Линклар

logo-print

Жорж Буш Украинанинг НАТОга қўшилиши тарафдори

  • Ҳасанжон

Украина раҳбарлари билан музокара ўтказиш учун 31 март куни Киевга келган АҚШ президенти Жорж Буш катта ҳурмат билан кутиб олинди. Украина Жорж Бушнинг Европа бўйлаб сафаридаги илк давлат бўлди.

2– 4 апрель кунлари Руминия пойтахти Бухарестда ўтадиган НАТО саммитида қатнашиш учун Европага сафар қилаётган АҚШ раҳбарининг Украина ва Руминиядан ташқари Хорватия, сўнгра президент лавозимини тарк этаётган Владимир Путин билан музокара ўтказиш учун Россияга бориши режаланган.
Украина президенти Виктор Юшенко билан музокарадан кейин Жорж Буш АҚШ Украинанинг НАТОга қўшилиш йўлидаги уринишини қўллаб-қувватлашини билдирди.

“Биз Украина ва Грузиянинг альянснинг “ҳаракат дастури”га қўшилишини қўллаб-қувватлаймиз. Украинанинг НАТОга аъзо бўлишида унга ёрдам беришдан альянснинг ҳар бир аъзоси манфаатдор. Шунингдек, бу шу минтақа, қолаверса, дунёдаги хавфсизлик ва эркинлик вазиятининг мустаҳкамланишига ҳисса қўшади”, – деди АҚШ раҳбари.

Украинада амалга оширилган демократик ва ҳарбий ислоҳотларни олқишлаган Жорж Буш Украина НАТОга аъзо бўлмаган, аммо ҳарбий иттифоқнинг барча миссиясини қўллаб-қувватлаган ягона давлат эканини таъкидлади. Украина Афғонистон, Косово ва Ироққа ўз қўшинларини жўнатган.

Бухарест саммитида Украина НАТОга қўшилишнинг дастлабки босқичи ўлароқ, Грузия билан бирга НАТОнинг “аъзолик ҳаракат дастури”га аъзо бўлиш ҳақида таклиф олишга умид қилмоқда. Бироқ Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши учун бир неча тўсиқ бор. Аввало, Украина фуқароларининг аксари мамлакатнинг ушбу ҳарбий иттифоққа қўшилишига қарши. Сўров натижалари Украина аҳолисининг атиги 30 фоизи бу ташаббусни қўллаб-қувватлашини кўрсатган.

1 апрель куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Украина президенти Виктор Юшченко Киевда ўтказилган норозилик намойиши ҳақида гапириб: “Мен Украинанинг НАТОга қўшилиш йўлидаги уринишини жамиятнинг ҳамма кучлари қўллаб-қувватламаслигини табиий ҳол, деб биламан. Бугун бир неча юз киши қизил байроқлар остида НАТОга қарши намойиш ўтказди”, – деди.

Айни пайтда Россия ҳам Украинанинг НАТОга аъзо бўлишига қарши чиқмоқда. Россияга янги президент этиб сайланган Дмитрий Медведев Украина ва Грузияни иттифоққа таклиф қилиш орқали НАТО “қизил чизиқни кесиб ўтиши”ни айтган эди. Германия ва Франция Украина ва Грузияни НАТОнинг “аъзолик ҳаракати дастури”га таклиф этилганини танқид қилган. 1 апрель куни Франция бош вазири Франко Филлон ўз мамлакати Украина ва Грузиянинг НАТОга аъзо бўлишини қўллаб-қувватламаслигини айтди. Унинг фикрича, бу икки давлатнинг НАТОга қўшилиши Европа, хусусан, Европа ва Россия ўртасидаги ҳарбий мувозанатга путур етказиши мумкин.
XS
SM
MD
LG