Линклар

logo-print

Қонун демократия шароитида ишлайди

  • Садриддин Ашур

Айни кунларда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатида “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун муҳокама этилмоқда. Бу қонунни қабул қилиш Сенатнинг ўн учинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилган.

Хўш, минглаб ўзбекистонликлар хорижий давлатларга қул қилиб сотилаётган бир пайтда бу қонун ўзбекларга қанчалик ёрдам бера олади? Шу пайтгача хориждаги ватандошлари тақдирига бефарқ қараб келган Ўзбекистон ҳукумати бу қонун билан қул қилинган ва қилинаётган фуқаролар ҳуқуқларини қанчалик ҳимоя қила олади?

Ўзбекистон демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойбергановнинг айтишича, инсон манфаатлари учун қабул қилинган ҳар қандай қонун яхши. Лекин гап қонуннинг жамиятда ишлаб кетишида. Унинг ижроси талаб қилинишида.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сўзларига кўра, бугун одам савдоси Ўзбекистон учун жуда катта муаммога айланди. Ҳозир Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия ва бошқа Шарқ мамлакатларига қулликка олиб чиқиб кетилаётган одамлар минглабни ташкил этса, Россия ва Қозоғистонда ўн минглабни ташкил этади.

“Ўзбекистон телевидениеси биринчи каналининг “Меҳр кўзда” кўрсатуви бор. Шу кўрсатувда Гулнора исмли ëш фарғоналик аëл ҳикоя қилиб берди. У Самара тарафга бир қанча бухоролик аëллар билан биргаликда ишга боради. Булар боргандан кейин ҳужжатларини олиб қўйишган ва битта иморатга қамаб қўйишган. Пул беришмаган. Ундан кейин булар қочиб кетишган. Шу воқеадан кейин Ўзбекистон ўша ерда қолганларга ëрдам бериш учун нима қилди? Россиянинг қонунлари бор. Ўшанга қараб қолганларига ëрдам берса бўлмайдими? Мана бу нарсага қонун ишлаши, дейилади. Агар бизда қонун ишласа, албатта, бу нарсалар ОАВда кузатилиши керак. Қонун кузатилмаса, қонун ишламайди”,- деди И.Худойберганов.

Унинг таъкидлашича, шу пайтгача Ўзбекистон ҳукумати хорижда қул бўлиб қолаётган фуқаролари аҳволи билан қизиқмади ҳам, уларни сўрамади ҳам.

Бухоро гуманитар ҳуқуқ маркази раҳбари Шуҳрат Ғаниевнинг “Озодлик”ка билдиришича, бугун Ўзбекистонда, асосан, ёш йигит ва қизлар одам савдоси қурбонлари бўлаётир. Ўзбекистон бу учун алоҳида қонун қабул қилинишини кутиб турмай, бунга қарши курашиши керак эди. Лекин бундай бўлмаяпти.

“Талаб қилинмайдиган, ишламайдиган қонун ўликдир. Ўтган йили битта Бухоро вилоятидан Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасига 15 та одам ариза билан келган. Биттасининг паспорти йўқолган, биттаси одам савдогарлари қўлига тушган, биттаси Москва милицияси томонидан уриб майиб қилингач, 2 ой шифохонада ëтиб чиққан. Ҳалигача бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Ҳалигача аризамизга элчихонадан жавоб йўқ. Булар бизнинг фуқароларимиз, биз ëрдам берамиз, дейдигани йўқ”,- деди Ш.Ғаниев.

Москвалик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси ҳам бу қонуннинг ишлаб кетишига ишонмайди. У бунга Ўзбекистоннинг Россиядаги юзи бўлган элчихонани мисол қилиб келтиради.

“Мен ана шундай аҳволга тушган юзлаб инсонларга гувоҳ бўлганман. Улар Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасига мурожаат қилганида, албатта, улардан ë пул талаб қилишади, ëки элчихонага бир неча кун ичида кириши, тезлик билан муаммоларини ҳал қилишининг имкони йўқ. Ўзбекистон халқининг Россияда хўрланишини, бу хўрланишга Ўзбекистон ҳукумати беэътибор қарашини одамлар бемалол айтади”,- дейди москвалик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Хўш, қандай ҳолатда қонун ишлаб кета олади? Бунинг учун унга қандай шароит керак?

Искандар Худойберганов бу саволларга қисқагина қилиб: “Қонун демократия бўлганда ишлайди. Демократия бўлмаса, катта хўжайиннинг, ҳокимнинг гапи ўтади”,-дея жавоб берди.
XS
SM
MD
LG