Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:29

АҚШ Европадан Афғонистонга темир йўл қурадими?


“Press-uz.info” сайтининг “Независимая газета”га таяниб ёзишича, НАТОнинг 2 апрель куни Руминия пойтахти Бухарестда ўтадиган саммитида “Line Communications”, деб аталган темир йўл лойиҳаси Марказий Осиё президентларига тақдим этилади.

Шарқий Европани Афғонистон билан боғлаши назарда тутилган мазкур лойиҳа ташаббусчиси ва ҳомийси АҚШ экани айтилмоқда.

Маълум бўлишича, бу темир йўл Шарқий Европани Украина, Беларус, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон билан боғлайди.

“Бу лойиҳани амалга ошириш орқали АҚШ Марказий Осиёдаги ўз мавқеини мустаҳкамлайди”,- дейилади мақолада.

Афғонистонда толиблар жангариларига қарши кураш олиб бораётган НАТО етакчилигидаги халқаро кучларга зарур бўлган таъминот ҳозир, асосан, ҳаво йўли орқали Ўзбекистоннинг Термиз ва бошқа йўналишлар билан етказиб берилмоқда. Ҳаво транспорти қиммат бўлгани учун НАТО темир йўл орқали таъминотни йўлга қўйишни режалаштирган.

Икки ҳафта олдин Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида НАТО бош котибининг Кавказ ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Роберт Симмонс “Озодлик” мухбирининг темир йўл лойиҳаси ҳақидаги саволига: “Ҳозирда темир йўл масаласига жиддий эътибор қаратилган. Бу ҳамкорлигимиз чекланган, деган гап эмас. Биз Марказий Осиё республикалари билан қатор соҳаларда ҳамкорлик қиляпмиз. Биз ушбу соҳаларнинг ҳаммасини олдинга тортишга ҳаракат қиламиз”, – деган эди ва янги лойиҳа ҳақида ҳеч нарса айтмаганди.

Мутахассислар НАТО етакчилигида Афғонистонга жойлаштирилган халқаро кучларга зарурий ҳарбий ускуна ва қурилмаларни етказиб бериш учун янги темир йўл қуришдан кўра, мавжуд йўллардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидламоқда.

“Агар янги темир йўл қурилса, у зарурий таъминот учун фойдали бўлиши, шубҳасиз. Аммо ҳозир мавжуд темир йўллардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки янгисини қуриш жуда кўп вақт талаб қилади ”, – дейди мудофаа масалалари билан шуғулланувчи Лондондаги “Jane’s Defense” тадқиқот маркази вакили Денис Ҳани.

Стокгольм шаҳридаги Упсала университети ҳузуридаги “Ипак йўли” дастурининг тадқиқотлар бўйича директори Сванте Корнел НАТО саммитида Марказий Осиё раҳбарларига тақдим этиладиган темир йўл лойиҳаси ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди ва АҚШ узоқ вақтдан бери Европа ва Осиё минтақалари ўртасидаги савдо-сотиқни кенгайтиришни назарда тутган ҳар қандай лойиҳани қўллаб келганини билдирди.

“Мен буни янги темир йўл лойиҳаси, деб ўйламайман. Чунки янги йўл қуриш учун миллионлаб доллар сарфлаш керак бўлади. Афтидан, гап мавжуд темир йўлни таъмирлаш ва бир-бири билан қайта боғлаш тўғрисида кетаётган бўлиши мумкин”, – деди швециялик таҳлилчи.

Россиялик ҳарбий масалалар бўйича мустақил таҳлилчи Павел Фелгенгауэр фикрича, Россия ва НАТО расмийлари Россия темир йўллари орқали Афғонистондаги халқаро кучларга таъминот етказиб бериш хусусида бир неча ойдан бери музокара олиб бормоқда. Бу борада НАТО саммитида келишув имзоланиши ҳам мумкин.

Аммо П.Фелгенгауэр Европани Россия ва Марказий Осиё давлатлари орқали Афғонистон билан боғлайдиган янги темир йўл қурилиши эҳтимолдан анча йироқ, деган фикрда.

“Россияни Марказий Осиё билан боғлайдиган темир йўл мавжуд”, – дейди россиялик таҳлилчи.
XS
SM
MD
LG