Линклар

Нодира Йўлдошева: “Ҳаракатсиз ҳеч нарса бўлмайди”

  • Абдулла Искандар

Менинг тақдиримни белгилашда китоблар муҳим ўрин тутади¸ дейди бугунги дастур қаҳрамони Нодира Йўлдошева.

Менинг тақдиримни белгилашда китоблар муҳим ўрин тутади¸ дейди бугунги дастур қаҳрамони Нодира Йўлдошева.

“Аввалги икки профессорим, АҚШдаги ҳамкасбим менга катта ёрдам берган”, дейди “Давр менинг тақдиримда” эшиттиришининг бу галги қаҳрамони, Буюк Британияда тадқиқот олиб бораëтган ўзбекистонлик олима Нодира Йўлдошева.

“Кейинги 16 йиллик давр сизнинг тақдирингизда қандай из қолдирди?

Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бирлашган Қироллик Фанлар жамияти келишуви асосида Буюк Британиянинг Лидс университетида генетика мавзусида илмий иш олиб бораëтган Нодира Йўлдошева учун бу савол кутилмаган бўлди.

“(кулиб) Бу 16 йил ичида менинг карьерамда жуда муҳим нарсалар бўлиб ўтган. Мен шу йиллар ичида диссертациямни ëқлаб, институтда катта иш олиб бориб, кейин Буюк Британияга келдим. Охирги 6 йил давомида Буюк Британиянинг шу даргоҳида ишлаб келяпман”.

Шу кунларда Н.Йўлдошева 46 ёшни қаршилади.

Озодлик: Ўзбек жамияти аëлларнинг униб-ўсиши, уларнинг ўз потенциал имкониятларини рўëбга чиқариши учун қулай заминми?

Нодира Йўлдошева: Бу жуда қийин савол. Чунки ўзимнинг ҳаëтимда...

Озодлик: Умуман ўзбек жамиятида рассом, ҳайкалтарош, олима аëллар чиқяпти. Умумий олганда аëлларга муносабат ëмон эмас-ку...

Нодира Йўлдошева: Биласизми, бу аëлга боғлиқ. Агар аëл ҳамма нарсага бардош бериб, қийинчиликларни енга олса, ўшандагина қила олади. Биз жамият бизга катта ëрдам берган, деб айта олмаймиз. Агар ўзингиз бардам бўлиб иш қилмасангиз, ҳеч ким ëрдам бермайди. Рассом, ҳайкалтарош аëллар талантли бўлади ва улар ҳам қийинчиликлардан ўтган.Уларнинг нон ва чой билан ўтган кунлари ҳам бўлган. Ҳамма келажакни ўйлайди. Агар мен бугун шу нарсани қилсам эртага яхши бўлади, деб ўйлайди. Ҳеч ким ишончсиз яшамайди. Ишонч билан яшаган аëллар оëққа туриб бир нарсага эришади. Оилам ҳам мени шу муносабат билан...

Озодлик: Эрингиз билан ажрашганмисиз?

Нодира Йўлдошева: Ҳа. Эрим менинг одамлар билан ишлаб диссертация қилишимни хоҳламаган эди. У бардош бера олмади. Мен унга агар ҳаëтимиз яхши бўлишини хоҳласанг ҳозир биз сал-пал қийинчиликда яшашимиз керак. Бу нарса келажакда бизга яхши бўлади, дедим. Аммо у хоҳламади. Менга: “Ана ҳамма одамлар бозорга чиқяпти. Сен нимага чиқмаяпсан”, деди.

Нодира Йўлдошева ë эрининг айтганини қилиши ëки илмий соҳани танлаши керак эди. Нодира оила кишанларини парчалаб ўзлигини намоëн қилиш қарорига келди.

Нодира Йўлдошева: Аммо роса қийин бўлган.

Озодлик: Лекин тиш докторлари ҳар доим яхши яшаган.

Нодира Йўлдошева: Биласизми. Аввало, мен оддий тиш доктори эмас эдим. Дадам қаттиққўл эди. Ҳеч қачон ишимни бир нарса олиб қилмаганман. Эрим менга: “Сен бепул докторсан. Ҳатто пул ҳам олмайсан. Ҳамма бой. Сен эса бой эмассан”, дерди. Мен ичимда бойман, десам ҳам тушунмас эди. Пул олган докторни одамлар ҳурмат қилмайди, деб қанча айтсам ҳам ҳеч қачон мени тушунмаган. Диссертацияни нима қиласан, бозорга бор, уйда ўтир ва шунга ўхшаган гапларни гапирган.

