Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:00

Ўзбекистонга сув керак эмасми?


Қирғизистон Тўқтўғул сув омборида сув камайиб кетгани сабабли бу йил Ўзбекистонга эҳтиёжнинг ярми миқдорида сув берилиши борасида огоҳлантирганига қарамай, расмий Тошкент Бишкек билан бу муаммони биргаликда ҳал этишга мойиллик билдирмаётир.

Қирғизистон саноат ва энергетика вазирлиги маълумотига кўра, Тўқтўғул сув омборидаги вазият ҳамон ёмонлигича қолмоқда. Сув миқдори кундан кунга озайиб бораётир. Бунинг оқибатида Қирғизистонда ҳам бир қатор чекловлар жорий этилган.

“Тўқтўғул сув омборидаги сув миқдорини сақлаб қолиш учун жорий этилган қатъий чора оқибатида мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳамда истеъмол қилишга чеклов жорий этилди. Бунинг оқибатида Тўқтўғул сув омборидаги сув миқдорини кризис нуқтасидан баландроқ миқдорда сақлаб турилишига эришилмоқда”,- деди саноат ва энергетика вазирлиги расмийси Зуҳра Мўминова.

Унинг билдиришича, баҳорги дала ишлари бошланганига қарамай, Ўзбекистон ва Қозоғистонга бериладиган сув миқдори шу кунгача аниқланмаган.

“Бу борада тўрт давлат вакиллари иштирокида музокаралар ўтказиш режалаштирилган эди. Бироқ менга номаълум сабабаларга кўра, бу учрашув апрель ойининг охирларига қолдирилган. Мана шу учрашувда имзоланган ҳужжатда Ўзбекистонга бу йил эҳтиёжнинг маълум фоизи миқдорида сув берилиши белгиланиши лозим эди”,- деди Зуҳра Мўминова.

Қирғизистон саноат ва энергетика вазири Сапар Балқибеков бу учрашувлар ўтказилмай қолишини Ўзбекистон томонининг сув муаммоларини ҳамкорликда ҳал этишга хоҳиши йўқлиги билан изоҳлади.

“Афсуски, Ўзбекистон белгиланган учрашувга ўз вакилларини жўнатмади. Бу нима билан боғлиқ экани менга қоронғу. Шу сабабли ҳам биз сув масаласини ҳал этишни номаълум муддатга қолдиришга мажбур бўлдик. Сув муаммоси ҳал этилиши, аввало, Ўзбекистоннинг муносабатига боғлиқ”,- деди Сапар Балқибеков

Қирғиз расмийларининг айтишича, Ўзбекистон томони Бишкек томонидан уюштирилаётган сув захираларидан фойдаланиш борасидаги анжуманларда иштирок этишдан бош тортаётир. Марказий Осиёдаги камсувлик жараёни уч йилдан беш йилгача давом этиши мумкин. Бу ҳақда қўшни Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўз вақтида огоҳлантирилган. Лекин ҳар иккала давлат вакиллари ҳам бунга эътибор қаратмаган. Фақат камсувлик жараёни бошлангачгина Қозоғистон томони ҳамкорликка тайёр эканини билдирган. Бироқ расмий Тошкент шу кунгача ҳам ўз позициясини эълон қилгани йўқ.

Сапар Балқибеков агар жорий йилда жиддий, комплексли, ҳудудий мувофиқлаштирилган чоралар кўрилмаса, 2009 йилда сув миқдори “ўлик нуқта”га яқинлашиши, бу эса Ўзбекистон ва Қозоғистон далалари сувсиз қолади, дегани эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG