Линклар

logo-print

Сиздан угина, биздан бугина...ми?

  • Фаррух Юсуфий

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:o5OD3-A9C27KHM:http://www.nepalhiking.com/images/tibet_map.gif Ўзбекистон ҳукумати Тибет воқеаларига муносабат билдириб, Хитой ҳукуматини тўла қўллаб-қувватлашини баён қилди. Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида Ўзбекистоннинг Хитойнинг яхлитлиги борасидаги қатъий позицияси ва Пекин режимининг Тибетда тартиб ўрнатиш бўйича кўраётган чораларини қўллаб-қувватлаши изҳор қилинади.

Ташқи ишлар вазирлигининг Тибетдаги қонли воқеаларга оид эълон қилган расмий мавқеини Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси мулозими ўқиб эшиттирди.

“Ўзбекистон “яхлит Хитой”га оид ўзининг қатъий позициясини тасдиқлайди. Тибет мухтор туманини Хитой Халқ Республикасининг ажралмас қисми, деб ҳисоблайди ва бу минтақада тартиб ўрнатиш ва барқарорликни таъминлашга оид кўрилаётган чораларни қўллаб-қувватлайди. Кўрилаётган чоралар Хитойнинг ички ишидир”,- деди Ўзбекистон элчихонасининг ўз номини айтишни истамаган мулозими.

Ўзбекистон ҳукуматининг бу баёноти халқаро ҳамжамиятнинг Тибетдаги қонли воқеаларга нисбатан тутган позициясига мутлақ қарама-қарши бўлди.

Март ўрталарида Тибетда норозилик намойишларининг Хитой ҳукумати томонидан қонли бостирилиши оқибатида ўнлаб қурбонларга сабаб бўлгани халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланди. Ҳатто баъзи ҳукуматлар жорий йил ёзида Пекинда бўладиган Ёзги Олимпия ўйинларини бойкот қилиши мумкинлигини айтиб, Хитой ҳукуматини анча хуноб қилди.

Бу вазиятда эса, кузатувчилар фикрича, Ўзбекистоннинг Хитойни ёқлаб чиқишини тушуниш мумкин.

“Россия ва Тошкентнинг мана шундай муомалада бўлишини олдиндан кутиш мумкин. Бундан кейин ҳам Хитойнинг ичкарисида бирор муаммо бўладиган бўлса, Тошкент худди шу зайлда жавоб беради. Тошкент режими Андижон хунрезлигидан кейин ўзини қўллаб-қувватлаган саноқли давлатлардан бири сифатида Хитойга мулозамат қилиши табиий ҳолдир. Чунки у энг мураккаб даврда Хитойдан ëрдам олди. Биз биламизки, Андижон воқеаларидан кейин БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоси бўлган икки давлат Ўзбекистонни расман қўллаб-қувватлади. Бу Хитой ва Россия. Шу нуқтаи-назардан, бу ерда иккита сиëсий ҳокимият томонидан бир-бирига қўллаб-қувватлашлар амалга ошириляптики, бу иқтисод ва давлатчилик нуқтаи назаридан иккита давлат манфаатларига тўғри келади”,- дейди ўзбекистонлик сиëсатшунос Камолиддин Раббимов.

Ҳақиқатан ҳам расмий Тошкентнинг Тибет воқеаларига оид баёноти Пекин ҳукуматининг Андижон воқеаларига нисбатан позициясига ҳамоҳанг бўлди.

“Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ҳақида гапирсак, бизнингча, бу уларнинг ички ишидир, лекин биз Ўзбекистон ҳукуматининг айирмачи, террорчи ва экстремистларга қарши кескин чораларини қатъий қўллаб-қувватлаймиз”,- деган эди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Конг Қуан 2005 йилнинг май ойида.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей ҳам қарға қарғанинг кўзини чўқимайди, деганларидек, авторитар режимларнинг “қийин кунларда” бир-бирига таянч бўлишида ғайриоддийлик кўрмаслигини айтди.

“Хитой Ўзбекистонни қўллаб-қувватлагани табиий бўлгани каби Ўзбекистондек режим Пекин режимининг зулм сиёсатини ёқлаб чиқиши одатдан ташқари воқеа бўлгани йўқ. Халқаро майдонда инсон ҳуқуқларини писанд қилмаслиги билан танилган бу диктаторлик режимлари бир-бирини танқид қилганида ҳайрон бўлган бўлардим”,- дейди Крейг Мюррей.

Халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқлари ва демократия аҳволига оид рейтингларида Хитой ва Ўзбекистоннинг одатда бир-бирига яқин жойлашиши ҳам бу икки режимнинг ўзаро таянчи улар учун ҳаёт-мамот масаласини англатишини таъкидлади собиқ элчи.
XS
SM
MD
LG