Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:27

ЕИ учлиги Ўзбекистон вакиллари билан Ашхободда учрашади


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:rIQ7PqBpxT_z7M:http://www.deleri.ec.europa.eu/eu_Img.jpg 9-10 апрель кунлари Европа Иттифоқи учлигига кирувчи ЕИнинг амалдаги раиси Словения ташқи ишлар вазири, ЕИ ташқи алоқалар олий комиссари ва ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили МО давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан Ашхободда учрашади.

Маълум бўлишича, бу ЕИ учлиги ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги йиллик учрашувнинг навбатдагиси бўлади. Европа делегацияси етакчиларидан бири, ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел учрашувга тайёргарлик ишлари билан ўта банд бўлганига қарамай, “Озодлик”ка бу ҳақда қисқача гапириб беришга рози бўлди.

Пьер Морел: Бу ЕИнинг Марказий Осиё бўйича стратегиясига оид йиллик учрашувдир. Яъни стратегия Европа кенгаши томонидан маъқулланганидан бери амалга оширилган дастлабки қадамларга баҳо берамиз. Бундан ташқари, ЕИ ва МО давлатларининг минтақага оид ташаббуслари биринчи тақдимоти ҳам Ашхободда ўтказилади. Албатта, минтақа хавфсизлиги, барқарорлиги, Афғонистон ва Эрон масалаларига оид асосий масалалар бўйича сиёсий муҳокамалар ҳам ушбу учрашувнинг кун тартибидан ўрин олган.

“Озодлик”: Ашхободда Марказий Осиё давлатларига янги лойиҳалар, хусусан, янги молиявий ёрдам таклиф қилинадими?

Пьер Морел: Таклиф қилинадиган молиявий ёрдам ўтган йили эълон қилинган молиявий ёрдамнинг бир қисми бўлади. Шунинг учун Ашхободда ўтган йили эълон қилинган молиявий ёрдам дастури доирасида амалга оширилган ва келажакда амалга ошириладиган лойиҳалар ҳақида гап боради.

“Озодлик”: Ашхободда Ўзбекистон делегацияси билан юзма-юз учрашув ҳам бўладими?

Пьер Морел: Албатта, ҳар бир ташқи ишлар вазири билан икки томонлама учрашувлар ҳам бўлиб ўтади.

“Озодлик”: Ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан учрашувда сиз айтган асосий масалалар қаторида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари, ЕИнинг расмий Тошкентга нисбатан кучда қолаётган санкцияларига оид масалалар ҳам муҳокама қилинадими?

Пьер Морел: Биласизми, ҳозир бу тафсилотларга тўхталишни истамайман, айтиб ўтганимдек, ҳозир Ашхобод йиғини билан боғлиқ тайёргарлик ишлари ва бошқа халқаро йиғинлар билан ўта бандман. Икки томонлама учрашувлар, хусусан, Ўзбекистон томони билан муҳокамалар кун тартибини учрашувга яқинроқ билиб оласиз. Ҳар бир вазир билан алоҳида учрашув бўлади, бу ҳақда кўпроқ билишни истасангиз, сиз ҳам у ерга боришингиз ва матбуот анжуманларида қатнашиб, барча тафсилотларни билиб олишингиз мумкин.

Хуллас, ЕИ расмийси Ўзбекистон делегацияси билан муҳокама қилинадиган масалалар, жумладан, санкциялар масаласига тўхталишни истамади.

Айни пайтда Брюссель идораларидаги манбаларга кўра, ЕИ кенгашининг апрель ойи охирида ўтказиладиган йиғинида Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонга қарши жорий этилган санкциялар бекор қилиниши мумкин.
XS
SM
MD
LG