Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:41

АҚШ расмийлари яна Тошкентга серқатнов бўлиб қолди


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:1Uw8JL8cVm4BGM:http://80.93.60.30/2007/12/08/uploads/posts/1197091732_flagi_ssha_i_uzbekistana.jpg 27 март куни АҚШ давлат котиби ўринбосарининг Марказий Осиë бўйича ëрдамчиси Памела Спратлен Тошкентга келди. Кейинги ойлар ичида яна Ўзбекистонга серқатнов бўлиб қолган Вашингтон расмийларининг бу галги сафари арафасида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Ричард Норланд махсус баëнот эълон қилди.

“АҚШ Тошкент раҳбариятини барча масалалар бўйича мулоқотга даъват қилади ва Ўзбекистонни яккалаб қўйиш эмас, балки уни ўзаро ҳамкорликка тортиш ижобий қадамларга элтишига ишонади”,- дейилади элчи баëнотида.

Хўш, 2005 йилги Андижондаги қонли воқеалардан сўнг узилиб қолган Тошкент-Вашингтон муносабатларидаги янги мулоқот палласи, элчи айтаëтган каби, Ўзбекистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари ва демократия соҳасида ҳам ижобий қадамлар қўйишга ундай оладими?

Ўтган йил охирида Тошкентга кела солиб, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни улар лойиқ даражага кўтаришни ваъда қилган АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ричард Норланд янги мулоқот жараëнида Вашингтон инсон ҳуқуқлари ва демократия масаласини унутиб қўймаслигини таъкидлаган эди.

“Хавфсизлик борасидаги ҳамкорликни кўзлаш баробарида биз Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, қонун устиворлиги, ҳақиқий сиëсий ислоҳотларга кўпроқ ҳурмат кўрсатилиши ва ўзбек фуқароларига кўпроқ иқтисодий имконлар берилишини ҳам тарғиб қиламиз”,- деган эди элчи.

Афғонистонда ëмонлашиб бораëтган хавфсизлик вазияти ва АҚШ ҳарбийларининг Ўзбекистон ҳарбий базалардан фойдаланиш эҳтиëжи Тошкент билан ҳамкорликни қайта тиклаш заруратини Вашингтон кун тартибига қўйганини аксарият англаб турибди. Шундай нозик вазиятда АҚШ расмийларининг Каримов ҳукумати учун энг кўнгилсиз мавзу бўлган инсон ҳуқуқлари ва демократия муаммоларини мулоқот кун тартибига қўйишига аксар кузатувчилар шубҳа билан қарамоқда.

“АҚШ кириб келганда ҳам бизда иккита туйғу ҳосил бўлади: хавотир ва умид. Хавотир шундаки, ҳокимиятлар бирлашиб, халқлар манфаати учун эмас, зарарига иш кўриши мумкин. Шу билан бирга, демократик, анча ривожланган эркинликлар, озодликлар мавжуд бўлган давлат вакиллари кириб келиши бизга ҳам қандайдир эркинлик шамолларини эстирар, озодлик тўғрисида гапириш мумкин бўлар, деган умидни ҳам пайдо қилади. Умид қилса бўладиган жойлар бор, лекин кўпинча умидни хавотир босиб кетади”,- дейди мухолифатдаги “Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг қувғиндаги раҳбари Толиб Ëқубов АҚШ ва ЕИнинг бугун Ўзбекистон билан қайта бошлаган мулоқотини ҳар иккала томон учун ҳам навбатдаги ўйин, деб баҳолайди.

“Ўзбекистон ҳукумати мана 18 йилдан бери жаҳон ҳукумати, ўз халқи билан ўйин қилади. Ўзбекистон ҳукумати ҳамма вақт ëлғон гапиришини булар ë сезмайди, ë атайлаб сезмасликка олади. Минг афсуски, қўш стандардлар позицияси юқори келяпти, шекилли, баъзи давлатлар диктаторлик режими моҳиятини тушунмаëтганга ўхшайди ëки ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда шуларни кўрмасликка ҳаракат қилаяпти. Бу афсусланарли ҳол”,- деди Т.Ёқубов.

Аммо жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Бахтиëр Ҳамроев АҚШ ва ЕИ Тошкент билан бошлаган мулоқотдан кичик бўлса-да, самара чиқиши ва қамоқда ëтган ҳуқуқ ҳимоячилари, мухолифатчи ва мустақил журналистларнинг озод этилишига умидворлигини айтади.

“Бўлаëтган уринишлардан, албатта, умид қиламиз. Қамоқхоналарда дўстларимиз ëтибди. Улар азоб чекиб ëтибди. Биринчи навбатда ўшаларни озод қилиш керак. Мени жуда катта қайғуга солаëтгани, бу ўзбекнинг мустақиллик учун қанчалар курашган, ижод қилган буюк шоири Юсуф Жуманинг қамалишидир”,- деди Б.Ҳамроев.

Унинг таъкидлашича, АҚШ ҳукумати Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммолари ечими ҳақида ўйлашга унинг ўз геостратегик манфаатлари ҳам мажбур қилади.

“Туфлаб ичадими, бошқа қилиб ичадими, ҳар қандай ҳолатда ҳам АҚШнинг Марказий Осиëдаги энг стратегик жойда жойлашган Ўзбекистонни бу масалада ҳеч қачон қўлдан бериб қўймайди. Улар геосиëсий сиëсатдан келиб чиқиб бу ишни қилишаяпти”,- деди Б.Ҳамроев.

Б.Ҳамроев ҳам, “Эрк” бош котиби О.Орипов ҳам АҚШ билан муносабатларни қайта яхшилаш илинжида Тошкент ҳукумати қўйиши мумкин қадамларнинг ниҳоятда кичик бўлажаги ва уларнинг ҳозирги ҳокимият сақланиб қолар экан, ҳеч қачон ҳақиқий ислоҳотлар даражасига кўтарилмаслигига ишонишини билдирмоқда.

“Сиëсий йўналиш ўзгармайди. Бу ўзгармагандан кейин ўша йўлга гул экасизми, гилам тўшаб қўясизми, йўналиш бир ва маълум”- дейди О.Орипов.

Ўзбекистонда яқин келажакда ҳақиқий сиëсий ва иқтисодий ўзгаришлар истиқболи кўринмаса-да, суҳбатдошлар фикрича, демократик дунë Ўзбекистон раҳбариятидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат кўрсатишни талаб қилишдан тўхтамаслиги лозим.
XS
SM
MD
LG