Линклар

Мухолифат яна бирлашишга даъват қилинди

  • Сарвар Усмон

26 март куни бир-бирини мантиқан тўлдирувчи икки ҳужжат пайдо бўлди. Тошкентлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдулло Тожибой ўғли Ўзбекистондаги демократик кучларга мурожаат қилиб, уларни бирлашишга чақирди.

Худди шу куни Марказий Осиёдаги “Озодлик овози” Интернет нашри жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев билан суҳбатни босди.

Суҳбат сарлавҳасига Бахтиёр Ҳамроевнинг мана бу фикри чиқарилган: Ўзбекистоннинг бугунги муаммолари учун ҳокимият ҳам, мухолифат ҳам бир хилда айбдор.

“Озодлик” ҳокимият билан бир қаторда мухолифатчиларни ҳам айблаётган Б.Ҳамроевни ҳам, уларни бирлашишга даъват қилаётган А.Тожибой ўғлини ҳам суҳбатга тортди.

“2007 йилги президент сайловида мухолифатдаги кучлар, демократлар тарқоқ ҳолда ҳаракат қилгани оқибатида яна президент Каримов ҳокимият тепасида қолишга муваффақ бўлди. Мана, энди 2009 йилда парламент сайлови бўлади. Шу муносабат билан мен бутун демократларни бирлашишга ва сайловда фаол қатнашишга даъват этаман”,- деди А.Тожибой ўғли.

Озодлик: Мухолифатнинг турли кучларини бирлашишга биринчи бўлиб даъват қилаëтган сиз эмассиз. Шу пайтгача шунақа даъватлар ҳар хил кишилар томонидан янграган. Сизнинг даъватингизга кимдир лаббай, деб жавоб беришига ишонасизми?

Абдулло Тожибой ўғли: Мухолифатчилар ўртасида қандайдир ўзаро тортишув ва келишмовчиликлар бўлган. Албатта, бу бўлади. Ҳар бир инсоннинг сўзи бир-бириникига ўхшамайди. Аммо Ўзбекистонни ўзгартириш, мамлакат учун айнан қандайдир ҳисса қўшиш учун чиққан одамларни мен, албатта, қўллаб-қувватлардим ва бунга ишонаман. Теран фикрга эга бўлган мухолифатчилар, албатта, бунга лаббай, деб жавоб бериб, бу нарсага қўшилиши керак ва шарт, деб ўйлайман.

“Озодлик” Ўзбекистоннинг бугунги муаммолари учун ҳам ҳокимиятни, ҳам мухолифатни ҳам бир хилда айбдор кўраётган Б.Ҳамроев билан ҳам суҳбатлашди.

Озодлик: Сиз Ўзбекистоннинг бугунги муаммолари учун ҳокимият билан бир қаторда мухолифат ҳам айбдорлигини айтгансиз. Ҳокимиятнинг айби ҳақида кўп гапирилган. Мухолифатнинг айби нимада?

Бахтиëр Ҳамроев: Мен бу фикрни айтганман. Ўзбекистондаги ҳозирги сиëсий, иқтисодий, маънавий инқирозга тўлиқ ҳокимият жавобгар ва айбдор. Ўз навбатида, бу борада мухолифат ҳам айбдор. Мен буни нимада кўраман? Мухолифатни бирлаштиришга аввалдан қанча ҳаракатлар бўлган. Минг афсуслар бўлсинки, бирлашиш масаласи умуман амалга ошмади. Бирлашмаслик оқибатида шу бугунги ҳолатга етиб келдик.

Озодлик: Мухолифатнинг бирлашишига даъватлар биринчи марта қилинаëтгани йўқ. Бундай даъватларни энг сўнггиси мана ҳуқуқ ҳимоячиси А.Тожибой ўғли томонидан айтилди. Бундай даъватлар самара беришига ишонасизми?

Бахтиëр Ҳамроев: Мен ҳар сафар бирлашиш ҳаракатларига қўшилиб келганман. Мен оптимист одамман. Ажабмас, бу галги мурожаатдан кейин бу амалга ошар. Мен мухолифатнинг соғлом қатламидан, айниқса, мухолифатга айрим ëшлар кириб келаётганидан келиб чиқиб, бирлашишга қандайдир умидим пайдо бўляпти. Лекин бу умид ҳам мухолифатнинг ҳаракатига боғлиқ. Агар ҳаракат ҳамма томондан бўлса, ишонаман.
XS
SM
MD
LG