Озодлик: Кўпчилик аëлларнинг тақдири шуда энди.

Нодира Йўлдошева: Албатта. Шунинг учун ўзингни қўлга олиб, ўзингни мустаҳкам қилиб қилмасанг бўлмайди. Мен ҳаëтим жуда ëмон бўлган, деб айта олмайман. Агар ҳаëтим жуда ëмон бўлганда мен синиб кетардим. Тўғри, ëмон бўлган, лекин ота-онам, опа-сингилларим бор эди. Улар ëрдам берган. Улар: “Нодира, тур, қил. Сенинг синиб кетишинг оиламизга муносиб эмас”, дейишган. Бу одамнинг ўзига ва ëнида ким бўлишига боғлиқ. Шунинг учун биз ўзимиз хон, ўзимиз бек, деб айта олмаймиз. Биз ўзимиз туриб олганимиз йўқ. Менинг йўлимда бир нечта одам бўлган. Биринчи профессорим, иккинчи профессорим ва АҚШдаги ҳамкасабам учаласи менга жуда катта ëрдам берган. Улар менга: “Нодира, сен қила оласан, қил”, дейишган.

Нодира Йўлдошева илм йўлини танлаган пайт, яъни ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари анча оғир эди. Совет даврида олимлик рутбасига эришган не-не зако кишилар бозорда зиравор сотишар эди.

“Бошқа одамларга нисбатан балки менинг имкониятим бошқачароқ эди. Аммо одам ўзи ҳаракат қилмаса, ҳеч нарса бўлмайди. Биласизми, ҳамма ҳам бозорга чиқишни, сотувчилик қилишни эплай олмайди. Шунинг учун ҳам мен билганманки, мен доктор бўла туриб бозорга чиқа олмайман. Чунки мен стоматологман. Мен одамларни даволашга эътибор беришни хоҳлардим. Диссертациямни ëқлаб, одам бўлишни хоҳлардим. Мен учун бу қийин эди. Аммо мен Иммунология институтига ўтганимдан кейин шу даражага етдим. 1992 йилдан 1998 йилгача бўлган давр жуда қийин бўлган. Нафақат менга, балки ҳаммага қийин бўлган. Ўша пайтда кўп одамлар бу синовларга бардош бера олмаган. Биз уларни бу нарсада айблай олмаймиз. Чунки кўп одамларда 5-6 тадан фарзанд бўлган. Менда эса ота-онам, акаларим, опа-сингилларим бор эди. Уларнинг ëрдами туфайли менда ўз ишим ҳақида ўйлашга имконият бўлган”,- дейди Нодира Йўлдошева.

Озодлик: Сиз мактабда ўқиб юрган пайтингизда бир кун келиб Британияда олимлик жуббасини кияман, деб ўйлаганмидингиз?

Нодира Йўлдошева: Ҳа, ўйлаганман. Биз оилада 5 тамиз.

Озодлик: Лекин ўша пайтда бизнинг жамият ëпиқ эди. Ташқарига чиқиш қийин эди.

Нодира Йўлдошева: Ҳа, албатта. Аммо бизнинг совет мамлакати шунчалик катта эдики, масалан, мен Москвага бориб ўқисам ҳам бўларди.

Озодлик: Одам маълум бир маррага етганда ўзининг ўтган ҳаëтига ўгирилиб қарайди. Сизнинг 16 йил олдинги ҳаëтингиз қандай кечган?

Нодира Йўлдошева: Совет даврида Россияда ўқиган ўзбек қизи сифатида мен ҳеч қачон ўзимни камситтирмаганман. Мен Қозон тиббиëт институтини қизил диплом билан битирганман. Ҳеч ким, ҳеч қачон менга сен ўзбексан, сен ëмонсан, демаган. Мен Қозонга 1979 йилда бориб, 1984 йилда қайтиб келдим.

Нодира мустақиллик боис, юрт ошиб Буюк Британия дорилфунунларида ишлаëтганини тан оларкан, айни пайтда унга илм берган совет тузумидан ҳам миннатдор.

Нодира Йўлдошева: Мен совет даврини ҳеч қачон ëмон, деб айта олмайман. Мен рус мактабида ўқиганман. Кейин Россияда университетда ўқиганман. Мана, ҳозир Британиядаги институтда совет мактаби, совет университети, совет тиббиëти берган таълим асосида иш юритаман. Чунки бизнинг совет давридаги таълимимиз жуда яхши бўлган. Мен доктор бўлганим учун ҳурматим баланд эди.

