Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:02

Шарқий Туркистонда назорат кучаймоқда


Тибетдаги исёндан сўнг Хитой ҳукумати Шарқий Туркистон, яъни Шинжон-уйғур мухтор туманида назоратни янада кучайтирди. Ҳукумат бу ердаги уйғурлар бош кўтаришидан чўчимоқда.

Шарқий Туркистондаги уйғур халқининг миллий даъвоси етакчиси Робия Қодир Тибетдаги исёнлардан кейин Шинжон-уйғурда Хитой ҳукуматининг уйғурларга нисбатан таъқиби кучайиб кетганини айтди.

“Хитой диктаторлари Тибет халқининг тинчлик билан ўтказган намойишидан қўрқиб кетиб Тибетга қарши чиққандан кейин Шарқий Туркистонда¸ Қашқарда¸ Оқсуда ҳарбий ҳолат эълон қилиб, шу билан бирга Шарқий Туркистоннинг ҳамма жойида махфий одамлар ëллаб иш бошлади. Ҳар бир махфий одамнинг атрофида учтадан соқчи”,- деди Р.Қодир.

Унинг билдиришича, Тибет воқеаларидан ташвишга тушган Хитой ҳукумати Шарқий Туркистондаги таълим муассасалари ва бошқа идораларда кузатув олиб бормоқда.

“Бошланғич мактаб¸ ўрта мактаб¸ олий мактаб¸ давлат идоралари, умуман уйғур мавжуд бўлган жамики жойга махфий одамларни ҳатто ошкора ҳарбий кийим кийганларни тарқатиб, уйғурлар кўчада 3 ëки 5 одам бўлиб тўпланишиб турган бўлса, дарҳол қора машинада келиб босиб олиб кетяпти. Демак¸ уйғурларнинг тўпланиб туришига ҳам рухсат йўқ” - дейди Шарқий Туркистон уйғур халқининг миллий даъвоси етакчиси Робия Қодир.

Дунё уйғурлари қурултойи бош котиби Тўлқин Иса ҳам Тибетдаги исёндан кейин Хитой ҳукумати Шарқий Туркистонда назоратни кучайтириб юзлаб уйғур фаолини ҳибсга олганини таъкидлади.

“Тибет воқеалари учун Хитойнинг Шарқий Туркистондаги уйғурларга нисбатан назорати кучайиб кетди. Масалан биз олган маълумотларга қараганда¸ аскарий вазият юргизилган бир ҳолатда шаҳарнинг ўзида 450дан ортиқ киши қўлга олинган. Ундан ташқари, Урумчида уйларга кириб Қашқардан ва бошқа жойлардан келган тижоратчиларни текшириб, гумон қилинаëтган шахслар борми ëки йўқми эканини аниқлаш давом этяпти” – дейди Тўлқин Иса.

Дунё уйғурлари қурултойи матбуот вакили Дилшод Рашид ҳам Шарқий Туркистондаги масжидлар қаттиқ кузатув остига олингани ва телефон суҳбатлари хавфсизлик хизматлари томонидан яширинча тингланаётганини билдирди.

Тўлқин Исанинг айтишича, Хитой ҳукумати Пекинда ўтадиган Олимпиада ўйинлари хавфсизлигини таъминлаш баҳонасида Шарқий Туркистондаги мустақиллик ҳаракатига жиддий зарба беришда саъй-ҳаракат қилмоқда.

“Одамлар тинчлик билан ўзининг демократик ҳақ-ҳуқуқларини¸ эркинликка бўлган интилишини кўрсатиб, ташвиқот варақалари тарқатаётгани бор гап. Аммо Хитой бу ҳаракатни террорчилик ҳаракати билан боғлаб¸ бунга қарши бир сабаб қидиряпти”, – дейди сургундаги уйғур фаоли.

Тибетдаги исёнлардан кейин Хитой ҳукумати Шарқий Туркистонга қўшимча кучлар киритдими, деган саволга Швецияда яшаётган Дилшод Рашид:
“Шарқий Туркистонга Хитой ҳарбий кучларини жўнатишга ҳожат йўқ. унки Хитой армиясининг тўртдан бир қисми аллақачон Шарқий Туркистонга жойлаштирилган. ... Армиянинг тўртдан бир қисми биз томонда, яна бир қисми Тайван томонда, яна бир қисми Тибет томонда. Шарқий Туркистонда аскарий кучлар сони кўп. Ҳозир Шрқий Туркистонда ҳар беш кишидан учтаси қурол кўтаради. Бунга бизнинг тўлиқ исботларимиз бор”, – деди.
XS
SM
MD
LG