Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:25

Дастлабки суд ҳукми кучида қолди


Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш ва ноқонуний диний гуруҳларга алоқадорликда айбланиб қамалган Алишер Убайдуллаевнинг апелляция аризасини кўриб чиққан суд дастлабки суд ҳукмини ўз кучида қолдирди.

Тошкентлик 30 ёшли Алишер Убайдуллаев Ўзбекистон ҳукуматига қарши Лондон шаҳрида ўтказилган норозилик акцияларида иштирок этганликда айбланиб, беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Судланувчининг адвокати Рустам Тўлагановнинг билдиришича, апелляция судида жуда кўплаб қонунбузарликларга йўл қўйилган.

“Етти марта қолдирилиб, охири кеча кўрилди. А.Убайдуллаевга қарши ариза ëзган одамнинг ўзини ҳам чақиртира олмади, қамоқхонадан ҳам ҳеч ким олдига кирмаган. Суд даврида ҳам айбланувчига тазйиқ ўтказилаверган. Суд Миллий хавфсизлик хизмати назорати остида ўтди. Биринчи судда кўрилган ҳал қилув қарори, яъни 5 йил қамоқ жазоси ўзгаришсиз ўз кучида қолди. Ваҳоланки, жиноят ишида Убайдуллаевга нисбатан ҳеч қандай айблов йўқ. Шунинг учун ўйлайманки, кечаги ҳал қилув қарори умуман қонунга зид равишда қабул қилинган”,- деди Р.Тўлаганов.

Андижон воқеалари муносабати билан Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси олдида бўлиб ўтган норозилик акциясида қатнашганликда гумон қилиниб, Ўзбекистонга қайтгач ҳибсга олинган Алишернинг отаси Омон Убайдуллаев ўғли ноҳақ қамалган, деб ҳисоблайди.

Унинг билдиришича, ўғли тергов давомидаги қийноқлар оқибатида сохта жиноятни бўйнига олишга мажбур бўлган.

“Ўзини МХХда ишлаймиз, деб айтган 4 киши Тоштурмада уни роса калтакланган. Борсам боши оғрияти, оёғи оқсаяпти, моматалоқ бўлиб кетган. Буни билганим заҳоти қамоқхона бошлиғига, прокуратурага ёздим. Ҳеч қандай чора кўрилмади”,- деди Омон Убайдуллаев.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи Алишер Убайдуллаевнинг апелляция тартибидаги суд жараёнини кузатиб борди.


“Апелляция судида тўла иштирок этдик. Ўзбекистонда ҳозир суд тизими умуман ишламаяпти. Бу судда прокурор ўзгарган. Бу Жиноят процессуал кодексига зид. Лекин барибир шу нарсалар қилиняпти. Бизга маълум бўлишича, МХХдан буйруқ берилган, босимлар ўтказилган”,- дейди ташкилот раҳбари Суръат Икромов.

”Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятова А.Убайдуллаевга очилган жиноят иши материаллари сиёсийлаштирилган ва сохта мотивлар билан асослантирилган, деб ҳисоблайди.

“Бу йигит “Ҳизб ут-таҳрир”нинг Лондондаги аъзолари билан учрашгани, Андижон воқеалари муносабати билан Ўзбекистон элчихонаси олдида намойишлар ўтказгани тўғрисидаги кўрсатмалар берилган. Андижон воқеларидан кейин, айниқса, ҳуқуқ ҳимоячилари, мухолифат вакиллари ва журналистлар Ўзбекистонни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлган. Улар ҳозир Ўзбекистонда бўлаëтган қонунбузарликлар, зўравонликлар, сайловдаги нодемократик хатти-ҳаракатлар бўйича ўша ерда турли тадбир ва намойишлар ўтказмоқда. Мен буни ўша ерда қатнашаëтган ўзбекистонликларга таҳдид, деб биламан. Алишерни намойишда қатнашгани учун, ўзининг конституциявий ҳуқуқларидан фойдалангани учун 5 йилга қамаш билан Ўзбекистон ҳукумати бундан кейин конституциявий ҳуқуқлардан фойдаланмаслик лозим, деган таҳдидни билдирмоқда”,- деди В.Иноятова.
XS
SM
MD
LG