Линклар

logo-print

Дунёвий давлат тарафдорларининг шашти баланд

  • Ҳасанжон

Туркиянинг дунёвий давлатлиги тарафдори бўлган турк ҳарбийлари ва адлия тизими аъзолари ҳукмрон партияни мамлакатдаги дунёвий тизимни зимдан ўзгартиришга уринаётганликда айбламоқда.

Бир неча кун аввал Туркия Бош прокуратураси исломий қарашдаги ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партиясини тарқатиб юбориш ҳақида Конституциявий судга мурожаат қилган эди.

Ҳукуматга қарши яширин фаолият юритганлик айби билан 21 март куни ўнлаб одамнинг қўлга олингани мамлакатда юзага келган конституциявий бўҳронни янада чуқурлаштирди. Ҳибсга олинганлар орасида дунёвийлик тарафдори бўлган “Жумҳурият” газетасида ишлайдиган 83 ёшли таниқли журналист Илхан Селжук ва ҳукуматнинг ашаддий танқидчиси, Истанбул университети собиқ президенти Камол Алимдор ўғли ҳам бўлган. Ушланганларнинг аксари кейинроқ қўйиб юборилган. Аммо террор гуруҳига алоқадорлик ва махфий маълумотларга эга бўлганликда айбланган Турк ишчилар партияси раҳбари Догу Перинчек ҳибсдан озод қилинмаган.

Анқарада яшаётган британиялик ёзувчи Бернар Кеннеди туркияликларнинг аксари ва ахборот воситалари ҳибсга олишлар “Адолат ва тараққиёт” партиясининг дунёвийлик тарафдори бўлган ўз танқидчиларига қайтарган жавоби, деган фикрда эканини маълум қилди.

“Афтидан, яқинда бўлган қўлга олиш воқеалари ҳукуматнинг ўч олишига ўхшайди”, – деди британиялик ёзувчи.

Туркиядаги сиёсатчилар юзага келган бўҳрон ҳақида бир хил фикрда эмас. Ҳукуматга қарши бўлганлар “Адолат ва тараққиёт” партиясини Туркия жамиятини аста-секин исломийлаштираётганликда айбламоқда.

“Муаммо шундаки, дунёвий давлат тарафдорлари дунёвийликни дин каби тушунади. Исломчилар ўз мақсадларини олдинга суради. Улар давлатнинг кўпроқ идораларига кириб боришга уринмоқда. Рўмол ва бошқа воқеалар шунчаки бунинг рамзидир. Икки томон бир-бири билан ҳеч яраша олмаяпти” ,– дейди “Turkish news daily” газетаси мухбири Юсуф Канли.

Катта салоҳиятга эга бўлган Туркия қуролли кучлари бош штаби 1920 йилда Мустафо Отатурк томонидан асос солинган Туркия дунёвий давлатчилиги қўриқчиси ҳисоблайди. Шунга қарамай, Туркия ҳарбийлари ҳозирча бу воқеаларга аралашгани йўқ. Сўнгги 50 йил давомида Туркия ҳарбийлари тўрт марта давлат тўнтариши амалга оширган. Сўнгги давлат тўнтариши 1997 йилда бўлган.

Британиялик ёзувчи Бернард Кеннедининг таъкидлашича, Туркияда давлат тўнтариши амалга ошиши эҳтимолдан холи эмас.

Олдин ҳукуматнинг иқтисодий соҳадаги ислоҳотларини олқишлаган турк тадбиркорлар элитаси яқинда бўлган қўлга олишларни қоралаб, ҳарбийлар тарафини олди. Ўз навбатида, “Адолат ва тараққиёт” партияси дунёвийлик тарафдорларини давлат тўнтариши амалга ошириш ва ҳатто суиқасд уюштиришни режалаганликда айбламоқда.
XS
SM
MD
LG