Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:45

Ўзбекистон қамоқхонасида яна бир мусулмон жон таслим қилди


“Ўзбекистон Республикаси Конституциявий тузумига тажовуз қилганлик”да айбланиб 10 йилга қамалган тошкентлик Абдураҳим Тошпўлатов 27 март куни қамоқхонада ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда “Озодлик”ка мухолифатдаги “Эрк” партияси фаоли Дилором Исҳоқова маълум қилди.

Унинг айтишича, марҳумнинг онаси Ҳуррият опа икки ҳафта муқаддам ўғлини кўриш учун қамоқхонага борганида Абдураҳим соппа-соғ бўлган.

- Мана шу амнистияда чиқади, деб кутиб ўтиришган эди. Бундан беш кун олдин Ҳуррият опа билан гаплашгандим. Опа ўғлини кўриб келганини, унинг аҳволи яхшилигини айтиб, хурсанд бўлиб ўтирган эдилар. Бугун эса бунақа хабарни олдик”, - деди Д. Исҳоқова.

Марҳумнинг онаси Ҳуррият опа бугун соат бешларда ўз маҳалласида 3 та бегона йигитни кўрганини айтди.

- Мен уларни кимнингдир уйига келишган бўлса керак, деб ўйладим. Бироздан кейин маҳалла раиси билан олдимга келишди. “Бу ëққа келинг”, деб уйга олиб киришди. “Болангиз қанақа, яхшими?” деб сўрашди. “Ҳа, тузук бўлиб қолган эди”, дедим. Бирдан хаёлимга: “Боламга бир нарса бўлгандир”, деган ўй келиб, дод солдим. “Ҳа, болангиз вафот этибди”, дейишди. Мен: “Бир ҳафта олдин кўрган эдим, болам яхши эди-ю?”, дедим. Болам яхши эди, яхши эди. Нима бўлганини билмайман, - деди Ҳуррият опа алам ва йиғидан бўғилиб.

Фарзандидан айрилган онаизор ёлғиз жигаргўшасидан ажраб қолганини, бундай кун ҳеч бир онанинг бошига тушмаслигини тилашини айтиб, бўзлаб-бўзлаб йиғлади.

Гувоҳларнинг айтишларича, машъум хабар марҳумнинг оила аъзоларига етказилганидан кейин уларнинг Кўкча даҳаси Оқилон маҳалласида жойлашган уйи Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўраб олинган.

1979 йилда туғилган Абдураҳим Тошпўлатов даставвал 2000 йилда 7 йилга кесилганди. Маълум бўлишича, у ўтган йил август ойида озодликка чиқиши керак эди, аммо қамоқдан чиқишига 4 кун қолганда, унга яна 3 йил қўшиб берганлар.
XS
SM
MD
LG