Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:23

Ўзбекистон икки онани эмгич бузоқми?


Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 28 март куни мамлакатнинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига қўшилганига доир бир қатор ҳужжатларни ратификация қилди. Бу билан Ўзбекистоннинг КХШТга расман аъзо бўлгани тасдиқланди.

Шу куни Москвада КХШТ йиғилиши бўлиб ўтиб, унда Афғонистондан келиб чиқиши мумкин бўлган наркотик ва терррорчилик таҳдидлари олдини олиш учун биргаликда фаолият юритиш масалалари муҳокама қилинди. 2-3 апрель кунлари эса Ўзбекистон президенти НАТОнинг Бухарестда ўтадиган саммитида иштирок этиши кутиляпти.

Хўш, бу нимадан далолат беради? Ўзбекистон ҳукумати КХШТ аъзоси бўла туриб, яна НАТО билан ҳамкорлик қилмоқчими? Ўзбекистон Термиздаги аэродромдан НАТО самолётларига фойдаланишга ижозат берганида КХШТ билан келишганмиди?

КХШТ котибияти ташкилий бўлими бошлиғи Александр Кузнецовнинг айтишича, бу келишилган тадбирлар бўлиб, ташкилотнинг бунга қаршилиги йўқ.

“Бизда ҳозир НАТО юкларини темир йўл билан КХШТга аъзо давлатлар ҳудудидан Афғонистонга етказиб бериш масаласи муҳокама қилинмоқда. Ўйлайманки, бу масала ҳам ечимини топади. Ўзбекистоннинг КХШТдан узоқлашувига оид барча тахминлар нотўғри”,- деди Александр Кузнецов.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Ричард Норланд ҳам 27 март куни журналистлар билан учрашувда Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий базаси йўқлиги, бу ҳақда ҳеч қандай музокаралар ўтказилмаганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, БМТ мандати бўлган НАТО таркибидаги айрим америкаликлар Германиянинг Термиздаги қўналғасидан транзит сифатида фойдаланмоқда, холос.

Лекин айрим кузатувчилар фикрича, бу ўринда расмий Тошкент ҳам, Оқ уй ҳам жуда эҳтиёкорлик билан иш тутяпти. КХШТни ҳозир Афғонистондаги вазият жиддий ташвишга соляпти, жумладан, Ўзбекистонни ҳам.

“Иккинчи томондан, Каримовнинг НАТОга бораëтгани, назаримда, Москва томонга ëқмайди. Чунки у НАТО саммитида иштирок этиш орқали МО давлатлари мойиллиги шакллантирилиши мумкин. Уларга маъқул бўлган ëки улар кутган таклифлар айтилиши мумкинки, кейинчалик бўладиган сиëсатга бу таъсир қилиши мумкин”,- дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Шунинг учун ҳам, сиёсатшунос фикрича, Ислом Каримов мана шундай бир мураккаб паллада Ғарб билан муносабат қилишга мажбур бўляпти.

“Чунки бу изоляциядан чиқишга қаратилган ҳаракат. Бошқа жиҳатдан, ҳақиқатан ҳам Афғонистондаги вазият танг. Қолаверса, Москва томондан босим давом этадики, НАТО билан бўладиган алоқалар фақат Афғонистон муаммосини ҳал этиш билан чегаралансин, деган талаб қўйилади. Бу ерда икки томонлама муносабатларда мувозанатни сақлаш жуда ҳам мураккаб бўлади. Чунки бугунги Москва НАТОга ўзига мухолифат сифатида қарайди ва НАТО билан МО давлатлари, жумладан, Ўзбекистон муносабатлари ривожланиб боришидан қўрқади”,- деди К.Раббимов.

Унинг билдиришича, Ўзбекистоннинг доимий равишда учта ориентири бор. Булар Ғарб, Россия ва мусулмон давлатлари.

“Умуман олганда, ҳаммаси билан имкон қадар яхши муносабатларда бўлиш керак. Лекин Россия бошқа масала. Кремлда консерваторлар бўлиши мумкин, шовинист миллатчилар бўлиши мумкин. Вақти келиб либераллар ҳам ҳокимиятга келиб қолиши мумкин. Шу нуқтаи назардан қараганда, Россия билан муносабатларни имкон қадар ижобий олиб бориш керак. Лекин Ўзбекистоннинг стратегик йўналиши демократик жамият қуриш бўлар экан, пировард йўл Ғарб билан яқинлашиш бўлиши керак”,- деди сиёсатшунос.

Ўзбекистон КХШТга 1992 йилда аъзо бўлган эди, 1999 йилда бу ташкилотдан чиққанди, Ғарб билан муносабатлар ёмонлашганидан кейин 2006 йилда яна шу ташкилотга қайтди. Айни пайтда бу ташкилотни Грузия билан Арманистон ҳам тарк этган.
XS
SM
MD
LG