Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:52

Парламент янги бош вазирга ишонч билдирди


Покистон парламенти аъзолари бош вазир этиб сайланган Юсуф Риза Ғилонийга якдиллик билан ишонч билдирди. У 25 март куни депутатлар томонидан бу лавозимга сайланган эди.

Покистонда икки мухолифат партияси вакилларидан тузилган янги коалиция ҳукуматининг дастлабки 100 куни давомида режалаштирган ишлари ҳақида гапирган бош вазир Юсуф Риза Ғилоний мамлакат дуч келган энг катта муаммо терроризм ва экстремизм эканини таъкидлади. У ўз ҳукуматининг устивор мақсади бу иллатга қарши курашиш эканини айтди.

“Асосий мақсадимиз мамлакатда тинчлик ўрнатиш ва терроризмга қарши курашдир. Терроризмга қарши уруш бу бизнинг уруш. Чунки терроризм оқибатида кўплаб бегуноҳ болаларимиз ва аскарларимиз нобуд бўлди. Афсуски, айрим кишилар ўз фикрини билдириш учун зўравонлик йўлини танлаган. Энди мамлакат демократия йўлидан боришга қарор қилди. Шу боис, мен зўравонлик йўлини танлаганларни сафимизга қўшилишга чақираман. Биз ўз қуролларини қўйиб, тинчлик йўлини танлаганлар билан музокара олиб боришга тайёрмиз, – дея баёнот берди бош вазир.

Ғилоний декабрь ойида суиқасд қурбони бўлган мухолифат етакчиси Беназир Бҳуттонинг Покистон халқ партияси аъзосидир. У Покистон халқ партияси ва мухолифатдаги “Покистон мусулмонлари лигаси – Навоз” партияси бирга тузган коалиция ҳукумати бош вазири сифатида 25 март куни қасамёд қилган эди.

Бу икки партия 18 февраль куни ўтказилган парламент сайловида президент Парвез Мушарраф тарафдори бўлган партияларни мағлубиятга учратган эди.
АҚШ давлат котиби ўринбосари Жон Негропонте ва давлат котибининг Жанубий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Ричард Баучер шу ҳафта Покистонга бориб, янги ҳукуматни терроризмга қарши курашда ҳамкорликни давом эттиришга чақирганди.

28 март куни Исломободда сўзлаган Р.Баучер АҚШнинг янги ҳукуматга ёрдам кўрсатиш истиқболлари ҳақида гапирди.

“Биз ҳаммамиз Покистон, Афғонистон, Европа, Америка ва дунёнинг бошқа жойларида ҳужум уюштиришни режалаштирган хавфли одамлар борлигини биламиз. Биз ҳаммамиз бу муаммони ҳал этишимиз керак. Биз Афғонистонда бу масалани Афғонистон ҳукумати билан бирга ҳал этяпмиз. Биз Покистон ҳукумати билан ҳамкор сифатида мамлакатларимиз хавфсизлигини таъминлашда бирга ишлашни хоҳлаймиз”,– деди Р.Баучер.

Вашингтон расмийлари президент Парвез Мушарраф ва бош вазир Юсуф Риза Ғилоний ўртасида келишмовчилик чиқса, ядро қуролига эга бўлган Покистонда беқарор вазият юзага келиши мумкинлигидан хавотирда.

Бироқ Жон Негропонте 27 март куни Карачи шаҳрида АҚШ терроризмга қарши кураш масаласида Покистон янги ҳукуматига ўз иродасини ўтказиш ниятидан йироқ эканини таъкидлади.

“Бизнинг ҳеч қандай яшириш мақсадимиз йўқ. Биз ҳозирги сиёсий воқеаларга аралашиш ниятидан йироқмиз ва бундай қилишни хоҳламаймиз”, – деди Жон Негропонте.

Шанба куни депутатлар олдида чиқиш қилган бош вазир Юсуф Риза Ғилоний янги ҳукумат ноябрь ойида мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилганидан кейин ишдан олинган судялар фаолиятини қайта тиклашини билдирди.
XS
SM
MD
LG