Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:58

Бир ўлим акс-садоси


Конституциявий тузумга тажовуз қилиш айби билан 10 йилга қамалиб, 27 март куни қамоқхонада ўлган тошкентлик Абдураҳим Тошпўлатовнинг онаси Ҳуррият опа зору фиғонлари мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги ватандошлари қалбида акс-садолар уйғотди.

Ëдгор Обид: Албатта, бу оғир. Она фарëдини эшитиш унданда оғир. Бегуноҳ бир йигит қамоқда ўлиши каби воқеалар, афсуски, тез-тез бўлиб турибди. Онага Худодан сабр сўраймиз. Варақа тарқатган бўлганда ҳам, тарқатмаган бўлганда ҳам у бегуноҳ. Чунки варақа тарқатган бўлса ҳам уни айблашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ эди. Бу бутун дунëда қонуний нарса. Фақат Ўзбекистонда бунинг учун қамаш мумкин, ҳатто мана кўрганимиздек, ўлдириш мумкин. Шу йўлда не-не одамлар ўтиб кетди. Бутун Ўзбекистондаги аҳвол умумий фожеага айланиб кетяпти. Бу узоқ давом этмаса керак. Иншооллоҳ, халқимиз бунинг нақадар даҳшат эканини тушунган ҳолда бир қарорга келса керак, деб умид қиламиз. Бундай аҳволда узоқ яшаб бўлмайди. Бу жиноятчи ҳукуматни ҳамма қилаëтган тадбирлари ўзбек халқига қарши бўляпти.

Ўғли қамоқда жазо ўтаëтган Дилбар опа Ҳуррият опага Аллоҳдан сабр тилади:

“Опамга Аллоҳ сабр берсин. Мен бошқа гап айта олмайман. Уриб ўлдиришган. Ҳозир инсонлар ўз ажали билан ўлмаяпти, фақат уриб ўлдиришяпти. Бунақанинг нечтасини эшитяпмиз. Мен ҳам эртага болам билан нима бўлишини билмайман. Аллоҳ сабр берсин бизларга.

Озодлик: Одамлар ўз ҳаққини сўрагани яхшимасми барибир?

Дилбар опа: Одамлар ўз ҳаққини сўрагани билан ижобий натижа бўлмаяпти-ку. Қаëққа бошимизни урайлик, кимга дардимизни айтайлик? Ким қулоқ соляпти? Ҳеч ким қулоқ солаëтгани йўқ-ку! Аëллар адойи тамом бўлди-ку! Бу ëқда оналар, бу ëқда эрсиз қолган аëллар... Улар ҳам бола-чақасини эрсиз ўзи боқиб, қийналиб ўтирибди. Кимга айтайлик дардимизни? Айтинг, ким қулоқ солади? Қулоқ соладиган одамни айтинг, биз бориб дардимизни айтайлик. Адолат деган нарса йўқ-ку бизнинг мамлакатда.

Озодлик: Омбудсман Сайëра Рашидовага айтмадингизми?

Дилбар опа: У қулоқ солади, деб ўйлайсизми? Қулоқ соладиган бўлганда, шунча йилдан бери қулоқ солган бўларди. 8-9 йилдан бери болаларимиз жабр чекиб ўтирибди-ку.

Ҳозирда муҳожиратда яшаëтган ўзбекистонлик таниқли уламо Обид sори Назаров: Инна лиллаҳи ва илайҳи рожиун. Бу хабарни эшитиб жуда ҳам қайғуга тушдим. Ўша биродарни у қайси айб билан қамалган бўлса ҳам Аллоҳ раҳмат қилсин.

Озодлик: Сиздан олдинги ҳамсуҳбат бўлган мазлумаларнинг ҳаммаси сабр қилайлик, дейишяпти. Сабрнинг маъноси зулм қилаëтган одамга индамасликни англатадими? Шунга бир изоҳ берсангиз.

Обид қори Назаров: Тўғри, сабр қилиш керак. Сабр ҳамиша лозим. Тинчлик замонда ҳам, оғир кунларда ҳам, албатта, сабр қилиш керак. Лекин бу золимга қуллуқ қилиб, зулм қилса ҳам индамасдан ўтир, дегани эмас. Инсон золимга сен золимсан, деб айта олиш керак. Шуни айтадиган одам бўлиши керак.

Исмоил Дадажонов: Бу воқеа Ўзбекистонда биринчи ëки иккинчи маротаба бўлаëтгани йўқ. Бундай воқеалар Ўзбекистонда кўп бўляпти. Шахсан Ислом Каримовнинг ëлғиз ўзи бунга айбдор, дейиш ҳам мураккаб нарса. У билан бирга жиноят қилаëтганларни ҳам катта айбдор, деб ҳисоблайман.

1979 йилда туғилган Абдураҳим Тошпўлатов даставвал 2000 йилда 7 йилга кесилган эди. Маълум бўлишича, у ўтган йил август ойида озодликка чиқиши керак эди. Лекин қамоқдан чиқишига 4 кун қолганда унга яна 3 йил қўшиб берилган.
XS
SM
MD
LG