Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:56

Жаҳон озиқ-овқат дастурига қўшимча пул керак


Аваз Алиев Жаҳон бозорида озиқ-овқат ва ёнилғи нархи кўтарилиб бораётган бир пайтда қашшоқ мамлакатларга ёрдам бераётган БМТнинг Озиқ-овқат дастури қўшимча маблағ жалб этиш мақсадида фавқулодда мурожаатнома қабул қилди.

Жаҳон озиқ-овқат дастури вакилларининг билдиришича, мазкур ташкилотга 1 майгача қадар 500 миллион АҚШ доллари сувдек зарур.

“Агар бу пуллар мазкур санагача етиб келмаса, миллионлаб одамларга етказиб берилаётган озиқ-овқат ҳажми қисқартирилади”,- дейилади ташкилот мурожаатномасида.

Жаҳон озиқ-овқат дастури вакилларининг таъкидича, ўтган йилнинг июнь ойидан буён озиқ-овқат нархи қарийб 55 фоиз ошган. Мазкур ҳолат ҳозир ҳам давом этмоқда. Мисол учун, ўтган ҳафтада биргина гуруч нархи сўнгги 30 йил ичида энг юқори кўрсаткичга кўтарилган бўлса, буғдой ва маккажўхори нархи ҳам оша бошланган.

Жаҳон озиқ-овқат дастури айни пайтда 80дан ортиқ мамлакатда қарийб 73 миллион кишига ёрдам беради.

Етакчи давлатлар ҳукуматлари ва индивидуал донорлардан тушаётган пуллар ҳисобидан фаолият юритаётган Жаҳон озиқ-овқат дастури ўзининг 2008 йилги бюджети учун икки миллиард 900 миллион доллар етарли эканини билдирган эди. Бироқ жаҳон бозорида озиқ-овқат нархи кўтарилиб кетиши ташкилот учун айрим муаммолар туғдирди. Шунинг учун ташкилот жаҳон ҳамжамиятига мурожаат этиб, қўшимча 500 миллион доллар сўрамоқда.

Хитой ва Ҳиндистон каби мамлакатларда дон маҳсулотларига эҳтиёжнинг ўсиб бориши, нефть нархининг кўтарилишию этанол ишлаб чиқаришга қизиқиш ортиши жаҳон бозорида дон маҳсулотлари нархи ошишига сабаб бўлмоқда.

“Ташкилотимиз одатда табиий офатлардан зарар кўрган ҳудудлар ва урушдан жабр кўраётган минтақалар аҳолисига ёрдам беради. Мана, яқинда биз сув тошқини бўлган Мозамбик ҳамда уруш қийинчиликларини бошдан кечираётган Судан аҳолисига ёрдам бердик. Шунингдек, бизда мактаб ўқувчиларини ҳам овқат билан таъминлаш дастурларимиз мавжуд. Бу биз ҳар доим амалга ошириб келаётган ишлардир. Масалан, бирор ҳудудда табиий офат рўй берса, у ерда қандай ишлар амалга оширилишини аниқ биламиз. Бироқ ҳозирда биз очликнинг янги турига рўбарў келмоқдамиз. Биз одатда қишлоқлардаги ночор одамларга ёрдам берар эдик, эндиликда бу тоифага шаҳарликлар ҳам қўшилмоқда. Боиси, бу одамларнинг ҳаттоки дўконда кўрган маҳсулотларни ҳам сотиб олишга имкони йўқ. Улар сотиб олиш мақомига эга эмас”,- дейди Жаҳон озиқ-овқат дастури матбуот котиби Бренда Бартон.

Ташкилот вакилларининг билдиришича, ҳозир ёрдамга муҳтож бўлган давлатлар рўйхати бошида Афғонистон турибди.

“Бундан олти ҳафта муқаддам Афғонистон ҳукумати биздан қўшимча икки ярим миллион фуқарога кўмак беришимизни сўраган эди. Бу шаҳарда истиқомат қилаётган ва ўз эҳтиёжи учун ун сотиб ололмайдиган фуқаролардир. Афғонистон ҳукуматининг бу талаби бизга 77 миллион долларга тушди. Ҳозирча бизга бошқа ҳукуматлардан талаб тушгани йўқ, бироқ жаҳон бозорида нархлар ошиб бораётгани боис, биз ҳар қандай вазиятга шай турибмиз”,- дейди Бренда Бартон.

Ҳозир минтақадаги бошқа давлатлар ҳам Афғонистон тушган аҳволга тушиб қолиши мумкин. БМТнинг ўтган ойда эълон қилган ҳисоботига кўра, қўшни Тожикистон аҳолисининг 50 фоизидан ортиғи озиқ-овқат танқислигини бошдан кечирмоқда.

Осиё, Африка ва Лотин Америкасининг бир қанча давлатлари ҳам худди шундай вазиятда экани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG