Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:28

Сиёсий маҳбуслар учун овоз йиғилмоқда


“Ўзбекистон виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси” барча ўзбекистонликларга мурожаат қилиб, сиёсий қарашлари учун қамоқда сақланаётган маҳбусларни озод қилиш учун имзо йиғишга даъват этди.

Тадбир ташкилотчилари фикрича, бу билан ўзбекистонликларнинг жамият ҳаётидаги сиёсий фаоллигини ошириш ва одамларни теварак атрофда бўлаётган ишларга эътиборини жалб қилиш мумкин.

“Ўзбекистон виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси ва Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф бўлган бошқа партиялар вакиллари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари имзо чеккан бу мурожаат айнан ўзбекистонлик оддий фуқароларга қаратилган.

Унда айтилишича, қамоқда сақланаётган виждон тутқунларининг озодликка чиқишида уларнинг маҳалладошлари ёрдами жуда керак. Агар бутун Ўзбекистон бўйлаб имзолар йиғилса, сиёсий маҳбуслар озод этилишига катта ҳисса қўшилган бўларди.

Жумладан, мурожаатда бундай дейилади:

Ҳурматли марғилонликлар! Ҳамшаҳрингиз Мўътабар Тожибоевани озод этишни истасангиз, ўз имзоларингизни аямангиз!

Азиз иштихонликлар! Сизлар Норбой Холжигитов, Саттор Ризаев, Ҳабибулла Оқпўлатовни яхши биласиз! Уларга озодлик тилаб, имзо йиғинг!

Сиз-чи попликлар, ёши улуғларга бориб қолган ҳамқишлоқларингиз Аҳмаджон Одиловни ёдингиздан кўтариб юбормадингизми?

Фарғона водийсида Исроилжон Холдоровни унутмаганлар борми?

Мамадали Маҳмудов, Мурод Жўраевларни наҳотки ватанимизда танийдиганлар топилмаса?

Шунингдек, мурожжатда яна ўнлаб одамларнинг номлари келтирилган.

“Ўзбекистон виждон тутуқунларини озод қилиш қўмитаси” раҳбари Баҳодир Намозов бу мурожаат оддий ўзбекистонликларнинг сиёсий фаоллигини оширишига умид билдиради.

“Кўпчилик ўша одамлар билан яқин қўшни туради, лекин ўша одамларга нима бўлганини билмайди. Билса ҳам бефарқ қарайди. Фаоллик йўқ. Одамлар фаол бўлиши керак-да. Қўшнисининг нима учун олиб кетилаëтгани билан қизиқиши керак. 15-20 йил бир-бири билан таниш бўлиб юради-да, олиб кетаëтган пайтда аҳамият бермайди. Одамларнинг бир-бирига бефарқ бўлмаслигини хоҳлаймиз”, - деди Б.Намозов.

Жиззахлик иносн ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроевнинг айтишича, Жиззахда ҳам бир қанча инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари қамоқда.Журналист Жамшид Каримов эса руҳий касалликлар шифохонасига мажбурий ётқизилган. Бахтиёр Ҳамроев бу мурожжатни қўллашини ва имзо йиғишга киришишини айтар экан, бу сиёсий маҳбуслар тўқима айблар билан қамалганини, улар ҳақиқат учун курашганларини таъкидлади.

“Масалан, Насим Исҳоқовни оладиган бўлсак, у бизнинг ташкилотимизнинг энг фаол аъзоларидан бири эди. Жиззах шаҳридаги жуда кўплаб оддий фуқароларга ўзининг юридик маслаҳатлари билан, ҳаттоки суд ишларида қатнашиб жуда катта ëрдам берган. Насим Исҳоқов банк тизимидаги жуда катта ноқонуний хатти-ҳаракатлар бўйича далилларни очди. Охир-оқибат Насим Исҳоқовни қамаб юборишди”,- дейди Б.Ҳамроев.

Хўш, бу имзо йиғишлар сиёсий эътиқоди учун қамалганларни озод қилишда қанчалик ёрдам беради? Бугунги Ўзбекистон шароитида бу ишни амалга ошириш мумкинми?

“Одамлар қўрқиб қолган, деб ўйлайдиган бўлсак, умуман ҳеч нарса қилмаслик керак. Эрталаб туриб, кечқурун ëтиб юравериш керак. Барибир одамларга ишониш керак. Халқ барибир халқ. Одамлар бунга бефарқ бўлмаслигига ишонаман”,- дейди мурожаат муаллифларидан бири Б.Намозов.

Норасмий манбалар бугун Ўзбекистон қамоқхоналарида сиёсий ва диний қарашлари учун қамалган 7 мингдан ортиқ маҳбус борлигини айтади. Лекин Ўзбекистон ҳукумати буни рад этади.
XS
SM
MD
LG