Озодлик: Нимага сиз генетикани танладингиз? Совет даврида бунга унча эътибор берилмайдиган эди. Советлар назарида генлар эмас, тарбия муҳим эди.

Нодира Йўлдошева: Мен стоматологияда эдим ва диссертациям ҳам шу соҳада эди. Лаборатория иши генетикада эди. Бу ишни совет мамлакатида ҳеч ким олиб бормаган. Менинг номзодлик диссертациям биринчи бўлган. Шунинг учун Москвага борганимда: “Бу жуда яхши диссертация. Сиз уни ëқласангиз яхши бўлади”, дейишган. Лекин мен ëқлаган пайтимда биз мустақил эдик. Шунинг учун бу диссертациямни Ўзбекистонда ëқлаганман.

Озодлик: Ўзбек халқида тезак тезакни ëнига тушади, қазисан, қартасан, ўз наслингга тортасан, каби мақоллар бор. Тарбия борасида генларнинг ўрни қанақа?

Нодира Йўлдошева: Профессионал бўлиш жуда муҳим. Мен одам пахтакор ëки фермер бўлса, бу ëмон, деб айта олмайман. Ҳамманинг ўз жойида ҳурмати бўлса, шунисига барака. Шунинг учун генларда кимни ким бўлиши ëзилган, деб айта олмайман.

Озодлик: Балки пешонамизда ëзилгандир?

Нодира Йўлдошева: Ëзилгандир, аммо ҳамма ишлаши керак. Пешонага ëзилганини ривожлантириш керак. Агар одамнинг ичида ëниб турган олови бўлса, у қишлоқлик бўлишига қарамай, истаганига эришади. Менинг дадам қишлоқдан чиққан бола бўлиб шунча нарсага эришди. Шунинг учун бу одамларнинг ўзига боғлиқ. Балки генда ҳам ëзилгандир. Мен бир нарса дея олмайман. Лекин биламизки, одамнинг хусусияти, тарбияси, хулқи генларга муносиб.

Нодира Кавказ, Эрон ва марказий осиёликларнинг ирсий келиб чиқиши ва уларнинг ирсиятидаги турфа хиллик борасида олиб борилган тадқиқот муаллифларидан бири.

Озодлик: Бугун сиз Оксфорддаги Лидс университетида тадқиқот олиб боряпсиз. Орзуингиз амалга ошди. Сиз бахтлимисиз?

Нодира Йўлдошева: Бир хил вақтларда шу саволни ўз-ўзимга бераман. Ўйлайманки, бахтлиман. Аммо ўзимизнинг Ўзбекистонда бўлганда мен кўпроқ бахтли бўлардим. Мен яқинларимни ëнида бўлиб, Ўзбекистонга кўпроқ фойдам тегишини хоҳлардим.

Озодлик: Бир ўзбек олимасининг, бир ўзбек аëлининг ҳаëти қандай кечяпти?

Нодира Йўлдошева: Секин-секин. (кулиб) Ўзбек аëли ҳамма ерда ўзбек аëли бўлиб қолади. Бир қизим бор. Мактабда ўқийди. Бу йил университетга киради. Шунинг бахтини, келажагини ўйлаб яшаб келяпман.

Озодлик: Сиз бошдан кечирган 16 йиллик ҳаëтни ўз қизингизга ҳам раво кўрасизми?

Нодира Йўлдошева: Биласизми, ҳеч ким ҳеч қачон бир нарсани бошқа одамга раво кўра олмайди. Менинг қизим жуда бошқача одам. Қизим Нодира эмас, Нигора. Ўйлайманки, унинг ҳаëти ҳам меникидай бўлса, у ҳам ўрганади. Аммо ҳаëти қанақа бўлишидан қатъи назар, у менинг қизим. У ҳам бир нарсага эришади. Чунки қонида, генида бор. Ўйлайманки, унинг ҳаëти бошқача бўлади.

Озодлик: Ўзингизни Ўзбекистондаги ўзбек халқининг бир парчаси, деб биласизми?

Нодира Йўлдошева: Албатта. Мен ҳеч қачон бошқа одамман, дея олмайман. Ким сўраса ҳам катта ғурур билан мен ўзбекман, дейман.

Озодлик: Кун келиб Нобел мукофоти олишни орзу қиласизми?

Нодира Йўлдошева: Албатта. Бу ҳаëт. Биз болаларимиз учун ишлаймиз.
XS
SM
MD
LG