Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:12

Ўзбекистон туркийларни бирлаштириш ташаббусидан ўзини четга тортяпти


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг туркий давлатлар парламентлари ассамблеясини тузиш ташаббуси Остона шаҳрида Туркия, Озарбойжон, Қирғизистон ва Қозоғистон парламентлари вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Туркманистон парламенти вакиллари бу анжуманда иштирок этмади. Лекин сиёсатшунослар бу ташаббуснинг умри қисқалиги, бундай ҳамкорлик ҳақидаги гаплар илгари ҳам бўлгани, бироқ уларнинг бирортаси ҳам амалга ошмай қолганини гапирмоқда.

Сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг “Озодлик”ка айтишича, Н.Назарбоевнинг бу таклифи янгилик эмас. 1992 йилда Туркиянинг ўша пайтдаги президенти Турғут Ўзал ташаббуси билан туркий халқлар уюшмаси тузилган эди ва бу кенгаш шу пайтгача фаолият юритиб келмоқда.

“Агар парламентлар ассамблеяси ана шу ташкилот таркибида тузилса, яхши бўларди. Чунки туркий халқлар раҳбарларининг учрашувлари мана шундай жиддий натижа берди, деган тасаввурни уйғотган бўларди. Яъни фақатгина учрашувлар қилиб, туркий халқлар бир-бирига қанчалик яқин, деб намойиш қилиш эмас, сиëсий даражада ҳам бир ютуққа эришилди, мана шу халқлар парламент ассамблеяси тузилди, деган бир натижа кўрсатилган бўларди”,- дейди Фарҳод Толипов.

Унинг сўзларига кўра, Н.Назарбоев илгари ҳам интеграция масаласида бир қанча ташаббуслар билан чиққан, лекин бирортаси ҳам амалга ошмаган.

“Қанақадир олдинга юриш, орқага қайтиш каби ғалати бир сиëсат кузатилган. Шунинг учун ҳам янги ташаббусларга эҳтиëткорона ëндашиш керакмикин, деган фикр ҳам туғилади. Билмадим, Ўзбекистон ва Туркманистон вакиллари қатнашмаганига шундай фикрлар асос бўлдими ëки бошқа сабаблар борми. Лекин ўйлашимча, Н.Назарбоевнинг ташаббуси ҳозирча аниқ бўлгани йўқ. Бошқа ташаббуслар қаторида янги бир ташаббус бўлди, деб кўришимиз мумкин”,- деди Ф.Толипов.

Мухолифатдаги “Эрк” партияси аъзоси Пирмуҳаммад Холмат ҳам Н.Назарбоевнинг бундай ташаббуслари бугунги шароитда амалга ошишига шубҳа билан қарайди.

“Агар Н.Назарбоев бу фикрда самимий бўлганда эди, ўнлаб ўзбек муҳожирларини ушлаб, Ўзбекистонга бермаган бўларди. Агар Н.Назарбоев самимий бўлганда эди, Хитойдан қочиб келаëтган уйғурларни Хитойга қайтариб бермаган бўлар эди. Учинчидан, Қозоғистонда ҳали ҳам кирилл алифбоси ишлатиляпти. Нега лотин алифбосига ўтилмаяпти? Қолаверса, лотин алифбосига ўтган Ўзбекистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлар нега Туркиядаги ҳарфларни ишлатмаяпти? Мақсад туркий тилли давлатлар яқинлашуви эмас, ички ва ташқи сиëсатда кўзбўямачилик, деб биламан”,- деди мухолифатчи.

Унинг таъкидлашича, туркий халқларининг яқинлашуви учун ягона тўсиқ собиқ коммунист раҳбарларнинг ҳозирги диктаторлигидир.

“Буларнинг қибласи ҳали ҳам Кремль, ҳали ҳам Москва. Ўзбекистонда ҳам, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, ҳатто Озарбойжонда ҳам шундай. Кейинги пайтларда шу даражага етиб бордики, айниқса, Ўзбекистон туркий тилли давлатлар йиғилишларидан четга чиқиб қоладиган бўлди. Туркий давлатларнинг бирлашувини Россия ҳам, Ғарб ҳам истамайди, чунки уларнинг бу ерда ўз манфаатлари бор. Россия ўзининг орқа боғчаси бўлган Ўрта Осиë ва Кавказни бериб қўйишни истамайди. Ғарб ҳам агар туркий тилли давлатлар бирлашиб, Европа Иттифоқига ўхшаб кучини бир жойга тўплаб оладиган бўлса, бу ердаги энергетика манбаларини ўзлари сотиб бошлайди, деган хавф нутаи назаридан истамайди”,- деди П.Холмат.

Остонада ўтказилган йиғилишга, қолаверса, шу русумдаги бошқа тадбирларда Ўзбекистон вакиллари нега иштирок этмаётгани тўғрисидаги саволларга ўзбек парламентида жавоб берадиган одам топилмади.
XS
SM
MD
LG