Линклар

logo-print

Антарктида музликлари эримоқда

  • Алишер Сиддиқ

Антарктидадаги Вилкинс шельфининг бўлиниши олимлар хаёлига ҳам келтирмаган тезлик билан содир бўлмоқда. Энди олимлар иқлимнинг глобал исиши Ернинг музликлар билан қопланган қутбларига жиддий таҳдид солаётганига шубҳа қилаётгани йўқ.

Антарктикадан ажралиб океанга тушган энг охирги музликнинг катталиги Нью-Йорк шаҳридаги Манхэттэн оролидан 7 баробар каттароқ келади.

Бутун бир қитъа манзарасида бу бир бўлакча бўлса ҳам жиддий хавотирланишга асос йўқ эмас. Зеро, Вилкинс шельфидан ажралган бу музлик бир ярим минг йил давомида ўз жойида қимир этмасдан турганди. Энг даҳшатлиси эса Вилкинс шельфининг бошқа музликлари ҳам ажралиб кетишга тайёрдек турибди.

Антарктиданинг британиялик тадқиқотчиси Дэвид Вауганнинг маълум қилишича, Вилкинс шельфининг ўзи ҳам ҳар томондан шу қадар эриганки, у гўё Антарктида қитъасидан ажралиб кетгандек.

“Вилкинс муз шельфи Антарктиданинг бир неча ороллари ўртасида жойлашган. Лекин борган сари қисқариб бораётган бу музлик қитъа оролларидан ажраб кетмоқда. Хавотиримиз шундаки, агар ҳарорат кўтарилаверса ёки бирор тўфон содир бўлса, кейинги ёзга бориб шельфнинг анча қисмини йўқотиб қўямиз”,- дейди тадқиқотчи.

1993 йилда Д.Вауган Вилкинс шельфининг шимолий қисми 30 йил ичида йўқолиб кетишини башорат қилганди. Бироқ эриш жараёни ҳеч ким кутмаган суръатлар билан бормоқда.

“Антарктидадаги иқлим ўзгариши дунё бўйлаб кузатилаётган иқлим ўзгаришидан кўра тахминан беш марта тезроқ кечмоқда”,– дейди Д.Вауган.

Сўнгги ярим аср давомида Антарктиданинг ғарбий ярим оролида ҳаво ҳарорати энг тез суръатлар билан кўтарилди. 1970 йилдан буён Антарктидадан 6 та музлик ажралиб кетди. Музликларнинг эриши денгиз сатҳи кўтарилишига сабаб бўлиб, соҳил бўйида жойлашган минтақаларга таҳдид солиши мумкин.

Олимларнинг ишонтиришича, Вилкинс шельфининг ажралиши ҳозирча бундай таҳдид туғдирмаётир. Чунки Вилкинс аллақачон муз қитъадан ажралиб, океаннинг бир қисмига айланган.

Д.Вауган эса бошқа муз шельфларининг ажралиши, шубҳасиз, денгиз сатҳини кўтариб юбориши мумкинлигини билдирди.

Олимлар об-ҳавонинг глобал исишини инсон фаолияти билан боғлиқ техноген муаммо ҳисоблайди. БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро комиссияси жорий аср охирига қадар заҳарли газлар миқдори камайтирилмаса, ҳаво ҳарорати 6-14 даража кўтарилишини башорат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG