Линклар

Шиддатли жанглар давом этди


Басра шаҳрида Ироқ армияси қисмлари ва радикал шиа уламоси Муқтадо ас-Садрнинг Маҳдий армияси жангарилари ўртасида шиддатли жанглар давом этмоқда.

Жума куни АҚШ ва Буюк Британиянинг жанговар самолётлари Басра ва Садр шаҳарчасининг Бағдод туманидаги жангарилар эгаллаган позицияларни ҳаводан бомбардимон қилди. Отишмалар давомида ўлганлар сони элликка етган. Буюк Британиянинг Басрадаги ҳарбийлари матбуот вакили капитан Крис Форд вазият аниқ эмаслигини маълум қилди.

“Басрада ўта мураккаб вазият юзага келган. Шаҳарда бир неча йирик жангари гуруҳлар бор. Улар ҳам бир неча майда гуруҳларга бўлинган. Ҳозир вазият биз шаҳарни тарк этган пайтимиздагидан бошқача. Жангарилар масаласида вазият ўзгариб турибди. Энг қувонарлиси, уларга қарши Ироқ армияси курашяпти”, – деди Крис Форд.

Шунингдек, шанбага ўтар кечаси ҳам Карбало шаҳрида отишмалар юз берди. Оқибатда 12 киши нобуд бўлгани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, Носирия шаҳри ва унинг ташқарисида ҳам шиддатли отишмалар давом этмоқда. Кут шаҳри полициясининг маълум қилишича, сешанба кунидан бери давом этаётган отишмаларда элликдан ортиқ одам ҳалок бўлган.
XS
SM
MD
LG