паспортлар билан Россиядан олиб чиқиб кетилади. Бу паспортларни эса элчихона тайёрлаб беради”,- дейди инсон ҳуқуқи ҳимоячиси.

Светлана Ганнушкина Абдуллажон Исҳоқов ҳам ана шундай ноқонуний йўллар билан Ўзбекистонга олиб чиқиб кетилишидан ва у ерда уни қийноқлар ва адолатсиз суд кутаётганидан ташвиш билдиради.
XS
SM
MD
LG